Корхонамизда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича юрист ишлайди. У ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаш ва иш ҳақининг бутун суммасини ҳаётни суғурта қилиш бўйича суғурта бадалларини тўлаш ҳисобига ўтказиш ҳақида ариза берди.
Ходимнинг ойлик иш ҳақи – 781 440 сўм (6 х 130 240). Ушбу суммадан 7,5% суғурта бадаллари ва 1% касаба уюшмасига ушлаб қолинади.
Қолган сумма – 715 017,6 сўм (781 440 – 58 608 – 7 814,4) тўлалигича ҳаётни суғурталашга ўтказилади. Яъни Солиқ кодексининг 179-моддаси 28-бандига асосан ушбу суммадан ЖШДС (179 731,2 сўм) ушланмайди.
1. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган ходимнинг ҳаётини суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотларини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи суммасига ЖШДС бўйича имтиёзнинг қўлланиши тўғрими?
2. Корхона ЖШДСни тўғри ҳисоблаган ва ушлаганми?
К.Жўраев,
фирма бухгалтери.
1 |
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган жисмоний шахснинг ҳаётини суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотлари тўлови учун йўналтириладиган иш ҳақи суммасига ЖШДС бўйича имтиёз тўғри қўлланган. Имтиёз Солиқ кодексининг 179-моддаси 28-бандида кўрсатилган. У нафақат меҳнат шартномалари бўйича олинган даромадларга, балки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар (ФҲШ) бўйича тўловларга ҳам татбиқ этилади. Жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойида олган ушбу даромадлари меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради (Солиқ кодексининг 172-моддаси 2-қисми).
ФҲШ бўйича ишловчи жисмоний шахснинг даромадларидан ЖШДС Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди 4-хатбошиси ва 180-моддасида назарда тутилган имтиёзларни қўлламасдан ҳисобланади (Солиқ кодексининг 186-моддаси). Бироқ имтиёз Солиқ кодексининг 179-моддаси 28-банди билан берилганлиги сабабли унинг қўлланиши тўғри бўлади.
Имтиёз тўғри қўлланганини суғурта компанияси билан тузилган ходимнинг ҳаётини узоқ муддатли суғурта қилиш шартномаси билан тасдиқлаш зарур. Суғурта компаниясида ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш бўйича Ўзбекистонда суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензия бўлиши шарт.
Корхона йил якунлари бўйича асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ органига маълумотнома тақдим этиши шарт, сабаби мазкур жисмоний шахсдан энг юқори ставкада ЖШДС ушланмаган (Солиқ кодексининг 187-моддаси).
2 |
Сизнинг ҳолатда жисмоний шахснинг иш ҳақидан 7,5% суғурта бадаллари 58 608 сўм (781 440 х 7,5%), касаба уюшмасига бадаллар (1%) – 7 814,4 сўм (781 440 х 1%) миқдорида ушланган. Қолган 715 017,6 сўм (781 440 – 58 608 – 7 814,4) ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта компаниясига ўтказилади.
ЖШДС бўйича имтиёз иш ҳақининг суғурта мукофоти тўлашга йўналтирилган қисмига нисбатан қўлланади. ЖШДС солинадиган даромад: 781 440 – 715 017,6 = 66 422,4 сўмни ташкил этади.
Шкала бўйича солиқ солиниши сабабли 66 422,6 сўмлик даромад суммасига 0%лик ставкада солиқ солинади. Демак, ЖШДС нолга тенг.
Шу тариқа, ҳисоб-китобингизни тўғри деб ҳисоблаш мумкин.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.