Корхона (ХХТУТ бўйича коди – 17122) гилам буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун махсус ўрам (қоғозли бобина)га ўралган ип маҳсулотларини (ип ва калава ип) импорт қилади. Божхона декларанти томонидан ушбу ип маҳсулотларининг ўрами (бобина)га ҳам худди ип каби алоҳида божхона тўловлари ҳисобланмоқда. Ваҳоланки, ипдан бўшалгандан кейин бобина қоғоз чиқиндисига айланиб, қайта ишлатиш учун яроқсиз бўлади. Айтинг-чи, декларантнинг бу ҳаракати тўғрими?
А.Эргашев.
– Йўқ, нотўғри. Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасини (2012 йилги версия) талқин этиш асосий қоидалари 5-бандининг «б» кичик бандига кўра, ичидаги товарлари билан бирга етказиб бериладиган ўраб-жойлаш материаллари ва идишлар, агар улар одатда айнан шундай товарларни ўраб-жойлаш учун ишлатиладиган турда бўлса, биргаликда таснифланиши керак. Бироқ, агар бундай материал ва идишлар қайта ишлатишга яроқли бўлса, мазкур қоида мажбурий ҳисобланмайди.
Айтишингизча, корхонангиз импорт қилаётган ип маҳсулотлари махсус ўрам (қоғозли бобина)га ўралган; ипдан бўшатилгач, бобина қоғоз чиқиндисига айланади ва қайта ишлатиш учун яроқли бўлмай қолади. Шуни ҳисобга олиб, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ип маҳсулотлари билан бирга етказиб берилган бобинани ҳамда унга ўралган ип маҳсулотини алоҳида эмас, балки биргаликда таснифлаши шарт.
Демак, бобинага алоҳида божхона тўловлари ҳисобланиши нотўғри.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Online» етакчи эксперти.