Солиқ кодекси 40-моддасининг амал қилиши Ўзбекистон Республикасида солиқ солинадиган субъектларнинг қайси тоифаларига татбиқ этилишини тушунтириб берсангиз. Бошқача айтганда, «ўзаро алоқадор юридик шахслар» таърифи нимани англатади?
МЧЖ директори.
– Солиқ солинадиган базани аниқлашнинг алоҳида тартибига тааллуқли Солиқ кодекси 40-моддаси 2-қисмининг амал қилиши фақат ўзаро алоқадор юридик шахсларга татбиқ этилади.
Солиқ кодексининг 16-моддасида юридик шахс тушунчаси берилган.
Солиқ солиш мақсадида қуйидагилар ўзаро алоқадор деб тан олинади:
1) ЎзРда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва хорижий юридик шахслар ҳисобланувчи уларнинг муассислари (иштирокчилари, аъзолари);
2) хорижий юридик шахслар ва, агар улар ЎзРда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар бўлса, уларнинг муассислари (иштирокчилари, аъзолари)
3) ЎзРда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва, агар иккала тарафнинг муассислари (иштирокчилари, аъзолари) биргина юридик ёки жисмоний шахслар ҳисобланса, хорижий юридик шахслар.
Шу тариқа, фақат Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг юридик шахслари ўзаро алоқадор бўлиши мумкин. Ўзбекистондаги юридик шахслар Солиқ кодексига мувофиқ ўзаро алоқадор бўла олмайдилар.
Эркин ҲОСИЛОВ,
«Norma Online» эксперти.