1 августда турмуш ўртоғим билан «Лада (Нива)-21310» автомобилида Ўзбекистонга кириб келдик. Чегарадагиларнинг айтишича, хорижий рақамли машинанинг йилда 3 ой мамлакатда туриши лимити бекор қилинган эмиш.
Тошкент вилоят Божхона бошқармасидагилар бу ҳақда эшитмаган эканлар. Уларнинг айтишича, машинани вақтинча олиб кириш режимида расмийлаштириш, яъни божхонадан ўтказиш ойлик суммасининг 5%ини тўлаш керак экан, бироқ бу ҳолда Ўзбекистондан ташқарига чиқиш тақиқланади. Акс ҳолда ҳамма пулимиз куйиб кетади.
Ойлик 5%ни ҳисоблашга асос бўладиган божхонадан ўтказиш умумий суммасини ҳисоблашда Россияда ишлаб чиқарилган автомобилларга имтиёзлар қўлланишини ҳам эшитдик. Бироқ ҳеч ким аниқ суммани айта олмади.
Масаланинг энг арзон ечимини топишда ёрдам беришингизни сўраймиз. Тошкентга келганимиз бежиз эмас, 80 яшар онам парваришга муҳтож (бу ҳолда қандайдир имтиёзлар белгиланганми?). Бизнинг вазиятда қандай йўл тутишимиз мумкин?
Яшаш гувоҳномаси бўлмаган чет эллик шахсга тегишли автомобилнинг Ўзбекистонда бўлишини энг кам харажат билан қандай қилиб узайтириш мумкин?
Агар харажат қилинса, айни қанча сумма тўланади?
Қандай ҳужжатлар керак бўлади? Уларни қаерга ва қанча муддатда тақдим этиш лозим?
М.Козлова.
– Ҳақиқатан ҳам, товарларни вақтинча олиб киришга доир тартиб-таомил масалаларининг тартибга солиниши назарда тутилган янги таҳрирдаги ЎзР Божхона кодекси жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2016 йилдаги 211-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 13.04.2013 йилдаги 106-сон қарори ва у билан тасдиқланган Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидалари ўз кучини йўқотди.
Жисмоний шахс учун вақт лимити
Чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларида вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами 90 календарь кундан ошмаслиги лозим (БКнинг 159-моддаси). Шу сабабли илгари жисмоний шахслар йилига бир неча марта қўллаган «кирди-чиқди» найранги энди ўтмайди.
Бироқ бунда транспорт воситасини ҳукумат қарори билан белгиланадиган йиғимни тўлаган ҳолда юқорида кўрсатилган муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.
Маълумот учун! Транспорт воситасини календарь йил давомида 90 календарь кундан ортиқ муддатга вақтинча олиб кирганлик учун қайта олиб чиқилиши кечиктирилган ҳар бир кун учун двигатель ҳажмининг ҳар куб см учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори).
Йиғим ундирилгунига қадар транспорт воситаси божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозим. Яъни автомобиль очиқ турдаги божхона омборларидан бирида сақлаш учун жойлаштирилади. Бинобарин, вақтинча сақлаш даврида автотранспорт воситасидан фойдаланиб бўлмайди.
Вақтинча олиб кирилган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини қайтариб олиб чиқишда божхона тўловлари тўланмайди ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди.
Маълумот учун! Йиғим фақат қуйидаги икки ҳолда тўланмайди:
1) божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун;
2) агар вақтинча олиб кирилган транспорт воситаси хатланган, мусодара қилинган, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса.
Ҳужжатлар
Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда вақтинча олиб кириладиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БКнинг 63-моддаси). Сизнинг ҳолатда Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома ана шундай ҳужжат ҳисобланади. У хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистон ҳудудига киришида божхона пости ходими томонидан расмийлаштирилади. Мажбуриятномани расмийлаштириш учун автотранспорт воситаси эгаси (ҳайдовчиси)нинг фуқаролик паспорти ва автотранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси асос бўлади (АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Маълумот учун! Бироқ жисмоний шахс хоҳишига кўра вақтинча олиб кириш муддатини узайтириши мумкин. Бироқ бунда БКнинг 65-моддасида назарда тутилган вақтинча олиб кирилган автотранспортга нисбатан божхона божлари ва солиқларни тўлашдан шартли озод этиш татбиқ этилмайди, чунки имтиёзнинг амал қилиш муддати (90 календарь кун) ўтиб бўлган. Вақтинча олиб кириш муддати узайтирилганда даврий божхона тўловларини тўлаш керак бўлади.
Вақтинча олиб кириш божхона режими муддатини узайтириш ҳақидаги ариза вақтинча олиб кириш божхона режимининг (бундан кейин – ВОКБР) амал қилиш муддати тугагунча божхона органига тақдим этилиши шарт. Унинг муддати транспортни ушбу божхона режимига жойлаштириш учун рухсатнома бериш тартибига ўхшаш тарзда узайтирилади. Уни олиш учун автомобиль қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ва товарга илова қилинувчи ҳужжатларни тақдим этиш зарур (БКнинг 133-моддаси).
Диққат! Автомобиль эгаси (ҳайдовчиси)нинг вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш ҳақида божхона органига ариза бериши унинг муддатини тўхтатмайди ва тўхтатиб турмайди. ВОКБРнинг амал қилиш муддати узайтирилганда алоҳида божхона декларацияси тақдим этилмайди.
Тўловлар
Даврий божхона тўловлари Ўзбекистон божхонаси учун ноу-хау эмас. Бу кенг тарқалган халқаро божхона амалиётидир. Шу сабабли даврий божхона тўловларини тўлашда кам харажат қилиш хусусида сўз очиш ўринсиз.
БКнинг 66-моддасига мувофиқ, даврий божхона тўловлари товарлар ВОКБРда турган ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган календарь ой учун, улар ВОКБРга жойлаштирилган кунда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона божлари ва солиқлар суммасининг 5%и миқдорида чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилади.
Даврий божхона тўловларини ҳисоблашда товар ВОКБРга жойлаштирилган куни амалда бўлган ставкалар қўлланилади.
Даврий божхона тўловларини тўлаб товарни ВОКБРга жойлаштираётган шахс тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг умумий суммасини тўлаш ҳуқуқига эга. Яъни тўланиши лозим бўлган бутун суммани тўлаши мумкин. Ёки тегишли давр бошлангунига қадар даврий божхона тўловларини ҳар ойда ёхуд йилнинг ҳар чорагида тўлаши мумкин.
Маълумот учун! Даврий божхона тўловлари улар тўланадиган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича ЎзРнинг миллий валютасида тўланади.
Тўланадиган даврий божхона тўловларининг умумий суммаси товар вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштирилган куни эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилган тақдирда тўланиши лозим бўлган, чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловларининг суммасидан ошмаслиги лозим.
Диққат! Даврий божхона тўловларининг тўланган суммалари вақтинча олиб кирилган товар олиб чиқилган ёхуд бошқа божхона режимларига жойлаштирилган тақдирда қайтарилмайди. Улар кўрсатилган божхона тўловлари суммаси ҳисобига ўтказилади.
Ҳисоб-китоб қилиш ҳақида
Божхона тўловлари суммасини аниқ ҳисоблаш ва уларнинг ставкаларини аниқлаш учун қуйидаги маълумотлар зарур:
транспорт воситасининг тўлиқ номи ва русуми;
Ўзбекистон Республикаси ТИФ Товар номенклатураси бўйича 10 белги даражасидаги товар коди;
товар келиб чиққан мамлакат;
товарнинг физик хусусиятлари (двигатель ҳажми, ишлаб чиқарилган йили ва ҳ.к.).
Тўлиқ ахборот тақдим этилганда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис тегишли ҳисоб-китоб қила олади.
Диққат! Таҳририят ҳисоб-китоб қилмайди. Бунинг учун мутахассисларга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз. Божхона брокерлари реестри ЎзР ДБҚнинг customs.uz сайтида келтирилган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.