Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 42 / Амалий бухгалтерия

Бировнинг хатоси

 

МЧЖ директори (у кассир бўлиб ҳам ишлаган) ўзгарди. У кетганидан кейин янги директор кассир-операционистнинг назорат-касса дафтари нотўғри юритилганлигини (z-ҳисоботлар назорат-касса дафтарига номувофиқлиги, кунлар бўйича нотўғри тўлдирилганлигини) аниқлади. Янги директор ўзи ишламаган давр учун кассир-операционистнинг нотўғри тўлдирилган назорат-касса дафтарини тиклаши шартми? Ёки хатолари мавжуд дафтарни юритишда давом эта оладими?

Г.Рашидинова,

бухгалтер.

 

– Йўқ, янги директор ўзи ишламаган давр учун кассир-операционистнинг назорат-касса дафтарини тиклаши шарт эмас. Бунинг устига, қонун ҳужжатларига кўра у дафтарга тузатишлар киритишга ҳақли эмас.

Банк ва касса-пул ҳужжатларида тузатишлар ҳамда ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси). Касса дафтарига ўчириб ёзиш ва тузатишлар киритиш тақиқланади (илова, АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Кассир-операционистнинг назорат-касса дафтари – нақд пул маблағлари билан операциялар қайд этиладиган регистр ҳисобланиши сабабли юқорида кўрсатилган меъёрлар унга нисбатан ҳам қўлланади.

Мазкур вазиятда моддий жавобгар шахс ўзгаргани муносабати билан пул маблағлари ва бошланғич касса ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказишни тавсия этамиз. Инвентаризация натижаларини нақд пул маблағларини инвентаризациялаш далолатномасида қайд этасиз. Инвентаризация ўтказиш қоидалари ва далолатнома шакли 19-сон БҲМСда (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган.

Сиз ҳар бир хато алоҳида кўрсатиладиган далолатномаларни эркин шаклда тузишга ҳам ҳақлисиз (масалан, 6-устуннинг 5-сатрида кўрсатилган «50 000» суммаси «60 000» деб ўқилсин). Ушбу далолатномаларни топилган хатолар исботи сифатида сақлаб қўйинг. Шундан сўнг ўзингиз ишлай бошлаган кун бошидаги тўғри сальдони қайд этинг (инвентаризация далолатномалари асосида) ва кассир-операционистнинг ўша назорат-касса дафтарини тўлдиришда давом этинг.

Инвентаризация ўтказиш давомида аниқланган ортиқча пул маблағлари 9390-«Бошқа операцион даромадлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағига кирим қилинади. Бошқа даромадлар тегишли ҳисобот даври учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўловини ҳисоблаш чоғида солиқ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 129, 355-моддалари).

Пул маблағларининг камомади қуйидаги проводка билан акс эттирилади: Дт 4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»; Кт 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» – айбдор шахсдан ундирган ҳолда. Агар айбдор шахс аниқланмаган бўлса, камомад суммаси давр харажатларига ҳисобдан чиқарилади – Дт 9430-«Бошқа операцион харажатлар».

Агар йўл қўйилган хатолар натижаси ўтган даврлар учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базага таъсир кўрсатса, солиқ органларига фарқнинг сабаби тушунтирилган хат билан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилади.

 

Маълумот учун! Бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).

 

 

МАВЗУГА ҚАЙТИБ

 

ПЕНЯСИЗ ҚАРЗ

 

«Ҳисоботга тузатиш киритасиз» материалида («СБХ»нинг 11.10.2016 йилдаги 41-сони) шундай савол берилган эди:

ЯСТ бўйича ҳисобот қайта топширилиб, «Камолот» жамғармасига ажратмалар бўйича қарз юзага келганидан кейин Жамғармага ўз вақтида тўланмаган ажратмалар учун пеня ҳисобланадими?

Ушбу масала юзасидан қуйидагича аниқлик киритамиз:

«Камолот» жамғармасига ажратмалар бўйича солиқ қарзи суммаси ЯСТ бўйича ортиқча тўланган суммага тенг экан, пеня ҳисобланмайди. ЯСТ бўйича ортиқча тўланган сумма мавжудлиги солиқ органлари томонидан тасдиқланиши лозим (АВ томонидан 9.10.2007 йилда 1724-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5-банди).

 

Замира ЖЎРАЕВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1633 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика