Мен чет эл фуқаросига бериладиган яшаш гувоҳномасига эгаман, ҳозир Россияга доимий яшаш учун кўчиб кетаётганлигим сабабли квартирани сотаяпман. Жўнаб кетиш варақасини олиб, яшаш гувоҳномасини топширгач, Ўзбекистон ҳудудидан қанча муддатда чиқиб кетишим шарт?
Н.Широков.
– Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 14.05.2012 йилда 2363-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 30-бандига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг республиканинг бошқа минтақаларига доимий прописка қилиниши ва пропискадан чиқарилиши, шунингдек уларнинг хорижий давлатга доимий яшашга кетаётганлиги сабабли пропискадан чиқарилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижий давлатга доимий яшашга кетаётганлиги сабабли пропискадан чиқарилганда, уларнинг мурожаати бўйича тегишли туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг (ТШИИБ) хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ХЧКваФРБ) томонидан белгиланган тартибда улар республика ташқарисига чиқиб кетгунга қадар вақтинча прописка қилиниши мумкин.
Шу тариқа, агар пропискадан чиқарилгандан кейин 3 сутка ичида (манзилли жўнаб кетиш варақасида кўрсатилган кундан бошлаб) Россияга чиқиб кетмасангиз, республика ташқарисига чиқиб кетгунга қадар паспорт столида вақтинча пропискани расмийлаштиришингиз мумкин. Мазкур тартибни Ўзбекистоннинг бошқа минтақалари учун ҳам қўллаш мумкин.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.