«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг йиллик молиявий ҳисоботи манфаатдор банклар, биржалар, инвесторлар, кредиторлар ва бошқа шахслар учун очиқдир. Акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта ташкилотлари, банклар, жамоат фондлари ва бошқа ташкилотлар ҳар йилги молиявий ҳисоботни акциядорларнинг ёки бухгалтерия ҳисоби субъекти бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт.
Ташкилотимиз – ломбард молиявий ташкилот ҳисобланади. Ташкилий-ҳуқуқий шакли – битта муассиси бўлган МЧЖ. Агар биз муассис битта бўлгани боис йиллик умумий йиғилиш ўтказмасак, йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишимиз шартми, уни ким учун эълон қиламиз?
Е.Ким,
МЧЖ бош бухгалтери.
– «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасидаги бухгалтерия ҳисоби субъектларининг ҳар йилги молиявий ҳисоботни эълон қилиш мажбурияти ҳақидаги императив нормада 2 та шарт қайд этилган:
1) аудиторлик хулосасининг мавжудлиги ва унинг ҳисоботга илова қилиниши;
2) акциядорларнинг ёки субъект бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин эълон қилиниши.
Шу тариқа, бундай йиғилишлар ўтказилмайдиган (уларнинг ўрнига ушбу қатнашчининг қарори қабул қилинади), ягона муассисга эга бўлган масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ушбу норма таъсири остига тушмайди («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси).
Маҳкам Воҳидов, юридик фанлар номзоди, «Norma Online» эксперти.