Ходим 2016 йил 1 июнда ўриндошлик бўйича ишга кирди. Июнда унга 2016 йил 17 июндан бошлаб йиллик меҳнат таътили беришларини сўраб ариза ёзди, чунки ушбу даврга асосий иш жойидан йиллик меҳнат таътили берилган экан. Ўриндошлик бўйича иш жойида жамоа шартномаси билан йиллик асосий таътил муддати 24 иш куни этиб белгиланган. Июндаги лавозим маоши – 950 000 сўм.
Қонунга кўра у ўриндошлик бўйича йиллик меҳнат таътилига чиқа оладими? Агар чиқа олса, у қанча муддатга берилади, таътил пули қандай ҳисобланади?
Бухгалтер.
– Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) 16-бандига мувофиқ, ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим 6 ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
Меҳнат кодексининг 143-моддасида худди шундай қоида белгиланган: ўриндошлик асосида ишлаётганларга йиллик асосий таътил уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда берилади.
Сизнинг ўриндошингизга 24 иш кунидан иборат таътил белгиланган. Ушбу муддатнинг таътилдан фойдаланган кунгача ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳисобланадиган қисмига ҳақ тўланади. Бунда ўриндошлик бўйича иш жойида таътил берилгандагина шу тартибда ҳақ тўланади.
Меҳнат таътили муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш – ходим учун белгиланган меҳнат таътилининг умумий муддатидаги мазкур иш йилида ишлаган вақти даврига мувофиқ келадиган қисмини аниқлаш демак.
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.
Ўриндош июнда 16 кун ишлаган, тегишинча, бу кунлар бир ой деб яхлитланади. Яъни ишланган вақтга мутаносиб равишда 2 иш кунига (24 / 12 х 1) ҳақ тўланади.
Таътил пули Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) 1-банди ҳамда Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг 40 соатли иш ҳафтасини жорий этиш ва иш вақти балансини ҳисоблаш тартибига доир тушунтиришларининг (15.12.1993 йилдаги 1312/12-05/652-сон) 8-бандига мувофиқ ҳисобланади. Таътил пулини тўлаш учун маблағлар миқдори ўртача ойлик иш ҳақини 6 кунлик иш ҳафтасини ҳисоблашда кунлардаги иш вақти давомийлигига (25,4 кунга) бўлиш ва календарь бўйича таътилнинг иш кунлари сонига кўпайтириш (шанба кунларини ҳисобга олиб) йўли билан ҳисобланади.
Сизнинг ҳолатда ходимга мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва суғурта бадаллари ҳисоблаб ёзиладиган бошқа тўловлар ҳисобланмаган, шу сабабли ҳисоблаш учун фақат ҳисоб-китоб кунидаги, яъни 2016 йил 17 июнь ҳолатига кўра штат жадвали бўйича белгиланган лавозим маоши қабул қилинади.
Тегишинча, ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган таътил пули суммаси 74 803,14 сўмни (950 000 / 25,4 х 2) ташкил этади.
«Norma Ekspert» мутахассислари.