Корхонамиз хорижий ҳамкоридан сотиб олган автомобиль мойини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланмоқчи. Агар автомобиль мойи хориждан олиб келиниб, шу ерда қадоқланаётган ва сотилаётган бўлса, ХХТУТ бўйича коди 11220 (нефтни қайта ишловчи ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар (нефть қуруми чиқарадиган заводларсиз)) бўлган фаолият тури учун лицензия керакми?
Ш.Нуриддинова,
бош бухгалтер.
– Нефть маҳсулотларини (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печь ёқилғиси, нефть битуми, шунингдек техник мойлар ва мойлаш материалларини) реализация қилиш фаолияти, бундан заводда идишларга қадоқланганлари мустасно, Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига (ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарорига 1-илова) киритилган.
Ушбу норма Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 28.06.2003 йилдаги 289-сон қарорига 1-илова) 2-бандида ҳам такрор қайд этилган.
Шунингдек, агар ишлаб чиқариш циклида нефтни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш элементлари бўлмаса, Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом (ВМнинг 9.07.2003 йилдаги 310-сон қарорига 1-илова) нормаларига кўра, корхонага ушбу фаолиятни юритиши учун лицензия талаб этилмайди.
Маҳкам Воҳидов, юридик фанлар номзоди, «Norma Online» эксперти.