Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 30 / Жавоб берамиз

Аравачада савдо қилган «тадбиркор»

 

Солиқ инспекцияси ходимлари деҳқон бозорида ўтказган рейд текширувида кичкина аравачада трикотаж кийим-кечаклар билан савдо қилаётган фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаганлиги учун унинг фаолиятини ноқонуний деб топишди. Тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, сотишга олиб чиқилган 564,0 минг сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган. Кейинчалик фуқарога нисбатан суд орқали МЖТК 176-моддасининг 2-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилиб, олиб қўйилган бойликлар мусодара қилинган.

Фуқаро молиявий имконияти йўқлиги сабабли давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиб келган. Солиқ инспекцияси масъул ходимлари юқорида кўрилган чоралардан кейин Президентнинг ПҚ-2270-сон қарори 12-иловасига асосан ЯТТ учун чакана савдо фаолияти бўйича белгиланган 12 ойлик ставка миқдоридаги молиявий жаримани қўллаш мақсадида ишни судга оширишларини билдиришди.

Ушбу ҳолда фуқарога битта қонунбузарлик учун икки марта жазо қўлланган бўлиб чиқмаяптими?

ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмасдан чакана савдо билан шуғулланган фуқарога қандай чоралар кўрилади? ПҚ-2270-сон қарор 12-иловасида ЯТТнинг чакана савдо фаолияти учун белгиланган солиқ ставкаси – турғун савдо шохобчаси орқали чакана савдо қилувчи ЯТТлар учун белгиланган эмасми?

Умуман, чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТ бўлиш учун қандай шартлар бажарилиши керак?

 

– «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан кейин – Қонун) 3-моддасида белгиланишича, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Тадбиркорлик субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир (Қонун 4-моддасининг биринчи қисми).

Фуқаролик кодекси 24-моддасининг биринчи қисмига биноан фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Бундан кўриниб турибдики, тадбиркорлик (шу жумладан якка тартибдаги) билан давлат рўйхатидан ўтмасдан шуғулланишга йўл қўйилмайди. Бу молиявий имкониятга эга бўлмаган фуқаролар учун ҳам тааллуқлидир. Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК) 176-моддасининг иккинчи қисми бўйича, жуда кўп миқдордаги2 назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда уни амалга ошириш эса Жиноят кодексининг 188-моддаси бўйича таъқиб этилади.

МЖТК 176-моддасининг иккинчи қисми тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан анча миқдордаги3 назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзидаги маъмурий жазо қўллашни назарда тутади.

Олий суди Пленумининг 1996 йил 15 мартдаги «Савдо соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 9-сонли қарори 4-бандининг учинчи хатбошида тушунтирилганидек, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (маҳсулотлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш) натижасида олинган назорат қилинмайдиган даромадни аниқлашда мазкур фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ чиқимлар чегириб ташланган ҳолда ҳисобга олинган тушум суммасидан келиб чиқиш лозим.

Энди Президентнинг ПҚ-2270-сон қарорига 12-илованинг изоҳларига эътиборни қаратамиз. Изоҳларнинг 3-бандига кўра, жисмоний шахслар томонидан ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият турлари амалга оширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, солиқ органлари белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда йиллик ҳажмда тегишли фаолият тури бўйича бир йўла қатъий белгиланган солиқни ундирадилар, бундан жисмоний шахснинг рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги далили аниқланган санадан бошлаб 30 кун мобайнида унинг ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтганлиги аниқланган ҳолатлар мустасно. Бундай шахсга ҳисоблаб ёзилган йиллик қатъий белгиланган солиқ суммасини Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда4 ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгусидаги солиқ мажбуриятлари ҳисобига 12 ой мобайнида тўлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Кўриниб турибдики, ушбу нормада Солиқ кодексида келтирилган мазмундаги молиявий санкция5 умуман назарда тутилмаган. Унда йиллик ҳажмда қатъий белгиланган солиқни айнан шу муддат мобайнида ўзи тўлаши учун фуқарога имконият беришга ва/ёки ушбу тўловни мажбурий ундиришга йўналтирилган чоралар ҳақида гап кетмоқда. Низом 7-бандининг иккинчи хатбошида кўрсатилишича, қарз суммаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда ундирилади.

Демак, сиз келтирган вазиятда фуқаро содир этган битта ҳуқуқбузарлиги учун икки марта жазоланаётгани йўқ.

Шу билан бирга эътиборни МЖТК 176-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган изоҳга ҳам қаратамиз. Унга кўра, ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилинади (бу борадаги меъёрлар 2463-сон Низомда батафсил келтирилган).

Шуни ҳам назарда тутиш керакки, ҳар навбатдаги йил учун Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган ЯТТлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари амалдаги ЯТТларга ҳамда ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият турларини амалга ошираётган (оширган) (шу жумладан турғун савдо шохобчаси орқали ёки бундай шохобчасиз чакана савдо билан шуғулланувчи) жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади.

Чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТ бўлиш учун асосий шартлар қуйидагича: Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарорига илова, бундан кейин – ­407-сон Низом) 22-бандига биноан ЯТТлар чакана савдо билан турғун чакана савдо шохобчалари орқали қуйидагилар асосида шуғулланишлари мумкин:

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар;

ЯТТда чакана савдони амалга ошириш учун моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

солиқ органининг назорат-касса машинасини олдиндан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги маълумотномалари.

ЯТТ томонидан савдо комплексларида чакана савдо юқорида номланган гувоҳнома ва савдо комплекси маъмуриятининг унга турғун савдо шохобчаси бериш тўғрисидаги маълумотномаси асосида амалга оширилади (407-сон Низомнинг 35-банди).

Бундан ташқари, жисмоний шахс ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин тижорат банкида талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобрақами очиши шарт.

ЯТТларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни ҳисобга қўйиш ва шу мавзуга доир бошқа қўшимча маълумотларни сиз қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан олишингиз мумкин:

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон қарорига илова);

Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 2.09.2004 йилдаги 413-сон қарорига 1-илова);

Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар операциялари ва даромадларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом (МВ, МИСВ, ДСҚнинг АВ томонидан 8.01.2003 йилда 1197-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова).

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


12.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонуни таҳриридаги 25.05.2000 йилдаги 69-II-сон Қонун.

2Жуда кўп миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор (Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими).

3Анча миқдор деганда энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, энг кам иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади (МЖТК 164-моддасининг олтинчи қисми).

4Қаранг: Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисидаги низом (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 31.05.2013 йилда 2463-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова, бундан кейин – 2463-сон Низом.)

5Солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг турлари ҳамда уларни содир этганлик учун жавобгарлик чоралари (молиявий санкциялар) Солиқ кодексининг 113, 114, 118-121-моддаларида назарда тутилган.

 

Прочитано: 2470 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика