Мол етказиб берувчилар кўпинча харидорларга турли чегирмалар: савдо, пул, молиявий, бонус товар кўринишида товар чегирмаларини тақдим этадилар. Чунончи, мол етказиб берувчи якун – 69 997 755 сўм чиқарилганидан кейин ҳисобварақ-фактурада алоҳида сатрда «Товар чегирмаси», қуйироқда эса – 2 553 972 сўмлик товар чегирмаси кўринишида берилган дори-дармонлар ассортиментини кўрсатди. Сўнгра – 72 551 127 сўм «Жами берилган» деб қайд этилиб, «Тўлашга жами» – 69 997 755 сўм сатри билан якунланган.
Бошқа ҳолатда мол етказиб берувчи 12 080 000 сўм миқдорида якун чиқарилганидан кейин юкхатнинг алоҳида сатрида 1 691 200 сўм миқдорида «14% молиявий чегирма» деб кўрсатди. «Тўлашга жами» – 10 388 800 сўм.
Ушбу чегирмалар нимаси билан фарқланади ва улгуржи савдо бўйича ЯСТга доир солиқ ҳисоботи шаклида уларнинг қай бирини «Мол етказиб берувчилардан чегирма кўринишида олинган бошқа даромадлар», қай бирини эса «Текинга олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар»га киритиш лозим?
Мол етказиб берувчилардан олинган савдо, пул, бонус чегирмаларини бухгалтерия ҳисоби ва ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботида қандай акс эттириш керак?
Н.Наимов,
бухгалтер.
– Чегирма – базавий нархнинг пасайтирилиши. Унинг жуда кўплаб турлари мавжуд. Бироқ қонун ҳужжатларида фақат савдо ва пул чегирмаларининг ҳисобда акс эттирилиши тартибга солинган (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»; АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»).
Пул чегирмалари харидор муайян шартларни бажарганда тақдим этилади (шартнома бўйича 100 фоизлик олдиндан тўлов, белгиланган муддатда ҳақ тўлаш; 2 тадан ортиқ товар бирлигини сотиб олиш ва ҳ.к.), яъни бу – шартномада қайд этилган муайян шарт бажарилса, умумий ҳисобварақ-фактура нархи камайтириладиган сумма. Пул чегирмалари сотиш ҳажмларини ошириш ва мижозни янада илгарироқ тўлашга рағбатлантириш мақсадида қўлланади.
Савдо чегирмаси эса шартнома тузиш пайтида (унда нарх чегирма билан кўрсатилган) харидорга маълум бўлади ва тақдим этилади. Бу базавий нархни (прайс-варақ бўйича нархни) оддий пасайтиришдир.
Савдо ва пул чегирмалари ҳисобда турлича акс эттирилади. Савдо чегирмалари захиралар қийматини камайтиради, яъни товарлар чегирмалар чегирилган қийматда кирим қилинади (4-сон БҲМСнинг 13-банди).
Харидор ҳисобда қуйидаги проводкани беради:
Дебет
|
Кредит
|
2900-«Товарлар (чегирма чегирилган қийматда)»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар» (етказиб берувчига тўланадиган сумма)
|
Пул чегирмаси (молиявий чегирма) билан харид қилинган товарлар чегирмалар ҳисобга олинмаган қийматда кирим қилинади (4-сон БҲМСнинг 13-банди). Харидор шартномада қайд этилган шартларни бажарганда бериладиган чегирмалар суммалари улар юзага келган ҳисобот даврида унинг молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади.
Пул (молиявий) чегирма (иккинчи ҳолатда берилган чегирма шундай чегирма ҳисобланади) қуйидагича акс эттирилади:
Дебет
|
Кредит
|
Сумма
|
2900-«Товарлар» (чегирма ҳисобга олинмаган қийматда, яъни 12 080 000 сўм суммасида)
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар» (етказиб берувчига тўланадиган сумма) 9390-«Бошқа операцион даромадлар» (чегирма суммасида) |
10 388 800 сўм 1 691 200 сўм |
Пул ва савдо чегирмалари кирим қилинаётган товар таннархини акс эттиришга таъсир қилиши сабабли уларни беришга оид барча шартлар шартномаларда қайд этилган бўлиши керак. Шунингдек мижоз чегирмадан фойдаланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (чегирма суммаси кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар ёки мажбуриятлар келгусида бажарилиши шарти билан чегирмалар берилган бўлса, тузатувчи ҳисобварақ-фактуралар) бўлиши керак.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда мол етказиб берувчилардан чегирма кўринишида олинган бошқа даромадлар (фақат пул чегирмаси берилганда бошқа даромад шаклланади) Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига мувофиқ ялпи тушумдан чегирилишини ҳисобга олиш лозим.
ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова) харидорга берилган, фойдаланилганлиги ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланган, суммаси унинг алоҳида сатрида ажратиб кўрсатилган пул чегирмалари аввал бошқа даромад сифатида ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 180-«Товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган бошқа даромадлар» сатрида акс эттирилади. Сўнгра улар ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илованинг 0206-«Маҳсулот етказиб берувчиларнинг сийлови (скидка) тариқасида олинган бошқа даромадлар» сатрига ўтказилади. Шу тариқа, ЯСТ бўйича солиқ солинадиган ялпи тушум мол етказиб берувчи тақдим этган пул чегирмаси суммасига камаяди.
Энди харидорга қўшимча бепул товар – бонус чегирмасини тақдим этиш ҳолатини кўриб чиқамиз. Ҳисобда чегирмаларнинг товар кўринишида акс эттирилиши қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган. Ушбу товарга текин, бироқ асосий олди-сотди шартномаси доирасида олинган товар деб қаралади. ЯСТ тўловчилар учун текин олинган мол-мулкка бошқа даромад деб қаралади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди) ва мол-мулкнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган бозор қиймати бўйича ялпи тушумга киритилади (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Етказиб берувчингиз ҳисобварақ-фактурада текин берилган дори воситалари қийматини кўрсатганлиги сабабли ушбу сумма ЯСТнинг солиқ солинадиган базасига киритиш керак бўлган товарнинг бозор қиймати бўлади. ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида текин олинган товар ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловада 50-«Текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар» сатрида акс эттирилади.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.