Етказиб берувчиларимиз бизга сифатсиз товар сотдилар. Улар ҚҚС тўловчилари бўлиб, тегишинча, бизга ҳисобварақ-фактурани ҚҚС билан ёзиб бердилар. Биз уларга сифат юзасидан даъво тақдим этдик, далолатнома туздик ва брак товарни қайтариш ҳақида юкхат ёзиб бердик.
ҚҚС тўламайдиган харидорлар илгари сотиб олинган сифатсиз товарни қайтариш юкхатида ҚҚС суммасини кўрсатишлари шартми?
С.Фасхутдинова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Харидор етказиб берувчига товарни қайтараётганда товарни қайтариш юкхатида харидор ҚҚС ҳақидаги маълумотларни кўрсатиши (солиқ суммасини кўрсатиши ёки «ҚҚСсиз» штампини қўйиши) керак эмас.
Харидорга сифатсиз товарларни товарнинг қайтарилиши сабаблари кўрсатилган, ёзма равишда расмийлаштирилган аризаси (нуқсонлар далолатномаси, даъво ва ҳ.к.) асосида қайтариш тавсия қилинади. Қайтаришни 2 нусхада тузилган юкхат ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштириш мумкин: бири етказиб берувчи учун, бошқаси харидорда қолади ва товарни айирбошлаш ёки топширилган товар учун пул суммасини олишга асос бўлиб ҳисобланади.
Товарларни реализация қилишда ҚҚС суммаси ҳисобварақ-фактурада кўрсатилиши шарт. Ҳисобварақ-фактура қатъий ҳисобдаги ҳужжат ҳисобланади. Илгари қўйилган ҚҚСга барча тузатишлар қўшимча ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси).
Юкхат ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси ўз навбатида товарнинг харидордан сотувчига жисман ўтишини қайд этувчи ва ҳисобварақ-фактура деб ҳисобланмайдиган бошланғич ҳужжатлардир. Бинобарин, харидор товарларни етказиб берувчига топширганини тасдиқлаш учун расмийлаштириладиган юкхатда ҚҚСни кўрсатиш нотўғри бўлади.
Товар қайтарилаётганда айни етказиб берувчи илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактурага қўшимча ҳисобварақ-фактура тузади, уни харидор тасдиқлайди. Қўшимча ҳисобварақ-фактурада етказиб берувчи ҚҚС ва ҚҚС суммасини ҳисобга олмасдан солиқ солинадиган базага тузатиш миқдорини (ижобий ёки салбий) кўрсатиши шарт.
Агар сиз (харидор) товарни қайтаришда ҳисобварақ-фактуранинг барча реквизитлари бўлган юкхат тузиб, унда ҚҚС суммасини кўрсатсангиз, у ҳолда операция товарларнинг қайтарилиши деб эмас, тегишли солиқ оқибатларини юзага келтирувчи уларнинг реализацияси деб талқин этилади.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 118-моддасига мувофиқ, ҚҚС тўловчиси бўлмаган етказиб берувчилар томонидан товарларни реализация қилишда ҚҚСнинг ҳисобварақ-фактурада акс эттирилиши етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бунда етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.