Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 30 / Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига!

Божхона тизимида кинология хизматининг ўрни

 

Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Миллий кинология марказига медиа-тур уюштирилди. Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғ.Шукуров журналистларга божхона органлари фаолиятида кинология хизматининг тутган ўрни, Миллий кинология маркази томонидан мазкур соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил ахборот берди.

 

Кинода кўргандан кўра кинологияга кириб кўринг

Таъкидланганидек, республикамиз Президентининг ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий кинология хизматини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (24.10.1996 йилдаги 364-сон) асосида минтақадаги ноёб ва ягона Миллий кинология марказининг ташкил этилиши божхона тизимини ривожлантиришда муҳим қадамлардан бўлди.

Марказий Осиёда ягона бўлган Миллий кинология маркази ўтган 20 йил мобайнида биргина республикамизда эмас, бутун Марказий Осиё минтақасида инспектор-кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди. Унинг зиммасига нафақат Давлат божхона қўмитаси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар учун малакали кинологлар ва хизмат итларини тайёрлаб бериш, мутахассисларни қайта тайёргарликдан ўтказиш, малакасини ошириш ва кинология соҳасида ўқув-услубий базани яратиш вазифаси юклатилган.

Кинолог курсантлар Кинология марказининг ўқув курсларида гиёҳванд моддаларни қидириш, қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш, ҳимоя-қоровул хизмати, из қидирув, қидирув-қутқарув ва аксилтеррор йўналишлари бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўташди.

Валюта қимматликларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний ҳаракатланиши олдини олиш мақсадида Марказ мутахассислари томонидан махсус ишлаб чиқилган услубий қўлланма асосида янги «Валюта қимматликларини қидириш» йўналишида ҳам ҳозирда кинолог ва хизмат итлари тайёрланмоқда.

 

Нақ аэрокомплекс дейсиз…

Марказ махсус курсларни ўташ учун барча шарт-шароитлар яратилган компьютер синфига, ҳар бир йўналишдан келиб чиқиб махсус жиҳозланган ўқув хоналарига, имитация хонаси ва кинология соҳасига оид ўқув адабиётлар билан таъминланган бой илмий-оммабоп кутубхонага эга.

Амалий машғулотларни ўтказиш учун Марказда дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, мураккаб жиҳозлар билан таъминланган услубий хоналар кинологлар ихтиёрига топширилган. Хусусан, Марказ ҳудудининг ўзида божхона блок пости, ер, сув ва ҳаво транспортлари, темир йўл, аэрокомплекс имитациявий масканлари, ясама контейнерларни учратиш мумкин. Бундан ташқари, махсус анжомлар билан жиҳозланган машқ-ўргатув майдончаси, климатик ва ландшафт шароитларини ўзида акс эттирган зоналар мавжуд.

 

 

 

Рақамлар нима дейди?

100 бош хизмат итларига мўлжаланган Хизмат итлари питомнигида бугунги кунда немис овчаркаси, Шарқий Европа овчаркаси, Марказий Осиё овчаркаси, лобрадор, инглиз коккер-спаниели, рус спаниели ва Бельгия овчаркаси (маленуа) зотларига мансуб зотдор итлар етиштирилиб, мос келувчи махсус йўналишлар бўйича хизматга тайёрланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 1997–2015 йиллар мобайнида Миллий кинология марказида жами 3 271 нафар ­кинологлар ўқитилиб, 4 148 бош хизмат итлари тайёрланди.

1998–2015 йиллар мобайнида хизмат итлари ёрдамида 2 403 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, 3 240,5 кг ва 158 952 туп гиёҳванд моддалари ушлаб қолинган. Шунингдек, 510 та ҳолатда 306 та турли ўқотар қуроллар, 34 737 та ўқ, 9 634 та гильза ва 334,3 кг порох моддаларини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний олиб ўтилишга чек қўйилган.

 

Халқаро ҳамкорлик

Миллий кинология маркази фаолиятида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти беқиёс. 2002 йилдан бошлаб Марказ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.

2002–2013 йиллар мобайнида марказда 8 маротаба ташкил этилган Минтақавий ўқув курсларида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Мўғулистон ва Эрон давлатларининг 165 нафар кинологлари ўқитилиб, 164 бош хизмат итлари тайёрлаб берилган. Шунингдек, Франция, Австрия, Россия Федерацияси, Латвия каби давлатларнинг юқори малакали мутахассислари ўзбек божхонаси кинология хизматининг ишлаш шакли ва усулларини ўрганиш билан бир қаторда, ўз тажрибалари билан алмашишди. Марказдаги инструкторларнинг аксарияти Россия, Венгрия, Франция, Австрия ва Япония давлатларида малака оширган.

Марказ ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан 2014 йилда Алмати шаҳрида ва 2015 йилда Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг божхона хизматлари ўртасида ўтказилган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашган.

 

 

 

Кинологияда АКТ: итларда микрочип бор

Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини илғор равишда жорий қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014 йилда кинологлар хизматини тўлақонли ташкил қилиш, божхона назоратини амалга оширишда хизмат итларидан самарали фойдаланиш, кинология хизмати йўналишида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотларни реал вақт режимида жамлаш ва таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштириш мақсадида «Кинология хизмати» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Хизмат итларини сақлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, ветеринария тадбирларини ўз вақтида ўтказишни назорат қилиш мақсадида халқаро тажриба ва стандартларга мувофиқ божхона органлари ҳисобидаги хизмат итларига электрон идентификацияловчи микрочиплар ўрнатилиб, ундаги маълумотлар «Кинология хизмати» ахборот тизимига киритилган. Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларида қўлланилаётган ушбу усул нафақат ҳайвонлар алмаштириб қўйилишининг олдини олади, балки уларни ҳисобга олиш тизимини янада соддалаштиради.

 

Юксак эътироф

Марказ фаолияти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан қизғин кутиб олиниб, юксак эътироф этилди. Жумладан, 2008 йил 3 июнда Жаҳон божхона ташкилоти потенциалини орттириш Директоратининг директори Ларс Карлсон Миллий кинология марказига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Миллий кинология марказига минтақавий мақом берилиши бўйича Жаҳон божхона ташкилоти билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

2010 йилда Жаҳон божхона ташкилотининг амалдаги Бош котиби Кунио Миккурио мамлакатимизга ташрифи доирасида Миллий кинология марказида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитларга юксак баҳо берди.

Медиа-тур давомида журналистлар кинологларнинг машаққатли, баъзида хавф-хатарга бой ва шарафли меҳнатларини ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 3941 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика