Отам – пенсионер, янги компанияда 14 ойдан буён таътилга чиқмай ишлаяпти. Бошқа ташкилотга ўтиши муносабати билан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи. Бироқ раҳбарият у билан меҳнат шартномасини бекор қилишни истамай, аввал таътилларидан фойдаланишини, шундан кейингина ишдан бўшашини талаб қиляпти.
Мазкур компаниянинг талаблари тўғрими?
И.Мусаев.
– Мазкур ҳолатда иш берувчининг хатти-ҳаракатлари ҳуқуққа зид.
Иш берувчи ходимни «қўйиб юбормасликка» ҳақли эмас. У ходим бошқа ташкилотга ўтиши муносабати билан меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати ўтгач унинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги тегишли буйруқни чиқариши керак (Меҳнат кодексининг 99-моддаси 5-қисми). МКнинг 7-моддасига кўра мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим таътиллардан фойдаланмаган бўлса, иш берувчи барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўлайди (МКнинг 151-моддаси 1-қисми).
Охирги иш кунида у ходим билан ҳисоб-китоб қилиши, меҳнат дафтарчасига ёзув қайд этиши ҳамда уни ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини ходимга бериши керак (МКнинг 99, 107, 108, 110, 151-моддалари).
Шу тариқа, ходимнинг ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишидан бош тортиб бўлмайди. Акс ҳолда огоҳлантириш муддати ўтгач ходим ишга бормасликка ва меҳнат дафтарчасини ушлаб қолганлиги учун пуллик компенсацияни компаниядан ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.