Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 24 / Мавзуга қайтиб

Провайдер воситачи эмасми?

Кўпчиликка маълумки, ҳозирги вақтда – юқори технологиялар даврида мобиль радиотелефондан нафақат алоқа учун, ҳатто ахборот-маълумот, кўнгилочар ва бошқа хизматлар (sms-хизматлар ёки контент-хизматлар) олиш учун ҳам фойдаланилади. Тароналар, суратлар, латифалар, ўйинлар, тестлар, толеномалар ва ҳоказоларни буюртириш абонент томонидан sms-хабарни муайян рақамга жўнатиш орқали амалга оширилади.

 

Меъёрий ҳужжат зарур 

“Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланишича, оператор ва провайдерлар телекоммуникация соҳасидаги фаолиятни лицензиядаги шартларга ва белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширишлари шарт. Шундай бўлса-да, кенг тарқалган контент-хизматларни тақдим этиш ҳозиргача махсус ҳуқуқий тартибга солинмаган. Шунинг оқибатида мунозаралар нафақат солиқларни тўлаш бўйича, балки контент-провайдер билан абонент, уяли алоқа оператори билан абонент, контент-провайдер билан оператор ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий квалификацияси бўйича ҳам юзага келиб қолмоқда1.

Ушбу муносабатларни фақат алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш тартибга солиши мумкин. Унда, бошқа нарсалардан ташқари, контент-провайдер томонидан уяли алоқа абонентларига контентга обуна бўлишни тақдим этиш тартибини назарда тутиш керак, айни шу обуна оммавий оферта ҳисобланади.

Кўплар “Бу нима учун керак? Ахир республикамизда бор-йўғи ўнта атрофида контент-провайдер бор, улар учун махсус қоидаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга ҳожат бормикан?” дейиши мумкин. Тўғри, контент-провайдерлар ўнтача бўлиши мумкин, аммо мамлакатда уларнинг контент-хизматлар оладиган абонентлари сони аллақачон миллиондан ошиб кетган. Айни улар ушбу хизматларни тақдим этиш қоидаларини, ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш усулларини билишлари керак.

Таклиф этиладиган меъёрий ҳужжатда албатта контент-провайдер, уяли алоқа операторининг жавобгарлиги белгиланиши керак. Улар нафақат тақдим этиладиган контент-хизматларнинг сифати учун, балки республикада тақиқланган ёки инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотни тарқатганлик учун ҳам жавобгарликни зиммаларига олишлари керак.

 

Ким воситачи?

Бундай ҳужжат контент-провайдерлар ва уяли алоқа операторлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартибига аниқлик киритиши мумкин бўларди. Бугунги кунда улар фаолияти бўйича масалаларга давлат органлари жавоб беряптилар. Чунончи, Давлат солиқ қўмитаси ЯСТ тўловчи контент-провайдерда солиқ солиш объектининг нималиги ва у солиқни уяли алоқа абонентларига хизмат кўрсатишдан олинган даромадлардан қандай ставкада тўлаши шартлиги тўғрисидаги сўровга шундай жавоб беради: “Агар контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида абонентларга контент-хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартнома воситачилик шартномаси ҳисобланса ва контент-провайдер воситачилик хизматларини кўрсатса, Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ­ПҚ-2455-сон қарорига 10-1-илованинг 5-бандига кўра воситачилик, топшириқ ва бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматларини кўрсатадиган корхоналар ЯСТни 33%лик ставкада тўлайдилар”.

Бундай жавобни олган ёки бу ҳақда олдиндан билган баъзи контент-провайдерлар адвокатларнинг улар уяли алоқа операторлари билан тузган шартнома бўйича унинг воситачилик шартномаси деб ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги тўғрисида хулосасини олишга шошилдилар. Адвокатлар улар тақдим этган шартномаларнинг шартларини таҳлил қилиб ва барча воситачилик шартномалари бир хил субъект таркибига эгалигини кўрсатиб, қуйидагиларни таъкидладилар:

муайян ҳаракатларни содир этадиган шахс ишончли вакил (воситачи, агент), бир сўз билан айтганда, воситачи ҳисобланади;

воситачининг ёрдамидан фойдаланган шахс ишонч билдирувчи (комитент, принципал) сифатида чиқади;

воситачилик шартномаларида ишонч билдирувчи (комитент, принципал) воситачи хизматларининг пировард бенефициари ҳисобланади. Воситачининг ҳаракатлари унинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан амалга оширилади;

ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларида ижрочи битимни ўз номидан, ўз манфаатларини кўзлаб ва ўз ҳисобидан амалга оширади;

таҳлил қилинган шартномаларнинг ҳар бири контент-провайдер томонидан ўз номидан тузилган; назарда тутилган хизматлар унинг ўзи томонидан унга тегишли бўлган ресурслардан (улардан фойдаланиш ҳуқуқи тегишли тарзда харид қилинган аппарат-дастур комплекси ёки интеллектуал мулк объекти) фойдаланган ҳолда тақдим этилади;

таҳлил қилинаётган шартномаларда контент-провайдер битимни ўз манфаатларини кўзлаб эмас, балки ишонч билдирувчи, комитент, принципал ёки бошқа учинчи шахс манфаатларини кўзлаб амал қилаётганлигидан, яъни воситачи ҳисобланишидан далолат берадиган бирор-бир аломатлар мавжуд эмас.

Таҳлил натижаларига асосланиб, адвокатлар контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида тузилган шартномалар ўзининг моҳиятига ва хусусиятига кўра ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси ҳисобланиши ҳамда воситачилик шартномаларига киритиши мумкин эмаслиги хусусидаги хулосага келдилар. Контент-провайдер эса воситачи сифатида қаралиши мумкин эмас.

Бундай хулосаларни олгач, кўпгина контент-провайдерлар хотиржам бўлишди, улар учун солиқ солиш объекти бўлиб олинган контент учун абонент тўлаган барча сумма эмас, балки ушбу сумманинг оператор томонидан унга ўтказадиган қисмигина ҳисобланади деб хулосага келдилар.

Биз ҳам абонентларга уяли алоқа компаниялари тармоғи орқали контент-хизматлар кўрсатилганда контент-провайдер воситачи ҳисобланмайди деб ҳисоблаймиз. Бироқ, фикримизча, у тузган, предмети уяли алоқа абонентларига хизмат кўрсатиш ҳисобланган шартнома ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси деб ҳисобланмайди. Зеро дарҳол саволлар туғилади: уяли алоқа оператори провайдердан қандай хизматни буюртиради ва бу ўзи учун бўладими? Агар провайдер операторнинг буюртмасини бажарса, нима учун шартномада абонент иштирок этяпти? Масалан, провайдер соврин фондига эга бўлган викторина ўтказяпти. У ким учун мўлжалланган: операторгами ёки унинг абонентларига?

 

Хизматларнинг икки тури

Тасаввур қилайлик, шартномада томонлар “Ижрочи” ва “Буюртмачи” деб эмас, балки “1-томон” ва “2-томон” ёки “Провайдер” ва “Оператор” деб белгиланган бўлади. Бундай шартномадан кимнинг кимлиги ва уяли алоқа абонентига қандай роль ажратилганлиги равшанроқ кўринади.

Нима учун контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида тузилган шартнома ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш шартномаси ҳисобланмайди?

Эътиборга оламиз, контент – медиа элементлар ва ахборот (расмлар, мусиқий файллар, матнлар (sms, wар-саҳифалар ва ҳоказо), жойлашган жойи ҳақида маълумотлар, видеороликлар, видеоқим, сўзли хабарлар.

Агар контент-истеъмолчи ахборот олса, фалсафий нуқтаи назардан олганда ҳаракатнинг номоддий (мантиқий, мавҳум) шакли шундай ахборот ҳисобланади, у мия томонидан тушунчалар, категориялар, тасаввурлар тарзида ҳосил қилинади. Ахборот аниқ маълумотларда: рақамлар, ҳарфлар, рамзлар, белгиларда моддийлашади, улар маънолар (тушунчалар)ни беради, зеро ҳаракатнинг номоддий шакли бошқача намоён бўлиши мумкин эмас. Яъни контент-провайдерлар мусиқий асарлар, матнларни қайта ишлаб, моддий (ашёвий) шакл оладиган контентларни ҳосил қиладилар. Бундай шакл улардан мобиль телефонларда фойдаланиш, мослаштирилган асарларни файл серверларида жойлаштириш ва уларни жўнатиш ёки муайян абонент сўровига жавобан уларга кириш имконини беради.

Ҳозирги вақтда контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасидаги шартнома бўйича абонентлар хизматларнинг 2 турини олмоқдалар.

Хизматларнинг биринчи тури. Уларни тақдим этаётганда ахборот мобиль девайслар/абонентлар телефонларига қўйилмайди (узатилмайди). “Cood’Ok” хизмати бунга мисол бўла олади, у кирувчи чақириқларнинг оддий сигналлари (гудоклар)ни чақирилувчи абонентнинг телефон гўшагида эшитиладиган куйлар ёки ҳазиллар (жумлалар)га алмаштиради. Унинг сўровига кўра контент-провайдер буюртирилган сигнални уяли алоқа операторининг ускунасига қўяди ва муайян вақт мобайнида уяли алоқа оператори абонентга хизмат кўрсатади – уни чақириш вақтида оддий бир андозадаги сигналлар ўрнига сўралган куй (жумла) чалинади. Абонентга қўнғироқ қилувчи гўшакда танлаб олинган сигнални эшитади, бироқ унинг ўзи ундан фойдалана олмайди.

Бошқача айтганда, хизмат алоқа тармоқлари орқали электромагнит импульслари тарзида узатилади ва контент-провайдер томонидан оператор ускунасига абонент буюртирган куй (жумла) қўйилганда моддий шакл олади. Бунда абонентга қайта ҳосил қилинган сигнал нусхасидан моддий объектни узатиш амалга оширилмайди.

Шу боис биз контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида “Cood’Ok” хизматини кўрсатишга тузилган шартномани ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш шартномаси деб ҳисоблашни ноўрин (нотўғри) деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳолда улар лицензия шартномасини имзолашлари лозим (Фуқаролик кодексининг 1036-моддаси). Унга кўра провайдер интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бўлган томон (лицензиар) сифатида бошқа томон – оператор (лицензиат)га тегишли объектдан фойдаланишга рухсат беради. Уяли алоқа оператори ва абонент учун эса “Cood’Ok” хизматини кўрсатиш шартномаси лозим.

Хизматларнинг иккинчи тури. Улар тақдим этилганда ахборот, масалан, об-ҳаво прогнози тўғрисидаги хабар, толенома ва ҳоказолар мобиль девайслар/абонентларнинг телефонларига қўйилади (узатилади). Ушбу ҳолда:

1) контент-провайдернинг сервер ускунасида хизматлар рўйхатига кўра контент (об-ҳаво прогнози, гороскоп ва ҳоказо ахборот) тўлдирилади (қўйилади);

2) абонент муайян буйруқни (рақамлар термасини) контент-провайдернинг қисқа рақамига жўнатиб, бу билан у ёки бу хизматга обуна бўлади (акцепт бажаради);

3) ҳар куни муайян вақтда контент-провайдернинг сервер ускунасидан абонентга об-ҳаво прогнози, гороскоп ва ҳоказо sms-хабарлари жўнатилади.

Бундай хизматлар тақдим этилганда воситачи ҳисобланувчи уяли алоқа оператори контент-провайдерга контентни абонентларга етказиб бериш бўйича алоқа хизматларини таъминлайди. Ушбу ҳолда оператор контент-провайдерга уяли алоқа абонентлари sms-хабарлар (sms-хизматларга сўровлар) юбориши мумкин бўлган рақамларни (қисқа, одатда 4 белгили) тақдим этади.

Бундан келиб чиқадики, контент-провайдер операторга эмас, балки унинг абонентларига ўз мажбуриятини бажариш (sms-хизматлар кўрсатиш) мажбуриятини олади, абонентлар эса унинг бажарилишини хизматга sms-сўровлар юбориш йўли билан бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалар, шундан кейин ахборот оператор тармоғи орқали мобиль девайслар/абонентлар телефонларига қўйилади (узатилади). Бинобарин, контент-провайдер унга тегишли бўлган контентни абонентларга оператор орқали реализация қиладиган шартнома воситачилик шартномаси ҳисобланади. Унга кўра провайдер контент етказиб берувчи, оператор эса уни абонентларга етказиб беришни таъминлайдиган воситачи ҳисобланади.

 

Юристлар қарши

Баъзи юристлар суратлар, куйлар ёки ахборотни мобиль телефонга кўчиришни олди-сотди шартномасининг турларидан бири деб ҳисоблашади. Яъни бир томон сотиш учун муайян товарни (суратлар, мусиқий файллар, матнли ахборотни) таклиф этади, бошқа томон эса уни сотиб олиб, унинг учун белгиланган нархни тўлаши шарт.

Биз контент (провайдер фаолияти маҳсулоти)ни абонент ёки уяли алоқа операторига топшириш олди-сотди ҳисобланмайди деб биламиз. Контент-провайдер ундан фойдаланиш ҳуқуқини топширади, айни шунинг учун муайян ҳақ ҳам олади.

 

Солиқ масаласига келсак...

Айтайлик, контент-провайдер ЯСТ тўловчисидир.

У абонентларга хизматларнинг биринчи турини тақдим этганда, бунда ахборот (контент) уларнинг мобиль девайслари/телефонларига қўйилмайди (узатилмайди), балки ҳуқуқ эгаларига тегишли бўлади, бунда солиқ солишнинг қуйидаги тартиби мақсадга мувофиқдир. Эслатиб ўтамиз, провайдер ва оператор лицензия шартномасини тузишади, унга кўра провайдер операторга муайян ҳақ эвазига контентга ҳуқуқий эгалик қилишни топширади. Ҳақ қатъий белгиланган бўлиши ёки оператор абонентларга кўрсатадиган хизматлар қийматининг бирор-бир фоизини ташкил этиши мумкин. Ушбу тўлов контент-провайдерда хизматлар кўрсатиш соҳаси корхоналари учун белгиланган ставкада (2016 йилда у 5%га тенг) солиқ солиш объекти ҳисобланади2. Улар ўртасидаги шартномада оператор томонидан абонентларга кўрсатиладиган “Cood’Ok” хизмати қиймати кўрсатилади, ҳуқуқ эгаси бўлмиш контент-провайдерга ҳақ шундан аниқланади.

Уяли алоқа компанияларида солиқ солиш объекти бўлиб абонентдан хизмат учун келиб тушган сумма ҳисобланади. Улар умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланганлиги боис хизматларни ҳам уларга ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда реализация қилиш керак.

Ахборот (контент) абонентнинг мобиль девайслари/телефонларига қўйиладиган (узатиладиган) хизматларнинг иккинчи тури кўрсатилганда солиқ солишнинг қуйидаги тартиби амал қилади.

Маълумки, провайдер уяли алоқа абонентларига контент-хизматларни мустақил равишда кўрсата олмайди, шу боис контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида воситачилик шартномаси тузилади, унга асосан оператор воситачи бўлади. Провайдер учун солиқ солиш объекти бўлиб абонент тўлаган контент-хизматлар реализациясидан тушум ҳисобланади. Абонентларга контент-хизматлар реализацияси ҚҚСни ҳисобга олмасдан амалга оширилиши кераклигини3 таъкидлаймиз, чунки провайдер ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди4.

Бунда, фикримизча, операторга абонентдан контент-хизмат учун келиб тушган барча сумма контент-провайдернинг мулки ҳисобланади, бу мулк бўйича контент-провайдер жавобгар ҳисобланади. Бинобарин, ушбу сумма унинг учун ялпи тушум (хизматни реализация қилишдан тушум) (Солиқ кодекси 355-моддасининг 2-қисми 1-банди), солиқ солинадиган база (Солиқ кодекси 356-моддасининг 1-қисми) ҳисобланади ва 5%лик ставкада солиқ солинади.

Уяли алоқа оператори учун реализациядан тушум бўлиб контент-провайдер шартномада белгиланган миқдорда тўланадиган воситачилик ҳақи ҳисобланади, унга умумбелгиланган солиқлар солинади.

Хулоса чиқарамиз. Нафақат контент-провайдерлар, балки уяли алоқа компаниялари ҳам контент-хизматлар тақдим этиш бўйича фаолиятни амалдаги қонун ҳужжатларининг меъёрларига мувофиқлаштиришлари, шунингдек мазкур хизматлар реализациясидан олинган тушумга тузатиш киритишлари ва солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишлари керак.

 

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ,

ДСҚ ҳузуридаги РАММ

ТШБ директори.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

“Norma Online” эксперти.

 

Уяли алоқа соҳасида солиқ солиш тўғрисидаги ушбу мақола фақат солиқ тўловчилар – контент-провайдерлар ва операторлар учунгина долзарб эмас. Зеро солиқлар ҳатто жуда содда уяли алоқа телефонларидан фойдаланиш нархларига ҳам татбиқ этилади.

Муаллифларнинг баъзи хулосаларини баҳсли дейиш мумкин. Бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас. Зеро мақолада кўриб чиқилаётган вазиятларни бир хилда баҳолаш учун меъёрий база мавжуд эмас. Солиқ солиш амалиёти эса бор.

Хуллас, келинг, муҳокама қилайлик. Ушбу мавзу кимгадир тааллуқли бўлса ёки кимнидир шунчаки қизиқтирса, муаллифларга бирор масалада асосли эътироз билдира олса ёки қўллаб-қувватласа, norma.uz сайтида мунозарада иштирок этишга таклиф қиламиз.

 

 


1Ушбу мавзуга оид материаллар “СБХ”нинг 19.11.2013 йилдаги 46 ва 10.12.2013 йилдаги 49-сонларида (“Рақам”га солиқ қандай солинади?”), 29.12.2015 йилдаги 52 ва 12.01.2016 йилдаги 2-сонларида (“Воситачими ёки етказиб берувчи?”) чоп этилган.

2Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун (савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан ташқари) ягона солиқ тўлови ставкаларининг 1-бандига қаранг (Президентнинг ПҚ-2455-сон қарори 10-1-илова).

3Бу ерда Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг (МВ ва ДСҚ қарорига 3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 43-бандига эътибор қаратамиз. Унга кўра ҚҚС тўловчиси бўлиб ҚҚС тўловчиси бўлмаган комитентнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи, харидор номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини кўрсатмайди ваҚҚСсиздеб ёзиб қўяди.

4Айни вақтда Солиқ кодекси 354-моддасининг 4-қисмига кўра ЯСТ тўловчилари, агар улар Солиқ кодесининг 199-моддасига мувофиқ, ушбу солиқ солинадиган оборотни амалга оширсалар, ҚҚСни ихтиёрий тўлашлари мумкин.

 

 

 

Прочитано: 2492 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика