Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 24 / Божхона

БЮДда хатоларга ўрин йўқ

 

2016 йил 21 апрелда ДБҚнинг “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга кирди. Уни қўллаш амалиёти БЮД графаларини тўлдириш тартиби бўйича саволларни юзага келтирди. Йўриқноманинг бир хилда тушунилишини таъминлаш, БЮДни расмийлаштиришда хатоларнинг олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ўз тушунтиришларини тайёрлади.

 

Лотин алифбосидаги маълумотлар

 

Интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масаласига янги Божхона кодексида 56-боб бағишланган. Унинг талаблари, хусусан, Йўриқноманинг 11-бандида эътиборга олинган, унга кўра агар товарнинг кузатув ҳужжатларида шахслар, товарлар, транспорт воситалари номланишлари ва бошқа маълумотларнинг лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ. к.) алифболар ҳарфларида ёзилганлиги ҳолатлари учраса, у ҳолда бундай маълумотлар БЮДда лотин алифбоси ҳарфлари билан, кирилл алифбосидаги номланишлар кирилл алифбоси ҳарфлари билан ёзилади.

 

МИСОЛ. Шахснинг номи — Central Global Cargo Gmbh, Xinjiang Zhongtai Chemical Co., LTD, Магнитогорский металлургический комбинат, Куприянов Игорь Михайлович;

автотранспорт воситаси номи — техник восита паспорти ёки расмий справочникларга мувофиқ — Toyota Land Cruiser, BMW 523i, MAN, КАМАЗ, МАЗ;

товар номи — Mars, Adidas, Алёнка, Русское поле.

 

Ушбу банднинг бажарилиши божхона органларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишни таъминлаш, БЮДдан ТИФ қатнашчилари, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида янада тўлиқроқ ва аниқроқ маълумотлар олиш имконини беради.

 

Графаларнинг айрим жиҳатлари

1. Экспорт божхона режимида БЮДни тўлдириш чоғида  товарнинг юк жўнатувчи томонидан ишлаб чиқарилганлиги ёки у томонидан ишлаб чиқарилмаганлиги тўғрисидаги белги (тегишлича “1” ёки “0”), эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида эса товар юкни қабул қилувчининг ўз эҳтиёжи учун мўлжалланганлиги ёки ўз эҳтиёжи учун мўлжалланмаганлиги тўғрисидаги белги (тегишлича “1” ёки “0”) БЮДнинг 1-графаси 3-бўлмасида эмас, балки ­43-графасида кўрсатилади.

2. Экспорт божхона режимида БЮДнинг 2-графаси (“Экспортчи/юкни жўнатувчи”) ҳамда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 8-графасини (“Импортчи/юкни қабул қилувчи”) тўлдириш тартиби жиддий равишда ўзгартирилган.

Ушбу ўзгартиришларга асосан:

экспорт чоғида, яъни жўнатувчи товарни экспортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан жўнатаётган бўлса ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда БЮДнинг 2-графасида аввал экспортчининг (товарни етказиб бериш тўғрисида топшириқ берган шахснинг) қисқача номи, сўнгра жўнатувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади (Йўриқноманинг 22-банди 2-кичик банди);

эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида товарларни расмийлаштириш чоғида, агар импортчи ва юкни қабул қилувчи турли шахслар бўлса, яъни қабул қилувчи товарни импортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан қабул қилиб олаётган бўлса ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда БЮДнинг 8-графасида аввал импортчининг (товарни қабул қилиб олиш тўғрисида топшириқ берган шахснинг) қисқача номи, сўнгра қабул қилувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади (Йўриқноманинг 25-банди ­6-кичик банди).

Товарларни вақтинчалик сақлаш (ИМ70) ва божхона омбори (ИМ74) божхона режимларига жойлаштиришда товарнинг импортчиси (молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахс, якуний истеъмолчи) тўғрисидаги маълумотлар маълум бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли БЮДнинг 8-графасида товарнинг импортчиси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт эмас.

3. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 18-графасида (“Жўнатиш/етказиб бериш вақтидаги транспорт воситаси”) товарларни Ўзбекистон божхона ҳудуди бўйлаб ташиган, яъни товарни Ўзбекистон чегарасидаги ўтказиш пунктидан божхона режимига жойлаштириш учун божхона органига етказиб берган транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади (Йўриқноманинг 25-банди 14-кичик банди).

МИСОЛ. Товар Бразилияда денгиз транспортига юкланди. Россияда у темир йўл транспортига қайта юкланиб, Ўзбекистон чегарасини унда кесиб ўтди ва «Қорақалпоғистон» станциясига келиб тушди. Бу ерда товар автотранспортга қайта юкланди ва “Аркбулоқ” божхона постига юборилди. Бу ерда у маълум бир божхона режимига (вақтинчалик сақлаш, божхона омбори, эркин муомалага (импорт) чиқариш ва ҳ.к.) жойлаштирилади. БЮДнинг 18-графасида автотранспорт ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

4. БЮДнинг 20-графасини (“Етказиб бериш шартлари”) тўлдириш тартибида ўзгаришлар бўлганлигига эътибор беринг. Унда товарларни етказиб бериш шартлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда, бундан буён етказиб бериш шартининг рақамли ва ҳарфли коди, географик пункти билан бир қаторда, ушбу пункт жойлашган мамлакатнинг ҳарфли коди ҳам кўрсатилади. Агар етказиб бериш пункти икки мамлакат чегарасида жойлашган бўлса, мазкур иккита мамлакатнинг ҳарфли кодлари ҳам кўрсатилиши лозим. Ушбу ўзгартириш товарларнинг статистик қийматини тўғри белгилаш имконини беради, амалиётда юзага келаётган айрим мунозарали ҳолатларнинг олдини олади.

5. БЮДнинг 30-графаси “Товарларни кўздан кечириш жойи”да БЮДни тақдим этиш вақтида товарлар назорати остида турган божхона постининг коди (товар аввал божхона режимига жойлаштирилмаган бўлса божхона кўригини амалга оширадиган пост ёхуд вақтинчалик сақлаш ёки божхона омбори режимларига жойлаштирган пост) ҳамда БЮДни тақдим этиш вақтида товарлар турган жой ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим. Агар товар божхона омборида турган бўлса, товар вақтинчалик сақлаш ёки божхона омбори божхона режимларига жойлаштирилган-жойлаштирилмаганлигидан қатъи назар, божхона омборини таъсис этиш учун берилган лицензия рақами ва санаси кўрсатилади.

6. БЮДнинг 31-графасини (“Юк жойлари ва товар тавсифи”) тўлдириш тартибига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар товар тўғрисида имкон қадар тўлиқ ва тўғри маълумот олишга қаратилган. БЮДнинг 31-графасидаги маълумотлар товар ТИФ ТН кодининг, божхона қиймати тўғри белгиланиши ва божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши, товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга доир тақиқ ва чекловларга риоя этилишига бевосита боғлиқлиги сабабли, уни Йўриқнома талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тўлдириш муҳим аҳамиятга эга. БЮДнинг 31-графасида товарнинг номи, товар белгиси, маркаси, модели, бренди, артикуллари, навлари, стандартлари ва бошқа техник ва тижорий тавсифлари, товарнинг миқдорий ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар, маркировкалари, ўрамлари, товар ташилган контейнерлар ҳамда товар бўйича божхона тўловлари ҳисобланиши, иқтисодий сиёсат чораларининг қўлланилиши учун зарур бўлган кўрсаткичлари ва товар ҳақидаги бошқа маълумотлар батафсил кўрсатилиши талаб қилинади. БЮДнинг 31-графасини тўлдиришда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

а) товарлар тўғрисида 31-графада “1”, “2”, “4”, “5” тартиб рақамлари остида маълумотлар, 31-графа детализациясида эмас, балки электрон БЮДда бевосита товар ҳақида умумий маълумотларни киритиш учун ажратилган майдончада кўрсатилади (келгусида Йўриқнома талабларидан ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолардан келиб чиққан ҳолда ­31-графа тузилмаси такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқдир);

б) 31-графанинг пастки чап бурчагида экспортда товар ишлаб чиқарувчисининг ёки импортда товар истеъмолчисининг КТУТ коди кўрсатилади. Агар товар ишлаб чиқарувчиси ёки истеъмолчиси номаълум бўлса ёки улар бир нечта бўлса, экспортда экспортчининг ёки импортда импортчининг КТУТ коди кўрсатилади. Экспортчи ёки импортчи деганда молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахс (контракт эгаси) ёки юк жўнатувчига юкни жўнатиш, юкни қабул қилувчига юкни қабул қилиш тўғрисида топшириқ берган шахсни тушуниш лозим.

7. БЮДнинг 36-графасини (“Преференция”) тўлдиришда:

а) агар импорт қилинаётган товарга нисбатан савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими тўғрисидаги битим доирасида преференция берилаётган (импорт божхона божи белгиланган ставка бўйича ундирилаётган) бўлса, бундай ҳолатда божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланиши сабабли импорт божхона божини тўлаш хусусиятининг коди – “0” кўрсатилади;

б) агар амалдаги қонун ҳужжатларига асосан товарга нисбатан акциз солиғи ставкаси белгиланмаган бўлса, акциз солиғини тўлаш хусусияти коди – “0” кўрсатилади;

в) агар қонун ҳужжатларига мувофиқ товарга нисбатан “0” ставкада божхона тўловлари белгиланган бўлса, тегишли божхона тўловини тўлаш хусусиятининг коди – “0” кўрсатилади;

г) агар импорт қилинаётган товарга нисбатан Эркин садо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим доирасида преференция қўлланилаётган бўлса (товар импорт божхона божини тўлашдан озод этилаётган бўлса):

 импорт божхона божини тўлаш хусусиятининг коди ­– “Е” кўрсатилади;

 импорт божхона божи бўйича берилган преференциядан келиб чиққан ҳолда, ҚҚС бўйича қисман имтиёзлар ҳисобланганлиги сабабли ҚҚСни тўлаш хусусиятининг коди - “Е” кўрсатилади;

д) товарларни божхона тўловларини тўлашдан озод этиладиган ёки шартли озод этиладиган божхона режимларига жойлаштиришда (масалан, божхона омбори, божхона ҳудудида қайта ишлаш, реэкспорт режимларида ва ҳ.к.) божхона тўловларини тўлаш хусусиятининг коди – “0” кўрсатилади;

е) товарлар экспортида божхона тўловларини тўлаш хусусиятининг коди – “0” кўрсатилади.

8. БЮДнинг 37-графасини (“Процедура”) тўлдиришда:

маҳсулотларни тақсимлаш бўйича битимлар доирасида олиб ўтилаётган товарлар бўйича товарларни олиб ўтиш хусусияти коди – “062” кўрсатилади;

вақтинчалик олиб кириш ёки вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимларига жойлаштирилаётган ҳамда вақтинчалик олиб кириш божхона режимидан сўнг қайтариб олиб чиқиб кетилаётган ёки вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимидан сўнг қайтариб олиб кирилаётган товарлар бўйича уларнинг вақтинчалик олиб кириш ёки вақтинчалик олиб чиқиш муддатига қараб тегишлича “023”, “024”, “123”, “223”, “124”, “224” олиб ўтиш хусусиятлари кодларидан бири қўйилади.

9. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 40-графасини (“Умумий декларация/аввалги ҳужжат”) тўлдириш тартибига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан:

агар расмийлаштирилган товарлар аввал бошқа божхона режимига жойлаштирилган бўлса, графада товарларни аввалги божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлган БЮД ҳақидаги маълумотлар;

 

МИСОЛ. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис божхона постига тартиб рақами (“000012”) остида БЮД юборди. Маълум вақт ўтгач мутахассис БЮДда хато мавжудлигини аниқлади. Бу ҳолда мутахассис хатони тўғрилаб, БЮДни худди шу тартиб рақами билан (“000012”) божхона постига қайтадан юбориши керак. Мазкур ҳолатда, маълумотларни автоматлаштирилган қайта ишлаш тизими (МАҚИТ):

 агар БЮД тақсимланмаган ёки рўйхатга олинмаган бўлса, автоматик тарзда аввалги БЮДни “Қайтарилган” мақомига ўтказади ва унинг ўрнига тўғриланган БЮДни қабул қилади;

 агар БЮД рўйхатга олинган бўлса, мутахассис бу ҳақда тегишли хабарнома олади. Бу ҳолда мутахассис ўрнатилган тартибда божхона постига мурожаат қилиши лозим.

 

агар товарларга нисбатан аввал БЮД тақдим этилмаган бўлса, графада товарларни божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун ички божхона органига етказиб бериш учун асос бўлган етказиб беришни назорат қилиш ҳужжатлари (юкни етказиб беришни назорат қилиш китобчаси, МДП китобчаси) ҳақидаги маълумотлар Йўриқномада белгиланган тартибда кўрсатилади.

10. БЮДнинг 44-графасини (“Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар”) тўлдиришда БЮДни тўлдиришга асос бўлган ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар лозим, божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган Ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичига мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини қўйган ҳолда кўрсатиш керак (Йўриқноманинг 12-иловаси). Бундан ташқари:

а) агар товар маҳсулот тақсимотига доир битим доирасида олиб ўтилаётган бўлса, ушбу битим ҳамда товарларни етказиб бериш (олиб кириш) бўйича келишув (контракт) тўғрисидаги маълумотлар БЮДнинг 44-графасида “301” тартиб рақами остида “КНТ” коди билан кўрсатилади;

б) БЮДни тўлдиришда фойдаланилган, лекин Таснифлагичда келтирилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар БЮДнинг 44-графасида “899” тартиб рақами ва “ДРГДОК” ҳарфли коди остида кўрсатилиши лозим. Бунда ҳужжатнинг тўлиқ номи электрон БЮДда изоҳлар учун алоҳида ажратилган майдончада кўрсатилиши мумкин.

11. БЮДнинг 46-графасини (“Статистик қиймат”) тўлдиришда қиймат минг АҚШ долларида кўрсатилиши ва вергулдан сўнг уч белгигача аниқликда яхлитланиши лозим.

12. БЮДнинг 54-графасини (“Жой ва сана”) тўлдириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, қўшимча равишда:

божхона брокери ва декларант (юк эгаси) ўртасида битим мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида божхона брокери ва топшириғига асосан БЮД тақдим этилаётган шахс ўртасидаги битим рақами ва санаси кўрсатилиши;

битта товар бўйича хатоликлар туфайли бир нечта БЮДларнинг расмийлаштириб юборилганлиги ҳолатлари юзага келаётганлигини эътиборга олиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мутахассис томонидан БЮДга берилган тартиб рақами кўрсатилиши талаб қилинади.

 

Режимларни аниқлаштирамиз

 

13. Йўриқноманинг 35-бандига асосан аввал вақтинчалик олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади.

14. Йўриқноманинг 39-бандига асосан аввал вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайтариб олиб кириш реимпорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади.

15. Товарларни божхона омбори божхона режимига жойлаштиришда товарнинг божхона қийматини аниқлаш ва БЮДнинг 45-графасини (“Божхона қиймати”) тўлдириш масаласи узоқ вақтлардан буён баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди. Бундай баҳс-мунозараларга қонун ҳужатларида товарнинг божхона қиймати – божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати сифатида белгилаб қўйилганлиги (Божхона кодексининг аввалги таҳрири 106-моддасида ҳамда янги таҳрирдаги Божхона кодексининг 301-моддаси). Бироқ товарларни божхона омбори божхона режимига жойлаштириш вақтида аксарият ҳолатларда зарур ҳужжатлар етарли бўлмаганлиги учун божхона қийматини аниқлаш имконияти мавжуд эмаслиги сабаб бўлаётган эди. Бундай баҳс-мунозараларга чек қўйиш мақсадида Йўриқноманинг 45-банди 2-кичик бандида божхона омбори божхона режимида тўлдирилаётган БЮДнинг 45-графасида товарнинг божхона қиймати сифатида БЮДнинг 42-графасида кўрсатилган фактура қиймати қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

16. Товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлагандан сўнг қайтариб олиб киришда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишланган қайта ишлаш маҳсулотларини ҳамда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарларнинг чиқиндиларини қайтариб олиб кириш эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида (Божхона кодекси 53-моддаси ва Йўриқноманинг 72-банди);

божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарни ҳамда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарнинг қолдиқларини қайтариб олиб кириш реимпорт божхона режимида амалга оширилади (Божхона кодекси 52-моддаси ва Йўриқноманинг 74-банди).

17. Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилган қайта ишлаш маҳсулотларини, божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилган товар, товарнинг чиқиндилари ва қолдиқларини қайтариб олиб чиқиб кетиш реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади (Божхона кодекси 32-моддаси ва Йўриқноманинг 79-банди).

18. Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида”ги қарорининг (30.04.1999 йилдаги 204-сон) иловасига мувофиқ товарларни божхона расмийлаштируви учун йиғим:

а) “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида товарларни қайта ишлаш бўйича хизматлар қийматидан 0,1 фоиз, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

б) “Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимида товарларни қайта ишлаш бўйича хизматлар қийматидан 0,2 фоиз, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда олинади.

Товарларни беғараз (тўловсиз) асосда қайта ишлашда, қайта ишлаш бўйича хизматлар бепул кўрсатилаётганлигини инобатга олиб, божхона расмийлаштируви учун йиғим энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

19. БЮДда қиймат кўрсаткичлари кўрсатиладиган графалар сони чекланганлиги сабабли, “Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимидан сўнг олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларини “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштиришда қайта ишлаш бўйича операциялар қиймати БЮДнинг ­31-графасида кўрсатилиши мумкин. Йўриқноманинг 73-бандига асосан БЮДнинг 42-графасида қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати, 45-графада қайта ишлаш бўйича операциялар қийматини ҳисобга олган ҳолда товарнинг божхона қиймати, 46-графада товарнинг божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган статистик қиймати кўрсатилади.

20. Йўриқноманинг 75-банди 1-кичик бандига асосан илгари божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни ҳамда қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарнинг қолдиқларини реимпорт режимига мувофиқ қайтариб олиб киришда БЮДнинг 42-графасида ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) валютасида 31-графада, қайта ишлаш амалга оширилган ёки амалга оширилмаганлигидан қатъи назар, декларацияланаётган товарни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати кўрсатилади. Ушбу тартиб Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) контрактларнинг ҳисоби тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида киритилган.

 

Тушунтиришни ЎзР Давлат божхона қўмитаси Божхона статистикаси ва таҳлил марказининг мутахассислари тайёрлаганлар.

Прочитано: 2198 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика