Корхонада ошхона фаолият юритади. Биз ундаги овқатланиш қийматини даромад солиғини аниқлаш учун ходимнинг даромадига киритамиз, кейин эса овқатланиш суммасини иш ҳақидан чегирамиз. Таътил учун компенсацияни ҳисоблашда овқатланиш қийматининг 1/12 қисмини киритамиз. Ҳисоб-китобни тўғри қиляпмизми?
Т.Садовникова,
бош бухгалтер.
– Фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация 2 ҳолатда тўланиши мумкин:
ходим энг кам давом этадиган йиллик таътилдан (15 иш куни) ортиқ кунлар учун компенсация олиш истагини билдирганда;
ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда.
Компенсация суммаси ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уни ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг 1/12 қисмига оширилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Унга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва мажбурий суғурта бадаллари ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-банди).
Сиз овқатланиш қийматини тарифдан (лавозим маошидан) ортиқча тўловларга киритиб, таътил пули компенсациясини тўғри ҳисоблаяпсиз. Овқатланиш қиймати ёки унинг қоплами ижтимоий суғурта ажратмалари (ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари) солинадиган компенсация тўловларига киради (Солиқ кодексининг 174-моддаси). Шу сабабли таътил пулини ҳисоблашда ушбу қўшимча тўловлар тарифдан ортиқча қисмга киритилади.
Фойдаланилмаган таътил учун компенсация суммаси ходимнинг жами даромадига киритилади ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ШЖБПҲга ажратмалар, суғурта бадаллари ва ЯИТ солиш объекти ҳисобланади.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.