Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 20 / Солиқ солиш

Тадбиркор бўлайми ёки МЧЖ очайми?

 

Мен гўзаллик салонини очмоқчиман, бироқ уни қайси ташкилий шаклЯТТ ёки МЧЖ шаклида рўйхатдан ўтказиш кераклигини билмаяпман. Коллеж ва лицейлар битирувчилари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган имтиёзлардан фойдаланмоқчиман. Ўнга яқин ходим ёлламоқчиман. Якка тартибдаги тадбиркор усталар ёки ходимлар билан ёллаш шартномасини туза оладими?

Агар ЯТТ гувоҳномасини лицей битирувчиси номига расмийлаштирсам, қанча солиқ тўлайман? МЧЖда солиқ солиш тартиби қандай? ЯТТ учун ва МЧЖ учун қандай имтиёзлар мавжуд? Ҳозир ЯТТ очиб, кейин уни МЧЖ шаклида қайта ташкил этиш мумкинми?

Ю.Носиров.

 

 

– Сартарош, косметолог, маникюр, педикюр хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар маиший хизматлар сирасига киради. Уларни ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар кўрсатиши мумкин.

 

Юридик шахсни ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилганда солиқ солиш

Якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни уларнинг фаолият тури учун белгиланган ставкаларда тўлайдилар. Уни ЯТТ ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ инспекцияси ҳисоблаб чиқаради. Қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай ҳар ойда, солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Янги рўйхатдан ўтган ЯТТ, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди. Касб-ҳунар коллежи битирувчиси коллежни тамомлагандан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилади. ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтилган пайтдан бошлаб 12 ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади (Солиқ кодексининг 375-моддаси).

Маиший хизматлар кўрсатувчи ЯТТ учун 2016 йилда қатъий белгиланган солиқ ставкаси Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ­ПҚ-2455-сон Қарорига 12-илова билан қуйидагича тасдиқланган:

Тошкент шаҳрида – ЭКИҲнинг 3,5 баравари;

Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – ЭКИҲнинг 1,5 баравари;

бошқа аҳоли пунктларида – ЭКИҲнинг 0,5 баравари.

Қатъий белгиланган солиқ йил бошида белгиланган ЭКИҲдан (2016 йил 1 январь ҳолатига кўра – 130 240 сўм) келиб чиқиб ҳисобланади ва йил давомида ЭКИҲ ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Ходимларни ёллаган ҳолда хусусий тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган фаолият турларининг рўйхатига (ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон Қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 1-илова) мувофиқ, аҳолига маиший хизматлар кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор кўпи билан 3 нафар ходимни ёллаши мумкин. Агар у ходимларни ёлласа, зиммасига унинг ҳар бир ходими учун ЯТТ томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган ставканинг 30%и миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш мажбурияти юклатилади.

ЯТТ касб-ҳунар коллежи (лицей эмас) битирувчиси бўлган ходим учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан у коллежни тамомлаганидан эътиборан 12 ой мобайнида озод этилади (Солиқ кодексининг 374-1-моддаси).

Қатъий белгиланган солиқ билан бир қаторда ЯТТ календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, суғурта бадалларини ҳар ойда қуйидагича тўлайди:

1) якка тартибдаги тадбиркор ўзи учун – ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда;

2) у билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 50%и миқдорида (Солиқ кодексининг 311-моддаси).

Тошкент шаҳрида маиший хизматлар кўрсатувчи, учта ходим билан ёллаш шартномасини тузган тадбиркорнинг 1 ойлик иши учун мажбурий тўловлар суммасини ҳисоблаб чиқамиз.

Қатъий белгиланган солиқ 866 096 сўмни ташкил этади:

ЯТТнинг ўзи учун – 455 840 сўм (3,5 х 130 240);

барча ходимлар учун – 410 256 сўм (455 840 х 30% х 3).

Суғурта бадаллари – 325 600 сўм (130 240 + (50% х 130 240) х 3).

Солиқ мажбуриятлари ойига 1 191 696 сўмни ташкил этади.

 

Маиший хизматлар кўрсатувчи МЧЖга солиқ солиш

Сиз мўлжаллаётган ходимлар сонидан келиб чиқилса, МЧЖ солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини танлай оладиган кичик корхоналар жумласига киради. Кичик бизнес корхоналарига киритиш учун ходимлар сони мезонига риоя этиш зарур (Солиқ кодексининг 350-моддаси 3-қисми). Аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг ноишлаб чиқариш турлари билан шуғулланадиган кичик корхоналарда (ХХТУТ коди – 90310) умуман олганда, 25 нафаргача киши ишлаши мумкин (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон Қарори билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификацияси).

2016 йил учун ЯСТ ставкалари Президентнинг ПҚ-2455-сон Қарорига 10-1-илова билан тасдиқланган. Аҳолига маиший хизматлар кўрсатувчи корхоналар учун ставка хизматларни сотишдан ялпи тушумнинг 5%ини ташкил этади. Ҳисобот даври (чорак) учун ЯСТ суммаси корхона фойдаланаётган ерлар эгаллаган жой учун белгиланган энг кам ставка бўйича аниқланадиган ер солиғининг 3 баравари суммасидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ЯСТнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди).

2016 йил учун ер солиғи ставкалари Президентнинг ПҚ-2455-сон Қарорига 20-илова билан тасдиқланган. Чунончи, Тошкент шаҳри бўйича унинг энг кам ставкаси 1 га (5-зона) учун 19 837 500 сўмни ташкил этади. Агар корхона Тошкентда майдони 100 кв.метрлик (0,01 га) хонани ижарага олса, ЯСТнинг энг кам миқдори ойига:

(3 х 19 837 500 х 0,01) / 12 = 49 594 сўмни ташкил этади.

Агар олинган тушумдан 5%лик ставкада ҳисобланган ЯСТ суммаси энг кам миқдордан оз бўлса, корхона 49 594 сўм тўлайди. Оилавий корхоналар, шунингдек янгидан ташкил этилган кичик бизнес корхоналари давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 6 ой давомида ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобламайдилар.

Қишлоқ жойларда сартарошхона ва гўзаллик салонлари хизматларини кўрсатувчи корхоналар 2017 йил 1 январгача ЯСТдан озод қилинган (Президентнинг 10.05.2012 йилдаги ПҚ-1754-сон Қарорига 5-илова).

Корхоналар ЯИТ тўлайдилар. Микрофирмалар ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари бундан мустасно, уни 15%лик ставка бўйича, бироқ ҳар бир ходимга ойига ЭКИҲнинг 65%идан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблайдилар (ВМнинг 13.02.2015 йилдаги 26-сон Қарори).

Якка тартибдаги тадбиркор юридик шахс эмас, балки жисмоний шахс бўлгани сабабли МЧЖ шаклида қайта ташкил этила олмайди. Жисмоний шахс юридик шахсни, масалан, МЧЖни таъсис эта олади. Исталган пайтда ЯТТ гувоҳномасини топшириш ва фаолиятини тугатиш мумкин. МЧЖни рўйхатдан ўтказиш ҳам анча қисқа муддатда амалга оширилади. Унинг тартиби Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган) ҳамда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова) билан белгиланган.

 

Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 16690 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-01-23 16:17:42, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика