ДБҚнинг Қарори (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди, у 2016 йилнинг 21 апрелидан кучга кирди. Йўриқнома янги Божхона кодекси (21.04.2016 йилдан амалга киритилган), «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ–4455-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (31.12.2014 йилдаги 376-сон) мувофиқ БЮДни тўлдириш тартибини белгилайди.
Товарларни декларациялаш божхона мақсадлари учун зарур бўлган маълумотларни электрон шаклда «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали ёки А4 форматдаги варақларда қоғоз шаклида амалга оширилади. БЮД қоғоз шаклида тақдим этилганда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис (декларант ёки божхона брокери номидан БЮДни тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига тақдим этиш учун ваколатли шахс) божхона органларига ўзининг ЭРИси билан тасдиқланган БЮДнинг электрон нусхасини ҳам тақдим этади. Электрон БЮД божхона органларига белгиланган формат ва тузилишга мувофиқ тақдим этилиши лозим.
БЮД тақдим этилгандан сўнг божхона органи мансабдор шахси унинг тўғри тўлдирилганлигини, божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатлар мавжудлигини текширувдан ўтказади. Камчиликлар аниқланса, бу ҳақда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни хабардор қилади.
Диққат! Декларацияланаётган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланмаслик ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни БЮДнинг тегишли графаларида акс эттирмаслик камчилик ҳисобланади.
Янги Йўриқнома амалга киритилганидан кейин таҳририятга юк декларациясини тўлдиришга доир саволлар келиб туша бошлади. Саволларга ЎзР Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Муталибжон СОЛИЕВ жавоб беради.
Агар импортчи ва олувчи турли шахслар бўлса...
Бизнинг ташкилотимиз юкларни етказиб бериш, расмийлаштириш ва сақлаш бўйича хизматларни кўрсатади. У хорижий компаниянинг топшириғига кўра унга тегишли бўлган товарни ўз манзили бўйича олади, уни «ИМ74» (божхона омбори) божхона режимига расмийлаштиради, ўша ерда товарнинг эгасидан унга бўлган ҳуқуқни учинчи шахсга ўтказиш тўғрисида фармойиш олгунига қадар сақлайди. Фармойиш олингач, ташкилотимиз пировард олувчига барча зарур ҳужжатларни (БЮД нусхаси ва товарнинг кузатув ҳужжатларини) топширади, у эса товарнинг божхона тозалови бўйича зарур таомилларни ўтказади ва товарни божхона омборидан олиб чиқиб кетади. БЮДни тўлдиришга оид янги йўриқноманинг амалга киритилиши билан товарларни «ИМ74» (божхона омбори) режимида декларациялашда қатор саволлар юзага келади.
1. Божхона омбори режимига жойлаштиришда БЮДда (8-графа) импортчи ҳақидаги маълумотларни эмас, балки фақат юкни қабул қилиб олувчи ҳақидаги маълумотларни кўрсатса бўладими, негаки, товарлар кейинчалик ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ёхуд реэкспорт бўйича учинчи мамлакатларга реализация қилиниши учун хорижий фирманинг топшириғига кўра хизматлар кўрсатиш шартномаси бўйича юкни қабул қилиб олувчининг омборига жўнатиляпти.
2. БЮДда (8-графа) импортчи, шунингдек экспортчи ҳисобланган хорижий фирма ҳақидаги маълумотлар кўрсатиладими?
3. БЮДда (8-графа) ЎзРда доимий муассасаси мавжуд бўлган импортчи хорижий фирма ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тақдирда, доимий муассасага тегишли СТИР кўрсатилиши шартми?
Л.Сонг.
– Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 44-бандига мувофиқ БЮДнинг 8-графаси товарларни олиб киришда Йўриқноманинг 25-банди талабларига мувофиқ тўлдирилади. Йўриқноманинг 25-банди 6-кичик бандига мувофиқ 8-графада товарлар импортчиси ва қабул қилувчиси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Агар импортчи ва юкни қабул қилувчи турли шахслар бўлса, яъни қабул қилувчи товарни импортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан қабул қилиб олаётган бўлса, ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда графада аввал қабул қилувчининг қисқача номи, жойлашган ери (юридик манзили), телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Шу билан бирга Йўриқноманинг 43-бандидан келиб чиқиб, товарларни божхона омбори божхона режимига жойлаштиришда ташқи савдо контрактининг тақдим этилиши талаб қилинмайди. Бинобарин, товарлар импортчиси (молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахс) мазкур даврда аниқланмаган бўлиши ва божхона омбори режимида БЮДни тўлдиришда 9-графа тўлдирилмаган бўлиши мумкин. Шу тариқа, божхона омбори режимида БЮДни тўлдиришда импортчи ҳақидаги маълумотларнинг кўрсатилиши шарт эмас, бироқ юкни қабул қилиб олувчи ҳақидаги барча зарур маълумотлар кўрсатилиши керак.
43-графада имтиёзлар кўрсатилади
Мақсадли ва мақсадсиз имтиёзларнинг амал қилиш доирасига тушадиган ТМЗлар ҳақидаги кўрсаткичлар БЮДнинг қайси сатрида акс эттирилади?
Декларант.
– Йўриқноманинг 25-банди 38-кичик бандига мувофиқ 43-графада қуйидагилар кўрсатилади:
«0» — агар юкни қабул қилувчи ўз эҳтиёжи учун мўлжалланмаган маҳсулотни олиб кираётган бўлса;
«1» — агар юкни қабул қилувчи ўз эҳтиёжи учун мўлжалланган маҳсулотни олиб кираётган бўлса.
Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар мавжуд бўлганда, Йўриқноманинг 23-банди 39-кичик бандининг талабларига мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан озод қилишни назарда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат БЮДнинг 44-графасида кўрсатилиши лозим.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.