Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида солиқ тўловчилар учун яратилаётган янги қулайликлар ҳақида республика видеосеминари бўлиб ўтди. Унда янги ишга туширилган электрон солиқ хизматлари my.soliq.uz порталининг имкониятлари тақдим этилди.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни қабул қилингани бу борада янада кенг имкониятлар яратди.
Солиқ тизимидаги янги портал аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг солиқ органлари билан ўзаро муносабатларини электрон шаклга ўтказди. Бу орқали соҳа фаолиятининг очиқлиги, тезкорлиги ва самарадорлик даражаси янада ошди.
Порталда электрон давлат хизматлари интерактив ва ахборот давлат хизматларига ажратилган. Хизматлар йўналишига кўра «мурожаатлар юбориш», «солиқларни тўлаш», «маълумотномалар олиш», «ҳисобга қўйиш» каби гуруҳларга бўлинган.
Давлат солиқ қўмитасининг 31 электрон давлат хизмати, шу жумладан, 18 интерактив ва 13 ахборот хизмати электрон солиқ хизматлари порталига жойлаштирилган. Бундан ташқари, 27 турдаги очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиш имконияти яратилган.
Порталда солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ барча масалаларни электрон шаклда ҳал этишга мўлжалланган юридик ва жисмоний шахсларнинг «шахсий кабинет»лари янада қулай кўринишда. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида «шахсий кабинет» жорий этилган.
Порталда солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар ва 14 турдаги маълумотномаларни олиш мумкин. Корхонанинг ҳисобрақамига қўйилган инкассо топшириқномалари рўйхати билан танишиш, солиқларни онлайн режимида тўлаш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарномалари тўғрисида тезкор хабардор бўлиш, фуқароларга ҳисобланган суғурта бадалларини кўриш каби ўнлаб янги имкониятлар яратилган.
Барча турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлаш тизими 24 соат давомида узлуксиз ва бепул ишлайди. Бу имкониятдан 110 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, 882 миллиард сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар масофадан туриб тўланган. Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб яна бир янгилик жорий этилди: корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорлиги ёки жорий йил учун ҳисобланган солиқларни «шахсий кабинет» орқали онлайн тўлаш имконияти яратилган.
Интерактив хизматлар ёрдамида жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини «Cliсk», «MВank» ҳамда «U-Pay» хизматлари орқали тўлаши ортиқча оворагарчиликдан халос этади. Шу пайтгача ушбу замонавий тўлов усулларидан 15 мингдан ортиқ солиқ тўловчи фойдаланиб, жами 700 миллион сўмлик солиқлар электрон шаклда тўланган.
Замонавий смартфон ва планшетлар учун фойдаланишга мўлжалланган «Soliq» мобиль иловаси ёрдамида Давлат солиқ қўмитасининг 15 турдаги интерактив хизмат турларидан тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.
Видеосеминарда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
ЎзА.