Унитар корхонага бош бухгалтернинг қариндошини ҳисоб-китоб бухгалтери қилиб ишга олиш мумкинми (уларнинг оталари – туғишган ака-ука)?
Н.Қўзиева,
кадрлар бўйича мутахассис.
– Афсуски, сизнинг унитар корхонангиз қайси фаолиятни амалга оширишини ёзмагансиз. Шу сабабли масалангизни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари меъёрлари ҳақида умумий тушунтириш берамиз.
Меҳнат кодексининг 79-моддасига мувофиқ, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади. Мазкур моддада бевосита бир-бирига бўйсуниб ишлай олмайдиган қариндошлар яқинлиги даражасининг батафсил рўйхати берилган.
«Яқин қариндошлар», яъни «яқин қариндош бўлганлар» тушунчаси Жиноят кодексида ҳам келтирилган. ЖКнинг Махсус қисми 8-бўлимига мувофиқ, қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари яқин қариндошлар деб тан олинади.
Иккита туғишган ака-уканинг болалари бир-бирига нисбатан амакивачча ҳисобланади, шу сабабли улар яқин қариндош ҳисобланмайди. Тегишинча, МКнинг 79-моддаси меъёрлари уларга татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Ҳукумати МКнинг 79-моддаси талабларидан истисноларни белгилаши мумкин. ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарори билан Давлат (акционерлик) корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасида назарда тутилган қариндош-уруғларнинг, агар уларнинг хизматлари улардан бирининг бошқасига бевосита бўйсуниши ёки назорати остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлари рўйxати (3-илова) тасдиқланган. Унга қуйидагилар киради:
хориждаги дипломатик хизмат ходимлари;
давлат қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ жойлардаги қишлоқ хўжалиги бўйича илмий-тадқиқот муассасаларида ишловчи қишлоқ хўжалиги мутахассислари;
темир йўл транспортининг линия корхоналари ходимлари, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг йўл, қурилиш-монтаж ва ихтисослаштирилган темир йўллар трестларининг қурилиш-монтаж ва кўприксозлик поездлари, механизациялашган колонналари ва бошқа ҳаракатланувчи тузилмаларининг ходимлари*;
алоқадан фойдаланиш корхоналари ва ташкилотлари ходимлари;
соғлиқни сақлаш даволаш-профилактика ва санитария-профилактика муассасаларининг шифокорлари;
барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар;
театрлар, бадиий жамоалар ва студияларнинг артистлари, рассомлари ва мусиқачилари;
илмий муассасалар ходимлари, шунингдек, сейсмик станциялар ходимлари;
Гидрометеорология бош бошқармаси тармоқ ташкилотларининг ходимлари;
дала геология экспедициялари, партиялари, отрядлари ва участкалари ходимлари;
қишлоқ жойларда ишлайдиган ўрмон ва сув хўжалиги мутахассислари, халқ таълими ходимлари, тиббиёт ходимлари, маданий-маърифий муассасалар ходимлари;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланишни амалга оширувчи йўл ташкилотларининг ходимлари*;
қурилиш-монтаж ва кўприксозлик поездлари, механизациялашган колонналар ва бошқа кўчма махсус қурилиш тузилмаларининг ходимлари*;
дарё флоти кемаларининг сузувчи таркиби ходимлари ва дарё транспортидан фойдаланиш корхоналари ва ташкилотлари ходимлари*;
магистрал қувурлар қурилиши ҳамда нефть ва газ конларини тартибга келтиришни амалга оширувчи қурилиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ихтисослаштирилган бошқарма ва участкаларнинг ходимлари*;
ҳавза ва кўллардаги балиқчилик хўжаликлари, балиқчилик заводлари, балиқ увилдириқларини сочиш ва уларни ўстириш хўжаликлари ва балиқларни озиқлантирадиган жойларнинг ходимлари*.
Тимур Мўминов,
«Norma Online» эксперти.
*Бу корхона ва ташкилотларнинг бош бухгалтерлари ва кассирларидан ташқари.