Ўқув муассасасида буфет очмоқчиман. Якка тартибдаги тадбиркор умумий овқатланиш соҳасида шуғуллана оладими? Агар мумкин бўлса, у ўқув муассасасида буфет очиш учун тендерда қатнаша оладими?
О.Қорабоев,
якка тартибдаги тадбиркор.
– Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 2-илова) мувофиқ, буфет – истеъмолчиларга чекланган турдаги қайноқ ва салқин ичимликлар, совуқ таомлар ва газаклар, нон-булка ва қандолат маҳсулотлари, шунингдек осон тайёрланадиган иссиқ ва ширин таомлар билан жадал хизмат кўрсатишга мўлжалланган корхонадир.
Қоидаларнинг 2 ва 3-бандларига мувофиқ, умумий овқатланиш соҳасидаги корхоналар умумий овқатланиш соҳасида пазандалик, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича вазифаларни бажарувчи, ҳар хил турларга бўлинувчи юридик шахслардир. Булар ресторан, вагон-ресторан, бар, кафе, ёзги кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва кичик ошхонадир.
Шу тариқа, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор буфет очиш ҳуқуқига эга эмас. Қонун ҳужжатлари билан унга миллий ширинликлар, нон-булка ва қандолат маҳсулотлари, поп-корн (бодроқ), фрезерда музқаймоқ, салатлар ва тузламалар тайёрлаш ва сотиш, шунингдек уй шароитида ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда ўтириш жойлари ташкил этмасдан доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ҳуқуқи берилган (Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 36-банди, ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илова).
Маҳкам Воҳидов,
«Norma Online» эксперти,
юридик фанлар номзоди.