ХУМШ уй-жой мулкдорлари билан ширкат ўртасидаги шартномани бузган тақдирда шартнома мажбуриятларига риоя этмаганлик учун унга нисбатан қандай жарима санкциялари қўлланилади?
Р.Иброҳимов.
– «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 3-моддасида назарда тутилишича, ширкат хусусий турар жойлар мулкдорларининг ташаббуси билан ташкил этилади, у нотижорат ташкилоти бўлиб, ХУМШдаги барча муносабатларни тартибга соладиган ўз уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатади.
Ширкат ва унинг аъзолари ўртасидаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатлари ҳамда ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари билан тартибга солинади (Қонуннинг 30-моддаси). Ушбу меъёрлар ХУМШ билан уй аъзолари ўртасида шартнома тузишни назарда тутмайди. У фақат ширкат аъзолари бўлмаган яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари билан тузилади (Қонуннинг 6-моддаси).
Агар раис ўз вазифаларини уддалай олмаса, қонун ҳужжатларини бузса, ХУМШ аъзолари умумий йиғилишда бошқа шахсни сайлашлари мумкин. Ширкат тафтиш комиссияси ваколатига ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш киради. Текшириш якунлари бўйича жиддий ҳуқуқбузарликлар аниқланганда тафтишчилар қонун ҳужжатларини бузганлик учун ХУМШ раҳбариятига нисбатан санкциялар қўллаши мумкин бўлган ваколатли органларга ёки даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлилар.
Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.