Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 08 / Шахсий манфаат

Судья адашганмиди?

 

Фуқаролик ишлари бўйича судга фуқаро С. турар жойга кўчиб кириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаб бериш даъвоси билан мурожаат қилди.

 

2012 йилда даъвогар аёл фуқаро Н.га турмушга чиққан. Улар эрнинг ота-онаси квартирасида яшашган, аёл ва унинг вояга етмаган икки фарзанди ҳам бу ерда прописка қилинмаган. 1,5 йилдан кейин эрнинг ота-онаси келинларини квартирадан ҳайдашди, у болалари билан ўзининг ота-онаси уйига яшаш учун кетди. Судга берган аризасида С. уни болалари билан бирга квартирага кўчиб киришини сўраган.

Иш бўйича жавобгар сифатида Н.нинг ота-онаси – низоли квартиранинг собиқ мулкдори ва унинг рафиқаси, шунингдек даъвогар аёлнинг эри жалб этилди. Уларнинг кўрсатишларича, С.ни ҳеч ким ҳайдамаган, унинг ўзи эри билан навбатдаги жанжалидан кейин кетган эмиш.

У кетгандан кейин бир неча ой ичида квартира фуқаро Т.га олди-сотди шартномаси бўйича сотилган, бу давлат нотариал идораси ва «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси органида тасдиқланган. Нотариус барча ҳужжатларни текширган ва квартира билан боғлиқ битимни амалга оширишни тақиқлаш учун асосларни аниқламаган.

Янги квартира соҳиби ҳам иш бўйича жавобгар бўлиб қатнашди. Унинг кўрсатишича, квартирада 3 киши (ота-она ва ўғил) пропискада бўлган, айни улар битимни расмийлаштириш пайтида квартирада яшаганлар. Уларнинг ҳаммаси рўйхатдан ўчишган ва турар жойни бўшатишган. Олди-сотди пайтида жавобгар аёл квартирада яшамаган ва уйда прописка қилинмаган. Ҳозирги вақтда квартиранинг мулкдори фуқаро Т. ҳисобланади, буни барча зарур ҳужжатлар тасдиқлайди.

Суд фуқаро С.нинг даъвоси бўйича ишни кўриб чиқаётганда квартира яна сотилган. Суднинг ҳал қилув қарори янги мулкдор учун тамомила кутилмаган бўлди. Зеро даъвогар аёлнинг талаблари қондирилиб, у вояга етмаган болалари билан квартирага кўчиб кирган эди.

Суд ана шундай қарор қабул қилди, чунки даъвогар аёл квартирада яшамаганлигининг 6 ойи тугашига қадар кўчиб кириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Уй-жой кодексининг (УЖК) ­52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой 6 ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради. Олий суд Пленумининг «Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг (2.05.1997 йилдаги 3-сон) 22-бандига кўра эса, хусусийлаштирилган турар жойлардан яшаш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги низоларни кўриш жараёнида ФКнинг 5-моддасидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш талабидан келиб чиқиб, судлар бу тоифадаги низоларни ҳал этишда Уй-жой кодекси талабларида кўрсатилган турар жойга нисбатан яшаш ҳуқуқининг сақланиш муддатлари ҳақидаги қоидаларга амал қилишлари лозим.

Албатта, лоақал ҳозирги вақтда квартира янги мулкдорининг ҳуқуқлари бузилаётганлиги боис суднинг ҳал қилув қарори тўғрилиги хусусида низолашиш мумкин.

Ҳаққоний равишда шундай савол туғилади: киши «тоза», «тақиқда» бўлмаган, барча рўйхатдан чиқарилган квартирани сотиб олса-ю, икки ойдан кейин унга таниш бўлмаган ёш аёлни болалари билан бирга кўчириб киритишса тўғри бўладими?

Низолашилаётган квартирага суд томонидан банд солинган тақдирда бундай ҳол юз бермаган бўлар эди.

Олий суд Пленумининг «Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ва уларни кўриш муддатлари тўғрисида»ги қарорининг (24.09.1999 йилдаги ­18-сон) 11-бандига мувофиқ агар даъвони таъминлаш бўйича чораларни кўрмаслик ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирадиган ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўядиган бўлса, судья Фуқаролик процессуал кодексининг (ФПК) 248-моддасига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш давомида судья даъвони таъминлаш бўйича чоралар қўллашга ҳақлидир. У буни ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризаси бўйича ҳам, ўзининг ташаббуси билан ҳам қилиши мумкин. Жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин (ФПКнинг 249-моддаси).

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза ишни кўраётган судья (суд) томонидан ариза тушган куниёқ жавобгарни ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал қилинади (ФПКнинг 250-моддаси).

 

Ахтам Ҳикматов, адвокат.

Прочитано: 2447 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика