Пойтахтимиз банкларидан бирида пенсионерлар орасида ғалати тажрибага жалб этилган. Бу қандай тажриба эди ва уни ўтказган банк ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонуний эдими, булар тўғрисида «Пенсия иши» иловамизни ўқиб, билиб оласиз.
Агар сиз экспертларимиздан бирон нарса хусусида сўрамоқчи бўлсангиз, norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» хизматидан ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва sbx@norma.uz электрон манзилларидан фойдаланинг.
Сўровга дастурий мажмуа жавоб беради
Ахборот-коммуникация технологиялари ҳар бир вазирлик, идора ёки муассаса ишининг ажралмас қисмига айланяпти. Бунга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан «Пенсия» дастурий мажмуасининг жорий этилиши мисол бўла олади. Ҳозирги вақтда ушбу тизим жамғарманинг барча 195 туман ва шаҳар бўлимларида муваффақият билан қўлланмоқда. Унинг ишлаши хусусида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассиси Зафаржон Хўжаев ҳикоя қилади.
– «Пенсия» дастурий мажмуасининг мақсад-моҳияти нималардан иборат?
– «Пенсия» дастурий мажмуаси пенсия ва ижтимоий нафақалар оладиган фуқаролар тўғрисидаги барча ахборот тўпланган маълумотлар ягона базасидир. У пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ҳисоб-китоб қилиш, қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек ҳар ойда ҳисоблаш ва тўлаш жараёнларини автоматлаштиришни таъминлайди.
Ҳозирги вақтда унда 3 млн нафардан ошадиган пенсионерлар ва нафақа олувчилар тўғрисидаги маълумотлар: уларнинг шахсий паспорт маълумотлари, яшаш жойлари, СТИР ва ШЖБПҲлари, ногиронлик ва навбатдаги қайта шаҳодатлаш, меҳнат стажи ва иш ҳақи, пенсия ёки нафақа миқдори, компенсация ва бошқа тўловлар, боқувчининг қарамоғидагилар сони тўғрисидаги ахборот ва уларнинг паспорт маълумотлари жамланган.
– Дастурий мажмуанинг иши исталган вақтда муайян давр учун муҳим бўлган ахборотни олиш имкониятини яратади. «Пенсия» ДМ бошқа идораларнинг тизимлари билан боғлиқми?
– Идоралараро «Нафақа» ягона ахборот тизими Пенсия жамғармаси, вазирлик ва идораларнинг электрон базалари ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлайди. Ушбу лойиҳани рўёбга чиқариш Вазирлар Маҳкамасининг «2015–2017 йилларда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (19.10.2015 йилдаги 297-сон) мувофиқ амалга ошириляпти.
Маълумотларнинг электрон алмашинуви аллақачон йўлга қўйилган. Чунончи, Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларнинг ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотлар 2015 йилнинг I ярмидан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида шакллантирила бошланди. 2016 йил I чорагидан ушбу амалиёт Ўзбекистоннинг бутун ҳудудига татбиқ этилди (Вазирлар Маҳкамасининг 14.04.2015 йилдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотларни якка тартибда ҳисобга олишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 90-сон Қарори).
2015–2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини жорий этиш режа-жадвалига (ВМнинг 297-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва тижорат банклари ўртасида Марказий банк орқали ахборот алмашинуви амалга ошириляпти. Босқичма-босқич унга олий ва ўрта махсус таълим, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Молия вазирлиги Ғазначилиги, Олий суднинг электрон маълумотлар базалари уланади. Бу эса бизга пенсионер ҳаётининг барча жабҳалари – маълумоти, меҳнат фаолияти, солиқлари, ижтимоий аҳволи, қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши ва ҳоказолар тўғрисида зарур ахборотга эга бўлиш имконини беради.
Режа-жадвални тўлиқ рўёбга чиқариш 2017 йил охирида якунланади.
– Пенсия жамғармаси бўлимларининг ходимлари эндиликда уларга мурожаат қилган фуқароларнинг пенсия ва тўловларини тайинлаш ёки қайта ҳисоблаш учун зарур ҳужжатларни ўзлари бевосита талаб қила оладиларми?
– У ёки бу вазирликнинг ахборот тизимига киритилган, уларга пенсия ёки нафақалар тайинлаш учун зарур бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар Пенсия жағармасининг электрон сўрови асосида электрон шаклда тақдим этилади. Ушбу механизмни ишга тушириш учун фуқароларга тегишли ариза билан Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиш етарлидир. Шу тариқа, пенсия ва нафақаларни тайинлаш учун зарур қоғоз шаклидаги маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш зарурати йўқолади.
Масалан, бугунги кунда пенсионер иш стажини тасдиқлаш учун архив муассасалардан тегишли архив маълумотномаларини тақдим этиши керак. Агар минтақада уларни бир нечта архив берса ёки улар пенсияга талабгор яшайдиган жойдан узоқда жойлашган бўлса-чи? Уларни тўплашга қанча пул ва вақт сарфланишини тасаввур қилинг!
Пенсия жамғармаси бўлими билан «Ўзархив» агентлиги муассасалари ўртасида электрон ахборот алмашинуви эса ариза берувчига ушбу муаммони тез ва моддий харажатларсиз ҳал этиш имконини беради.
Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, электрон шаклга эга бўлмаган ва пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграцияланган ахборот тизимига уланган идоравий базаларда мавжуд бўлмаган айрим маълумотлар қоғоз шаклида тақдим этилиши керак. Фикримизча, ҳужжатлар айланишини электронлаштириш вақт ўтиши билан қоғозли ҳужжатлар сонини анча камайтиради, кейинчалик эса уларни умуман муомаладан чиқариб юборади.
Мухбиримиз
Алла Ромашко
суҳбатлашди.
Маълумот учун!
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчилари ва СССР таркибига кирган давлатлар ҳудудида берилган ёки 1991 йил 1 декабрга қадар берилган пенсия таъминоти учун ҲУЖЖАТЛАР Ҳамдўстлик иштирокчилари бўлган давлатлар ҳудудида легализациясиз қабул қилинади.
*Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот кўмагида тайёрланди.
Расмий жавоб
Пенсия олиш ҳуқуқи
Саволларга жавобларда сиз ҳар доим «Ўзбекистон пенсия таъминоти тўғрисида шартнома тузган давлатлардан ташқари» деб ёзасиз.
Қандай мамлакатлар билан бундай шартномалар тузилган? Улар пенсия муносабатларини қандай тартибга солади?
К.А.,
Тошкент шаҳри.
– Ўзбекистон Республикаси собиқ СССРнинг баъзи бир мамлакатлари билан пенсия таъминоти бобида шартномалар тузган. Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Молдова, Беларусь, Украина, Тожикистон ва Арманистон билан имзолаган, пенсия таъминоти бобида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари фуқаролари ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида битим (бундан кейин – 13.03.1992 йилдаги Битим) 1992 йил 13 мартдан кучга кирган.
Бундай битимлар Озарбайжон билан 1996 йил 27 майда ва Грузия билан 1996 йил 28 майда имзоланган.
Мазкур ҳужжатларда асосан қуйидаги қоидалар келтирилган:
у ёки бу давлат ҳудудида, шу жумладан собиқ СССР ҳудудида, ҳосил қилинган иш стажи пенсия тайинлашда мазкур битимлар кучга кирган санагача ёки муайян санагача (масалан, 1992 йил 13 мартгача) ҳисобга олинади;
пенсия янги иш жойида фуқаро яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатлари бўйича тайинланади ва тўланади;
битимлар иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида пенсия тўлаш бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди.
1992 йил 13 мартдан кейинги иш даврлари фуқаро яшаётган мамлакатнинг миллий қонун ҳужжатлари нормалари бўйича ҳисобга олинади.
Чунончи, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 40-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан чет элда ишланган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.
МИСОЛ. Ўзбекистон фуқароси Грузияда 1998 йил 1 майга қадар ишлади. Унга пенсия тайинлашда ушбу мамлакатда 1992 йил 1 январгача бўлган иш стажи ҳисобга олинади (Грузия Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги битимга кўра).
Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга келсак, уларнинг чет элдаги иши Ўзбекистон Республикасида ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда стажга қўшилади.
МИСОЛ. Тожикистон фуқароси Тожикистонда 2000 йилнинг 13 мартигача ишлаган. Кейин 9 йил Ўзбекистонда ишлаган. 1992 йил 13 мартгача бўлган иш стажи (13.03.1992 йилдаги Битимга кўра) пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун тўлиқ ҳисобга олинади. 1992 йил 13 мартдан 2000 йил 13 мартгача (9 йил) бўлган стажни Ўзбекистонда иш стажининг 1/3 миқдорида, яъни 3 йил (9/3) ҳисобга олинади.
Бир йил икки йил ҳисобида
Советлар вақтида муайян шароитларда ёки алоҳида минтақаларда (масалан, чекка шимолда) ишланган бир йил икки йилга ҳисобланган. Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шундай қоидалар мавжудми?
Э.Хўжаев,
Навоий шаҳри.
– Бундай қоидалар мавжуд. Иш стажини имтиёзли ҳисоблаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган. Чунончи, унинг 38-моддасига кўра стажга қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади:
а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса баробарида;
б) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу модданинг «а» бандида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса баробарида;
в) Қонун 10-моддасининг «а» ва «б» бандларига ҳамда 11-моддасининг «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган – эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил – икки ҳисса баробарида*;
г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса баробарида;
д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши – бир ярим ҳисса баробарида;
е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – бир ярим ҳисса баробарида.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 40-бандига кўра, пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда иш стажи уни имтиёзли тарзда ҳисоблаш қоидаларини қўлламасдан аниқланади. Яъни аввал пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус стаж аниқланади, сўнгра, мазкур фуқарода пенсияга доир ҳуқуқ бўлса, иш стажи имтиёзли тарзда аниқланади. Мазкур нормани мисолларда кўриб чиқамиз.
I МИСОЛ. Киши моховхонада 15 йил шифокор бўлиб ишлади. Қонун 12-моддасининг «л» бандига кўра моховхона шифокорлари, қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарларда 30 йил махсус иш стажи бўлган тақдирда, лавозимининг номланишидан қатъи назар, умумбелгиланган ёшни 5 йилга камайтирган ҳолда (эркаклар – 55 ва аёллар – 50 ёшда) пенсияга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Тегишинча, юқоридаги шифокор имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли эмас, чунки унинг имтиёзли ҳисоблаб чиқариш қоидалари қўлланмасдан махсус иш стажи 25 ёки 30 йилни ташкил этмайди.
У умумбелгиланган ёшга (эркаклар – 60 ва аёллар – 55 ёш) етганидан кейин мурожаат қилганда моховхонадаги иш стажи имтиёзли тартибда ҳисобланади, яъни 30 йилни ташкил этади.
Агар моховхона шифокори қишлоқ жойда 25 йил ишлаганда эди, у Қонун 12-моддасининг «л» бандига кўра имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли бўларди, моховхонадаги иш эса имтиёзли ҳисоблаш қўлланган, у 50 йилга (25 йил х 2) тенг бўлар эди.
II МИСОЛ. Шифокор судмедэксперт суд-тиббий экспертиза бюросининг туман бўлимида 4 йил ишлади. Ишдан бўшагандан кейин унда иш стажи мавжуд эмас. Қонуннинг 8-моддасига кўра пенсия тайинланиши учун етарли иш стажига эга бўлмаган (7-модда) шахсларга, ёшга доир пенсия мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тўланади (29-модда), бунда Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 5 йиллик иш стажи бўлиши керак. Тегишинча, 5 йиллик иш стажига эга бўлмаган киши ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга эмас.
Пенсия унга фақат у қўшимча равишда камида 1 йиллик стажга эга бўлган тақдирда тайинланиши мумкин. Бунда унинг суд-тиббий экспертизадаги иш стажига имтиёзли ҳисоблаш қўлланади ва у 6 йилни (4 йил х 1,5) ташкил этади. Шахснинг мазкур мисол бўйича умумий иш стажи 7 йилни ташкил этади.
Зафаржон Хўжаев,
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассиси.
*Имтиёзлиларнинг ушбу тоифасига кон саноати ходимлари, шунингдек ер ости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар башарти, муайян иш стажига эга бўлсалар, (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори 1, 2-сонли рўйхати), кирадилар.
Кутилмаган бурилиш
Пенсионернинг бармоқ излари
2016 йил январида пенсия олиш чоғида Халқ банкининг Юнусобод туман бўлимларида пенсионерлардан бармоқ излари олинди. Банк ходимларининг тушунтиришларича, пенсионерларга тегишли тўловларни бошқалар ололмасликлари учун шундай қилинган. Бироқ бунинг учун ҳар биримизда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатлар – паспорт, пенсия гувоҳномалари бор.
Ходимларнинг ҳаракатлари тўғрими? Қандай ҳужжатлар асосида Халқ банкида пенсионерларни дактилоскопик рўйхатдан ўтказишди?
Юнусобод туманилик
бир гуруҳ пенсионерлар.
Банкнинг позицияси: Омонатчини қўлидан билиб оламиз
Пенсионерларнинг мурожаати Интерактив давлат хизматларининг ягона портали (my.gov.uz) орқали Ўзбекистон Марказий банкига юборилган. Таҳририят АТ «Халқ банки» бошқарувининг раис ўринбосари Ш.Отабоевнинг ушбу савол бўйича тушунтиришини олди.
– Дунёдаги етакчи банклар мисолида депозит операциялари хавфсизлигини ошириш мақсадида банк омонатчиларни билиб олиш тизимини такомиллаштиришда ёрдам бериши учун ўз мижозларига мурожаат қилишга қарор қилди.
Банк омонатчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ва омонатчиларнинг рухсатисиз (ёки иштирокисиз) омонат шахсий ҳисобварақлари бўйича фирибгарлик содир этилишининг олдини олиш учун уларни бармоқлар излари бўйича билиб олишга доир дастурларни тест синовидан ўтказмоқда.
Бармоқ излари банк маълумотлари базасида мижоз тўғрисидаги бошқа ахборот билан бирга сақланади ва энг янги биометрик технологияларга мувофиқ шахснинг қўшимча идентификатори ҳисобланади.
Бундай идентификация банк операцияларини ўтказиш чоғида ёки паспорт ёхуд банкда кучга эга бўлган бошқа ҳужжатлар йўқолган тақдирда шахсни тасдиқлаш учун қўлланиши мумкин.
Бармоқ изларини олиш таомили қарийб 1 дақиқа вақтни олади. Идентификация маълумотлари банк сири тушунчасига киради. Ахборот махфий сақланади ва ошкор этилмайди.
Мазкур тадбир банкнинг ахборот тизимларини ривожлантириш стратегиясига киради.
Агар ушбу тажрибанинг якунлари муваффақиятли деб топилса, ушбу технологияни фаол жорий этиш мумкин. Шахсни билиб олишнинг бундай услубияти банкдаги бошқа операциялар учун ҳам қўлланиши мумкин.
Технологияни тест синовидан ўтказиш бўйича материаллар уни Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида жорий этишни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига тақдим этилади.
Юристнинг фикри:
Пенсионерлар тажрибага жалб этилмайди
– Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бармоқ изларини олиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
1) қуйидагиларни расмийлаштириш чоғида электрон шаклда қўл бармоқлари изларини олишда:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини (Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомнинг 21-банди, Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова);
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини (Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бўлмаган шахсларининг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги низомнинг 14-банди, Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 2-илова);
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ва 16 ёшга тўлмаган шахслар* учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини (ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон Қарорига 1-илованинг 17-банди);
2) ушлаб турилганлар ва (ёки) қамоққа олинганларни уларни қамоқда сақлаш жойларида қўриқлаш ва (ёки) қамоқда сақлашда (29.09.2011 йилдаги ЎРҚ-298-сон Қонуннинг 42-моддаси 2-қисми);
3) озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтагандан кейин тузалиш йўлига кирмаган ва шу муносабат билан ички ишлар органларида маъмурий назорат остида бўлган шахсларга нисбатан зарурат юзага келганда (9.12.1992 йилдаги 750-XII-сон Қонуннинг 14-моддаси);
4) таниб олинмаган мурдалар аниқланганда (Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 138-моддаси 3-қисми);
5) жиноят ишини юритиш чоғида тирик одамдан (гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича устидан иш юритилаётган шахс ва бошқа шахслардан), шунингдек мурдадан унинг анатомик хусусиятларини – тери нақшининг чизиқларини олиш заруратида, агар уларнинг эксперт текшируви (дактилоскопик экспертиза) эксперт олдига қўйилган саволларни ҳал этиш учун зарур бўлса (ЖПКнинг 188-моддаси 1 ва 2-қисми; 190-моддаси);
6) фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриш чоғида дактилоскопик экспертиза тайинланишида, бундан, табиийки, одам тери нақшининг чизиқлари намуналарини олиш зарурати келиб чиқади (Фуқаролик процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми; Хўжалик процессуал кодексининг 47-моддаси; Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 299-моддаси; 1.06.2010 йилдаги «Суд экспертизаси тўғрисида»ги ЎРҚ-249-сон Қонуннинг 3-моддаси 3 ва 6-хатбошилари, 9-моддаси 1 ва 2-қисмлари).
Бошқа ҳолларда, шу жумладан банкларда депозит операцияларининг хавфсизлигини ошириш ва, бинобарин, омонатчилар ва бошқа мижозларнинг, улар жумласида пенсионерлар ҳам бўлиши мумкин, манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида бармоқ изларини олиш меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган. Бошқача айтганда, қонун ҳужжатлари банк мижозлари бўлган фуқаролар ёки уларнинг вакиллари зиммасига банкларга ўз бармоқ изларини тақдим этиш мажбуриятини юкламайди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни бериш ёхуд бошқа банк операцияларини амалга оширишни мижозлар ёки улар вакиллари томонидан бармоқ излари тақдим этилишига боғлиқ қилиб қўйиш тўғри бўлмайди.
Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг (АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-банди 21-хатбошиси мазмунига қараганда мижозни идентификациялаш чоғида тижорат банки мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижозлар ҳақидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида аниқлайди. Қоидаларнинг 26-бандига кўра тижорат банки томонидан жисмоний шахс – мижозни идентификациялаш шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Бунда, тижорат банки мустақил равишда бундай ҳужжатнинг асли билан танишиб чиқиши лозим. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада амалда бўлиши шарт (Қоидаларнинг 30-банди).
Камол Музаффаров,
«Norma Online» эксперти.
*Бунда 15 ёшдан катта шахслардан қўл бармоқ излари олиниши мумкин.
Маълумот учун!
Фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги ширкатлари ходимларининг СТАЖИ улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланиши даври бўйича белгиланади.
Экспертдан сўранг
Қоплаш миқдори камаяди, бироқ муддати ортади
Пенсия жамғармаси томонидан мендан 10 йил учун ортиқча тўланган пенсияни ушлаб қолиняпти. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг пулга муҳтожлигимни тасдиқлайдиган ҳужжатини тақдим этиб, ҳар ойлик ушлаб қолинадиган суммани камайтириш мумкинми? Шундай қилинса, қоплаш даври ортадими?
Р.М.,
Тошкент ш.
– Пенсиядан ушланмалар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими ҳал қилув қарорлари асосида қилинади. Пенсионерга у томонидан қилинган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаганлиги) натижасида ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда, ушбу чора қўлланади. Пенсиядан ҳар ойлик ушланма миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пенсия суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Унинг миқдори пенсиянинг 50%идан ошиши мумкин эмас (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 65-моддаси «б» кичик банди; Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 43-банди, АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бизнинг сўровимизга жавобан шуни маълум қилдики, фуқаролар ўзи яшаб турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига ўзларининг молиявий ва оилавий аҳволига қараб ушланма миқдорини 10, 20. 30 ва 40% этиб белгилаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда пенсиядан ушланмаларни амалга ошириш даври қарз тўлиқ сўндирилгунга қадар автоматик тарзда ортади.
Пенсия ҳисоб-китобида хатоликка йўл қўйилганда
Менинг рафиқам ўқитувчи, уч фарзанднинг онаси, таълим соҳасида 30 йиллик меҳнат стажига эга ва болани парваришлаш бўйича 6 йил ҳам стажга киритилган. Умумий стажи – 36 йил. 2005 йилда 53 ёшида унга ўртача иш ҳақининг 66%и ҳисобида имтиёзли пенсия тайинланди. 2006 йилда 54 ёшга тўлганида, «Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида»ги Қонунга (14.04.1999 йилдаги 760-I-сон) мувофиқ пенсия қайта ҳисоб-китоб қилинди ва у ўртача ойлик иш ҳақининг 71%ини ташкил қилди. 2015 йилнинг сентябридан эса пенсия бўлими томонидан 5% олиб ташланди ва ўртача ойлик иш ҳақининг 66%и миқдорида пенсия тайинланди. 2006–2015 йиллар оралиғида ортиқча тўланган пенсия ҳисоб-китоби 2 394 822 сўмни ташкил қилди ва ҳозирга қадар мазкур сумма ушлаб қолиняпти. Қайси қонунга асосан пенсиянинг 5%и олиб ташланди?
А.Рихсиев.
– Мазкур вазиятда қонун ҳужжатлари меъёрларига таянган ҳолда, қуйидагиларни таъкидлаш мумкин. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 12-моддасига мувофиқ 2011 йилга қадар ўқитувчилар ва маориф соҳасининг бошқа ходимлари махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, умумбелгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлардилар.
Қонуннинг 26, 27-моддалари, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (8.09.2011 йилдаги ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 252-сон Низом) 106-108-бандларига мувофиқ пенсия миқдори иш стажи даврига боғлиқ бўлади. У қуйидагилардан шаклланади:
пенсиянинг базавий миқдори;
иш стажи учун пенсия оширилиши;
пенсияга устама ҳақлар.
Ёшга доир пенсиялар учун базавий миқдор ўртача ойлик иш ҳақининг 55%ини ташкил қилади. Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун базавий миқдор 1%га оширилади.
36 йиллик стажга эга бўлган рафиқангизга 25 йил учун ўртача ойлик иш ҳақининг 55%идан (базавий) ва базавий миқдордан ортиқча 11% (стажнинг ҳар бир тўлиқ йили учун 1%) келиб чиқиб ҳисоб-китоб амалга оширилган.
Пенсияни қайта ҳисоб-китоб қилишда асос учун базавий 20 йилга 55% ва базавий миқдордан ошган 16 йил учун 16% олинган. Бунда Пенсия жамғармаси томонидан қуйидаги хатога йўл қўйилган: ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин ишланган вақт пенсия тайинлаш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди. Имтиёзли пенсия оладиган кишига эртароқ муддатдан бошлаб ёшга доир пенсия тайинлашда стаж пенсия тайинланган кунгача ҳисобга олинади (Қонуннинг 37-моддаси 5-қисми; 252-сон Низомнинг 37-банди 4-хатбошиси).
Агар умумий белгиланган ёш камайтирилган ҳолда ёшга доир пенсия тайинланган бўлса, у умумий белгиланган ёшга тўлганлиги муносабати билан пенсия миқдори қайта ҳисоблаб чиқилмайди (252-сон Низомнинг 155-банди). Шу боис рафиқангизнинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинмаслиги ва имтиёзли пенсия тайинлангандан кейин 5% қўшилмаслиги керак эди.
Сизнинг ҳолатингизда Пенсия жамғармасининг ҳаракати қонунийдир. Қонуннинг 65-моддасига мувофиқ пенсиядан ушланмалар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин. Уларнинг миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган суммадан ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар ойлик ушланмалар миқдори пенсиянинг 50%идан ошиши мумкин эмас.
Меҳнат стажида узилиш бўлганда
Охирги 10 йиллик меҳнат фаолиятида танаффусларсиз 5 йиллик фаолият мавжуд бўлмаган тақдирда, пенсияни ҳисоблаш учун мазкур даврдан исталган тўлиқ ишланган йиллар олинса бўладими?
Отақўзиев,
Тошкент ш.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 1-қисмига мувофиқ пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Елена Ермохина, «Norma Online» эксперти.
Бизга ёзган эдингиз
Қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқи
Пенсияни тайинлаш чоғида 8 йиллик стажимни ҳисобга олишмади. Мен суд орқали уларни тикладим. Ижтимоий таъминот миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинадими ва қанча даврга?
К.Ирматов.
– Ҳа, сиз пенсияни қайта ҳисоб-китоб қилишлари учун мурожаат этишингиз мумкин. Бунинг учун яшайдиган жойингиз бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига ариза бериш лозим. Ариза рўйхатга олинганидан кейин сизга ариза қабул қилинган сана кўрсатилган тилхат, шунингдек олинган ва етишмайдиган ҳужжатлар рўйхати берилади. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан барча зарур ҳужжатлар билан бирга пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган сана пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади (252-сон Низомнинг 145, 146-бандлари).
Етишмайдиган ҳужжатларни сиз ариза қабул қилинган кундан эътиборан 3 ой ичида тақдим этишингиз керак («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 46-моддаси, бундан кейин – Қонун). Шунда ушбу ойлар қайта ҳисоблашда инобатга олинади. Акс ҳолда тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаш пенсионер барча зарур ҳужжатлар билан бирга тегишли ариза билан Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади (Қонуннинг 51-моддаси; 252-сон Низомнинг 152-банди).
Маълумот учун!
Пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларнинг тўғрилигига қуйидагилар ЖАВОБГАР бўлади:
уларни тақдим этган ташкилотнинг мансабдор шахси;
пенсионер.
Қайта ҳисоблайдилар ва тўлайдилар
Мен ишдан ой ўртасида бўшадим. Пенсияни менга 50% тўлашди. Менга ушбу ой учун пенсияни ишламайдиган пенсионер сифатида қўшимча тўлашлари керакми ёки йўқми?
Л.Нажмиддинова.
– Ҳа, сизга пенсияни ишламайдиган пенсионер сифатида қайта ҳисоб-китоб қилишади ва тўлашади. Бунинг учун сиз яшайдиган жойингиз бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига зарур ҳужжатлар (топшириқ, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси) билан мурожаат қилишингиз лозим. Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 26-бандига кўра ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоиз миқдорида пенсиялар фақат пенсионер шартнома бўйича ишлаган кунлар учун тўланади. Пенсионер шартнома тузмаган қолган кунларда пенсиялар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тўлиқ миқдорда тўланади.
Кўчиб келганлар учун пенсия
Менинг холам Россиядан кўчиб келди, у ерда пенсия олар эди. Ҳозир у яшаш гувоҳномасига эга. Пенсия ҳисоб-китоб қилинганда Пенсия жамғармасида унинг Россияда олган пенсияси миқдори ҳисобга олинадими ёки ҳаммаси янгидан ҳисобланадими?
Е.Артёмова,
Тошкент шаҳри.
– Йўқ, бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан, илгари Ўзбекистон Республикасидан кетган шахснинг пенсия миқдори ҳисобга олинмайди. Уларга пенсия миқдори ҳисобга қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисобланади (252-сон Низомнинг 115-банди).
Пенсия тўғрисида ёшликдан ўйланг
Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Пенсияга чиқишимга ҳали кўп вақт бор. Бироқ менга айтишларича, кексайганда пенсия олиш учун албатта Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш керак экан. Бу талаб менинг қўлимда ишлаётган ходимларга ҳам тааллуқли эмиш. Шундайми?
А.Холмуродов,
Чирчиқ шаҳри.
– Ҳақиқатан ҳам шундай. Сиз солиқ органларида ҳисобга қўйилиш билан бир пайтда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бадал тўловчи сифатида давлат томонидан ижтимоий суғурталанадиган шахсга айланасиз (ВМнинг 24.08.2001 йилдаги 351-сон Қарорига 1-илованинг 2-банди, бундан кейин – Илова).
Тадбиркорнинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқи у пенсия ёшига тўлганда ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда бошланади. Ижтимоий суғурта бўйича нафақа, агар ушбу нафақани олиш ҳуқуқи тадбиркор томонидан суғурта бадаллари тўлаш даврида бошланган бўлса, берилади (Илованинг 4-банди).
Ўзингиздаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланиш ва ижтимоий суғурта бўйича нафақанинг ўзингиз истайдиган миқдоридан келиб чиқиб, сиз суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилайсиз, бироқ у Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган энг кам миқдор – ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Сиз меҳнат шартномаси бўйича ёллаган ҳар бир ходим учун ҳар ойда ЭКИҲнинг 50 фоизи миқдорида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлайсиз. Тайинланадиган пенсиянинг, шунингдек ижтимоий суғурта бўйича нафақаларнинг миқдори бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларининг ва меҳнат стажингиз қанча давом этганлигига боғлиқ бўлади (Илованинг 5-банди).
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.