Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 07 / Божхона

Косаси оқармаган «майхўрлар»

 

Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуни (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон) алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу Қонун фуқароларнинг аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.

 

Афсуски, мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига путур етказадиган айрим омиллар ҳам борки, улардан бири алкоголь маҳсулотларини республикамиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кириш ва ички ҳудудда бундай маҳсулотларни контрафакт тарзда тайёрлаш билан боғлиқдир. Чунки қинғир йўллар билан мамлакатимизга олиб кирилган ёки қўлбола тарзда тайёрланган алкоголь маҳсулотларининг мавжуд қонунчилик талабларига мос ҳолда қадоқланганлиги, шунингдек, уларни тарқатиш ва истеъмол қилишда амалдаги қоидаларга риоя қилинишига ҳеч қандай кафолат мавжуд эмас.

 

Ичувчи «учувчилар»

Республикамиз божхоначилари томонидан алкоголь маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Нукус-Алмати» йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказишганда қўшни давлат фуқароси Ж.Жуманов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан божхона баённомасида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган қарийб 2 млн сўмлик 60 литр ҳажмдаги спиртли ичимликлар яширин равишда олиб ўтишга уринганини фош этишди.

Шунингдек, «Бошпочтампт» божхона пости ходимлари Италиядан фуқаро Д.Авдеев номига юборилган почта жўнатмасини амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказишганда, жўнатмадаги буюмлар орасида қиймати салкам 5,5 млн сўмлик 24 литр вино борлиги аниқланди.

«Тошкент-АЭРО» ИБК ходимлари ҳам ҳаво йўллари орқали алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб кирилишига оид божхона қоидабузарликларини фош этишди. «Сеул-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган йўловчи Р.Ҳамдамовага тегишли йўл сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу аёл йўловчи божхона декларациясида кўрсатмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмаган салкам 90 литрлик соджу алкоголли ичимлигини яширин равишда олиб киришга урингани аниқланди.

Нью-Йоркдан учиб келган йўловчи Д.Жўрақулов ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, 7 турдаги 13 шиша маст қилувчи ичимликни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

 

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи тўламасдан республикамизга олиб кириш меъёрларига мувофиқ фақат 2 литргача бўлган барча турдаги алкоголь маҳсулотларни республикамизга олиб киришга рухсат этилади.

 

Хонадон эмас, нақ омборхонанинг ўзи…

Ўтказилган тезкор тадбирларда алкоголь маҳсулотларини ноқонуний йўл билан тайёрлаш ҳолатлари ҳам фош қилинган.

Самарқанд вилояти божхоначилари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда С.Дониёровнинг қинғир қилмишларига нуқта қўйишди. У ўз хонадонида 2 турдаги 180 дона қўлбола тарзда тайёрланган ва бир хил сериядаги акциз маркалари билан маркаланган ароқларни 810 минг сўмга пуллаётган пайтда фош қилинди. Унинг хонадони ва ёрдамчи хўжалик хоналари амалдаги тартибларга биноан холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 122 дона қўлбола ароқ, елим идишларда сақланаётган 147,5 литр этил спирти ва 50 литр коньяк, контрафакт ароқларни қадоқлашга мўлжалланган 58 дона қопқоқ, 70 дона ғилофча, 39 дона бир хил сериядаги акциз маркалари борлиги аниқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 1861-моддасига биноан этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

2015 йил давомида республикамиз божхоначиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган чора-тадбирлари натижасида аниқланган 66 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 110 млн сўмлик 3 минг литрдан ортиқ спирт ва алкоголли маҳсулотларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 2105 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика