Кўпгина ҳалокат ва фалокатларнинг сабаби инсон омилига бориб тақалишини яхши биламиз. Бундай кўнгилсизликлар эса хавфсизлик техникалари қоидаларини бузиш, совуққонлик, пала-партиш иш тутиш, бепарволик, қасддан қилинган қилмиш оқибати бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар фақат бизнинг даврга хос дейиш эса жилла тўғри эмас.
1972 йилнинг саратонида Ламенская станциясида йўловчи ва юк поездлари тўқнашиб кетди. Ўнлаб йўловчи ҳаётига зомин бўлинди, қанчадан-қанча одам турли даражада шикаст топди. Тўғри, дарҳол жиноят иши қўзғатилди. Тергов олиб бориш учун алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи В.В.Зиканов раҳбарлигида тергов бригадаси тузилди.
Сир эмаски, темир йўл транспортидаги ҳалокатга доир ишлар мураккаб ишлар сирасига киради, уларни тергов қилиш тактикаси юзасидан, қолаверса, соҳанинг ўзига хос хусусиятлари бўйича яхши ва чуқур билим талаб этилади. Тергов асносида кўпгина идоравий норматив ҳужжатлар ўрганиб чиқилади, иш мутахассисларни жалб этган ҳолда олиб борилади, ҳар хил экспертизалар, шу жумладан техник экспертизалар тайинланади. |
В.Зиканов Ламенская станциясига келгач, идоравий тергов материаллари ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари билан танишиб чиқди. Улардан англашилишича, станция бўйича навбатчи асосий йўлга юк поездини қабул қилди, бу поезд шу ерда тўхтаб ўтадиган йўловчилар поездини қувиб ўтиши керак эди. Бироқ навбатчининг хаёлидан фаромуш бўлиб, айни шу йўлдан йўловчилар поездини қўйиб юбориш учун изларни тўғрилаб қўйиш ҳақида иккала постдаги темир йўлчилар стрелкачи деб юритадиган ходимларга кўрсатма берган. Улар эса йўл бўшми-йўқми, текшириб ҳам кўрмай (бундай қилиш уларнинг мажбурий бурчи эди) навбатчининг кўрсатмасини қулоқ қоқмай адо этишган. Натижада тўқнашув-фожеа содир бўлган.
Идоравий тергов ишларини олиб борган мутахассислар станция навбатчиси ва ҳар иккала стрелкачи темир йўлдан техник фойдаланиш қоидаларини ва поездлар ҳаракати йўриқномасини бузган деб хулоса беришибди. Ҳар учаласи айбдор эканлигини рад этишмасди ҳам. Бундай қараганда ҳаммаси кундек равшан, ишни расмийлаштириб, бемалол судга оширса бўладигандек туюларди.
Лекин кўпни кўрган, билимдон терговчи Зиканов айбига иқрор бўлиш, ҳатто бу муайян далиллар билан тасдиқланган тақдирда ҳам, содир бўлган фалокатнинг барча ҳолатлари тўла-тўкис тергов қилинган деган маънони англатмаслигини яхши билар эди. Унинг ўзи илгари темир йўл транспортида ишлаганлиги боис, поездлар ҳаракати билан боғлиқ жиҳатлар маълум қоидалар ва йўриқномалар бўйича ишловчи ягона механизм тарзида мужассам бўлишини биларди. Бунда хизматнинг баъзи ходимлари ҳаракатлари бошқа ходимлар ҳаракатига боғлиқ эканлиги, бинобарин бир ўринда йўл қўйилган камчилик бошқа жойда қоидабузарлик ва нуқсонга олиб келиши мумкинлиги ҳам унга аён эди. Шу сабабли қоидабузарликларнинг ҳақиқий айбдорларини тез аниқлаб олиш ҳамиша мушкулдир. |
Стрелкачилар айбдор деган хулосага Зиканов қўшилмади. У яқингинада темир йўл техникумини муваффақият билан тамомлаган станция навбатчиси Татьяна деган қиз бунчалик эътиборсизлик ва бепарволикка йўл қўйганлиги сабабини текшириб кўришга аҳд қилди. Башарти у хатоликка йўл қўйган тақдирда ҳам, йўловчилар поездига йўл очиб бериш ҳақидаги унинг буйруғини нима сабабдан ҳар иккала тажрибали стрелкачи бажараётиб йўл бўш эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилмадилар экан? Ахир шундай қилинса, фалокатнинг олди олинган бўлар эди-ку?! |
Терговчи Татьяна навбатчилик қилган пайтда вазият мураккаб ва ғайриодатий бўлганлигини аниқлади. Кучли момақалдироқ бўлиб, электр линиясига шикаст етган, чироқ ўчиб, станция зим-зиё бўлиб қолган экан. Бундай шароитда навбатчилик бобида ҳали ғўр Татьянага тажрибали, катта ёшли ходимлар ёрдамга келишлари, темир йўл бўлимининг диспетчерлик хизматидан аниқ буйруқлар беришлари жоиз эди.
Зиканов бўлим диспетчерлик хизмати ходимларининг ҳаракатларини текшириб кўриш, навбатчи диспетчернинг ролини аниқлаш, Ламенская станциясидан ўтувчи поездларнинг ҳаракатини ўрганиб чиқиш, ҳаракат жадвалига риоя этилишини текшириб кўриш ва бошқа қатор масалаларни аниқлаштириб олиш ниятида эди. Энг аввало, поездлар станцияга тўғри қабул қилинган-қилинмаганлигини, техник-бошқарув далолатномасида белгиланган тартибга риоя этилган-этилмаганлигини текшириш лозим эди. |
Узоқ муддат олиб борилган сермашаққат иш Ламенская станциясида техник-бошқарув далолатномаси мунтазам равишда бузиб келинганлигини аниқлаб берди. Йўловчилар поездларини жоиз бўлганидан бўлак йўлдан ўтказиш мунтазамлик тусини олган экан. Ўша фалокат рўй беришидан олдин ҳам бир неча поезд далолатномада белгиланмаган йўлга қабул қилинган.
Энди поездлар ҳаракати жадвали бузилишидаги айбдорларни аниқлаш зарур эди. Такрорий сўроқ пайтида айбланувчи Татьяна станция орқали ўтувчи барча поездлар ҳақида Тюмень темир йўл бўлими участка диспетчери Ш.га ахборот берганлигини ва унинг кўрсатмалари бўйича иш тутганлигини бирма-бир гапириб берди. Ҳаракат хавфсизлиги қоидалари бузилганлигида диспетчер Ш.нинг айбдор эканлигини исботлаш учун терговчи ҳазилакам тер тўкмади. |
Қатор тергов ҳаракатлари содир бўлган ҳалокатда навбатчи Татьяна ва ҳар иккала стрелкачининг сўзсиз айбдор эканлигини тасдиқлади. Ишни тергов қилиш жараёнида бу ҳалокат тасодиф эмаслиги, шундай бўлишига кўпдан замин яратиб келинганлиги маълум бўлди. Тергов меҳнат интизоми жиддий тарзда бузилганлигини, поездлар ҳаракати хавфсизлиги қоидалари жиноий йўсинда поймол этилганлигини очиб берди. Станция бошлиғи Д. ва поездлар ҳаракати участка тафтишчиси В. бир-бирлари билан сан-манга бориб ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишган экан.
Тергов бригадаси жиноят содир бўлишига олиб келган сабаблар ва шароитларни ҳам очиб ташлади. Чунончи, тафтишчи В. меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини бузувчиларга нисбатан узоқ вақт тузукроқ чора кўрмаганлиги маълум бўлди. Бу эса масъулиятсизлик ва бежазо қолиш муҳитини юзага келтирган. Натижада айрим ходимлар хизматга маст ҳолда келишга одатланиб ҳам қолишган ва ҳатто поездлар ҳаракати билан боғлиқ навбатчилик пайтларида спиртли ичимликлар ичиб кайф-сафо қилишган. Ана шундай ичкиликбозликлардан биридан кейин стрелкачи бир аёл ўлар ҳолатда жароҳатланган. |
Тафтишчи В. поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишлари устидан мунтазам назоратни амалга оширмаган, ёшгина мутахассис Татьянанинг стажировкаси қай тарзда ташкил этилганлигини, уни мустақил ишга тўғри тайёрлашган-тайёрлашмаганлигини текшириб ҳам кўрмаган. Бунга станция бошлиғи Д. ҳам панжа орасидан қараган – Татьянани стажировка муддати тугамасдан туриб станция бўйича навбатчилик ишига қўйган, унинг бунга қанчалик тайёр эканлигини шахсан текшириб ҳам кўрмаган.
Зиканов бундай қоидабузарликларда ҳалокат билан бевосита сабабий боғланиш йўқлигини инобатга олди, албатта. Шу боис бошқарув бўғини ходимларининг ҳаракатлари ҳалокатга олиб келган сабаб тариқасида эмас, балки охир-оқибатлар келиб чиқиши таҳдидини юзага келтирувчи сабаб сифатида баҳоланди. Мазкур ҳолатда ана шу таҳдид содир этилиши эҳтимоли бўлган воқеликни ҳақиқатда содир бўлган воқеликка айлантирди-қўйди. |
Республика олий суди бу ишни кўриб чиқиб, жиноий жавобгарликка тортилганларнинг барчасини айбдор деб топди, уларнинг ҳатти-ҳаракатлари малакаланишига розилигини билдирди ва турли муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.
Тергов натижалари асосида темир йўллар вазири ҳамда темир йўлчилар касаба уюшмаси марказий қўмитасига поездлар ҳаракатини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва темир йўл транспортида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ амалий таклифлар билан тақдимнома киритилди. |
Бугунги кунда жаҳоннинг турли чеккаларидан келаётган хабарларда поездлар, самолётлар ҳалокати, автомашиналар авариялари, бошқа фавқулодда ҳолатлар ҳақида маълум қилинади. Ҳар сафар шундай ҳодисалар ҳақидаги хабарни эшитганимда, уларнинг аксариятига инсон омили сабабчи эканлигига ич-ичимдан яна бир карра ишонч ҳосил қиламан.
Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.