Дала ҳовлимда 4 йилдан бери электрон электр ҳисоблагич турибди. Бироқ боғдорчилик-узумчилик ширкати раиси 250 минг сўмга янги ҳисоблаш асбобини сотиб олишга мажбур қиляпти. Мен бундай қилишдан бош тортдим. Агар электрон ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, у мени янги ҳисоблагични сотиб олишга мажбур қилиш ҳуқуқига эгами?
С.Тихонов.
– Электр энергияси етказиб берувчиси ҳисоблаш асбоби техник жиҳатдан носоз бўлганда ёки у мавжуд бўлмаса истеъмолчидан уни ўрнатишни талаб қилишга ҳақли. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 29.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) 39-бандида белгиланишича, электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчилар мажбурий тартибда Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан бирга ишлай оладиган электрон ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланган бўлишлари керак.
Боғдорчилик-узумчилик ширкати раиси ҳисоблагични нима асосда алмаштиришни талаб қилаётганлигини аниқлаш лозим, ахир сизда электрон ҳисоблагич ўрнатилган-ку... Кўп боғдорчилик-узумчилик ширкатлари электр энергияси таъминотчилари билан уч тарафлама шартномалар тузадилар. Бу ҳолда етказиб берувчи боғдорчилик-узумчилик ширкатлари бошқарувига унга газ асбобларини ўрнатишда ёрдам беришга ваколат бериши мумкин, бу ҳол шартномада акс эттирилиши керак. Ширкат юридик шахс сифатида шартномага кўра қандай ҳуқуқларга эга бўлганлиги ва унда ширкатнинг талаби бўйича ҳисоблаш асбобларини алмаштириш тўғрисидаги банднинг бор-йўқлигини кўриб чиқиш зарур. Агар электрон ҳисоблагичингиз техник жиҳатдан соз бўлса, давлат қиёслашидан ўз вақтида ўтган ва назоратчиларда унинг иши хусусида эътирозлар бўлмаса, уни алмаштириш тўғрисида ширкат раисининг талаби тўғри эмас.
Эслатиб ўтамиз, Қоидаларнинг 48-бандига кўра, ҳисобга олиш асбобларини вақти-вақти билан қиёслашдан ўтказиш кўрсатилган хизматлар қиймати истеъмолчи томонидан тўланган ҳолда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган муддатларда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакилининг мажбурий иштирокида амалга оширилади. Электрон ҳисоблагичлар учун текширувлар ўртасидаги оралиқ Давлат томонидан мажбурий текширувдан ўтказиладиган ўлчов воситаларининг номенклатура рўйхати ("Ўзстандарт" агентлиги томонидан 1.02.2007 йилда тасдиқланган) билан белгиланган. У 4 йилни ташкил қилади. Демак, сиз 4 йилда бир марта унинг техник талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳисоблагич қиёслашини ўтказишингиз керак.
Махсус мухбиримиз
Ирина Гребенюк.