Norma.uz

«Қизил чироқ» учун – ЭКИҲнинг 5 баравари

 

Инспектор ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйди, унинг айтишича, қизил чироқда ўтиб кетган эмишман. Икки ой аввал худди шундай қоидабузарлик учун жарима тўлаган эдим (ўшанда ҳам гувоҳномани олиб қўйишган), бироқ ўшандан кейин ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмадим. Газетангизда бундай ҳолларда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилмайди деб ўқиганман. Бироқ инспекторнинг айтишича, яқинда ушбу қоида бекор қилинибди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

А.Хўжаев.

Тошкент шаҳри.

 

– Сиз содир этган ҳуқуқбузарлик учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 290-моддасига мувофиқ содир этилган ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлса, ҳуқуқбузардан унинг иши юзасидан қарор чиқарилгунга қадар транспорт воситаси олиб қўйилади ва бу ҳақда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасининг талонига тегишлича ёзиб қўйилиб, талон транспорт воситаси ҳайдовчисига қайтариб берилади. Мазкур норма Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Йўриқнома) 17-бандида ҳам келтирилган.

Мазкур маъмурий чора кўпроқ ижтимоий хавфга эга бўлган ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган. Улар жумласига қуйидагилар киради: ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши ёки уларнинг тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаши (МЖТКнинг 131, 136-моддалари), ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки моддий зарар етказилишига олиб келган ҳолда бузиши (МЖТКнинг 133, 134-моддалари) ва бошқалар.

Ҳуқуқбузарлик учун ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб бериш қоидаси бекор қилинганлиги тўғрисида сўзлаганда инспектор, эҳтимол, ички ишлар вазирининг буйруғи (АВ томонидан 7.10.2015 йилда 2240-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Йўриқноманинг 6-бандидан улар учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилмаган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонни қайтариш тўғрисидаги сўзлар чиқариб ташланганлигини назарда тутган бўлса керак (муаллиф – бироқ бундай ҳолларда гувоҳнома олиб қўйилмайди ҳам).

МЖТКнинг 290-моддаси ва Йўриқноманинг 17-банди мазмунидан транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш назарда тутилмаган ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳолларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишга йўл қўйилмаслиги келиб чиқади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтишига келсак, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, МЖТКнинг 128-4-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (бугун у 651 200 сўмни ташкил этади).

Бундай ҳуқуқбузарликлар қилинганда транспорт воситасини бошқаришдан маҳрум қилиш фақат у бир йил давомида маъмурий жазолар (сизнинг ҳолатда – жарима) 2 маротаба қўллангандан кейингина мумкин.

Агар, сиз айтгандек, у сизнинг бир йил давомида иккинчи ҳуқуқбузарлигингиз бўлса, ДЙҲХХ инспектори ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиб, қонун ҳужжатлари талабларини бузган.

Ушбу ҳаракат устидан юқори орган, прокуратура, бошқа инстанциялар ёки судга шикоят қилиш мумкин.

 

Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Online» эксперти,

юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 2889 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика