Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 02 / Солиқ солиш

Устама чекланмаган, валюта сотилмайди

 

Ташкилотимиз кичик корхоналар жумласига киради, улгуржи савдога лицензияси бор ва олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан озод этилган импорт тиббий жиҳозлар реализацияси билан шуғулланади. Биз уларни воситачилик ва етказиб бериш шартномаларига асосан харид қиламиз. Шу муносабат билан бир қатор масалаларни тушунтириб берсангиз. Ташкилотимиз бундай товарларни савдо устамасини чекламасдан реализация қила оладими? Тиббий техниканинг чет элдаги ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистонга турли ташкилотлар учун импорт контрактларига асосан ўзининг жиҳозларини етказиб беради. Биз у билан унинг тиббий техникасига сервис хизмати кўрсатиш, уни монтаж-демонтаж қилиш ва инсталляциялаш хусусида экспорт контракти тузганмиз. Ташкилотимиз Қоидаларда (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган имтиёзни қўллаши ва бундай хизматлар реализацияси билан боғлиқ валюта тушумларининг 50%ини сотмаслиги мумкинми?

С.Пак,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Президентнинг 19.09.2007 йилдаги ПФ-3923-сон Фармони ва Президентнинг 28.11.2011 йилдаги ­ПҚ-1652-сон Қарори билан 2018 йил 1 январгача 31.12.2013 йилдаги 356-сон ВМҚ билан тасдиқланган рўйхатга кўра хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олиб келинадиган тиббиёт ускуналари ва бутловчи буюмларга, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва сарфланадиган материалларига нисбатан божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилиш тарзида имтиёзлар берилган.

Ушбу меъёрий ҳужжатлар мазкур имтиёз берилган хўжалик юритувчи субъектлар, мазкур жиҳозлардан фойдаланиш (ўз эҳтиёжлари ёки қайта сотиш учун), уларга доир нарх белгилаш шарт-шароитлари доирасини чекламайди. Энг юқори савдо устамаларини қўллаган ҳолда қийматни шакллантириш шарт-шароитлари реализация қилишга тегишли лицензияси бўлган корхоналарнинг савдо қилувчи дорихоналар тармоғи орқали реализация қилинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учунгина белгиланган (Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишда савдо устамаларини қўллаш тартиби тўғрисида низом, АВ томонидан 29.09.2000 йилда 974-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Баён этилганлардан келиб чиқилса, божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган тиббий жиҳозлар реализация қилинганда савдо устамаси миқдорига қонун йўли билан белгиланган чеклов мавжуд эмас.

Энди хорижий юридик шахс билан тузилган контракт бўйича олинган валюта тушумини мажбурий сотишга келсак. Ушбу масала меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қуйидаги қоидалари билан тартибга солинади:

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова) кўра, микрофирмалар, кичик корхоналарнинг ўзлари ишлаб чиқарган ишлар, хизматларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми мажбурий сотишдан озод қилинади;

Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларида (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланишича:

● ишларни (хизматларни) экспорт қилиш – ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш;

● ишлар ва хизматлар экспорт қилинганлиги факти ҳисобварақ-фактура ёхуд белгиланган тартибда расмийлаштирилган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади;

● ўзи ишлаб чиқарган иш (хизмат) деганда корхона томонидан ўз кучи билан бажарилган (кўрсатилган) иш (хизмат) тушунилади.

Шу тариқа, агар корхонангиз хорижий юридик шахс билан хорижий компания учун жиҳозларга сервис хизмати кўрсатиш бўйича хизматларни бажаришга экспорт шартномаси тузган бўлса ва сиз уларни ўз кучингиз билан тақдим эта олсангиз, хизматлар кўрсатиш жойидан қатъи назар, улар ўзи ишлаб чиқарган ишлар ва хизматлар деб эътироф этилади. Демак, кичик корхона валюта тушумини сотишдан озод қилиш тарзидаги имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Хизматларни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга киритиш далилини тасдиқлаш учун ариза берувчи корхона солиқ ва бошқа ваколатли органларга юқорида кўрсатилган Қоидаларга иловага биноан шаклда ариза-маълумотнома тақдим этади. У тузилган контракт доирасида амалда кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) ҳажмига берилади.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

Прочитано: 2708 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика