Янгидан барпо этилган оилавий корхона компьютерларни тузатиш ва уларга қараш хизматларини кўрсатади. Бизга айтишларича, ушбу фаолият тури учун ЯСТ бўйича имтиёзлар мавжуд экан.
Компьютерларни тузатиш ва уларга қараш хизматларини кўрсатувчи корхоналар учун қандай имтиёзлар назарда тутилган? Улар қандай меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
Г.Ширяева,
бухгалтер.
– Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг (17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон) 7-бандига кўра, 2006 йил 1 апрелдан бошлаб ПҚ-325-сон Қарорга 4-иловадаги рўйхатга мувофиқ хизматлар кўрсатаётган юридик шахслар 3 йил муддатга даромад (фойда) солиғи ва ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилган. Президентнинг 10.05.2012 йилдаги ПҚ-1754-сон Қарори билан (ПҚ-1754-сон Қарорнинг 5-иловасида келтирилган рўйхат бўйича хизмат кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун) ушбу имтиёзнинг амал қилиши 2017 йил 1 январгача узайтирилган. Унинг 2-«Маиший хизматлар» банди «в» кичик бандига мувофиқ солиқ имтиёзлари маиший электрон ва электр асбоблари (телевизорлар, аудиовидеоаппаратура, компьютер, принтер техникаси, совуткичлар, кондиционерлар ва бошқалар)ни тузатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бобидаги хизматларга татбиқ этилади.
Айрим хизматларни кўрсатаётган юридик шахслар учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг* 5-бандига кўра агар имтиёзлар татбиқ этиладиган хизматларни кўрсатишдан тушган соф тушум сотишдан тушган фойда умумий ҳажмининг 80 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этса, имтиёз корхонанинг барча даромадларига татбиқ этилади.
Агар корхона томонидан фаолиятнинг бир нечта тури амалга оширилса, хизматларни кўрсатишдан тушган соф тушум улуши хизматларни кўрсатишдан тушган соф тушумни қўшиш ва ҳосил бўлган суммани барча турдаги фаолиятдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушган соф фойдага бўлиш йўли билан аниқланади. Агар имтиёзли хизматларни кўрсатишдан тушган соф тушум улуши 80 фоиздан камни ташкил этса, имтиёзлар уларни кўрсатишдан олинган даромадларгагина татбиқ этилади.
Шу боис бир неча турдаги хизматларни кўрсатадиган корхоналар солиқ солиш мақсадида алоҳида ҳисоб олиб боришлари шарт.
Қонун ҳужжатларида «маиший хизматлар» атамасининг аниқ таърифи келтирилмаган. Умумий таърифга кўра аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ана шундай хизматлар ҳисобланади. Улар буюмларнинг истеъмол хоссаларини тиклаш (ўзгартириш, сақлаш)ни ёки фуқароларнинг буюртмалари бўйича янги буюмлар тайёрлашни, шунингдек юклар ва кишиларни олиб ўтиш, истеъмол учун шарт-шароитлар яратишни таъминлаши керак. Хусусан, уларга буюмларни тузатиш ва тайёрлаш, уй-жой-коммунал хизматлари, умумий овқатланиш хизматлари, транспорт хизматлари ва ҳоказолар киритилиши мумкин.
Фикримизча, сиз имтиёзли улушни белгилаётганда фақат аҳолига (ташкилотларга эмас) компьютерларни тузатиш ва уларга қараш хизматларини кўрсатишдан олинган тушумнигина ҳисобга олишингиз лозим.
Наталья ГРИШУТИНА,
«Norma Profi» эксперти.
________________________________
*МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1594-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.