Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Қонунларнинг сифатини ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш» мавзуида конференция ўтказилди.
Қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос, муҳими, инсон манфаатларига хизмат қилаётган миллий қонунчилик асослари яратилгани алоҳида таъкидланди.
Қабул қилинаётган қонунлар сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда. Шу билан бирга, қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилиш талаб этилмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди. Натижада қонунчиликда айрим камчиликлар, жумладан, баъзи ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмагани ёки ҳанузгача амалга ошириш механизми билан таъминланмаган нормаларнинг мавжудлиги, бир қатор қонун нормалари орасида ўзаро номувофиқликлар борлиги аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, қонунчиликнинг ҳисобини юритиш ва тизимлаштириш масалалари йигирмага яқин қонун ҳужжати билан тартибга солинган. Ҳуқуқий ахборот электрон шаклда тарқатилмоқда, хусусан, бундай ахборот интернет тармоғи орқали давлат органларининг расмий веб-сайтларида, шунингдек, бошқа ахборот тизимларида жойлаштирилмоқда. Бундан ташқари, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириб боришда телевидение, радио ва босма оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланилмоқда.
Конференцияда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам борлиги айтиб ўтилди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни аниқ тартибга соладиган махсус қонун қабул қилиш зарурлиги таъкидланди. Бундай қонун ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳамда давлат органлари мансабдор шахсларининг бу борадаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
ЎзА материали асосида тайёрланди.