Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 52 / Йиллик ҳисоботга тайёрланамиз

2015 йилги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар

 

2015 ЙИЛГИ МЕЪЁРИЙ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР

 

Якунланаётган йил давомида солиқ, божхона, меҳнат қонунчилиги, бухгалтерия ҳисоби, пенсия ва ижтимоий таъминот, лицензиялаш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва бошқа соҳаларда жуда кўп меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг кўпчилиги 2015 йил якунлари бўйича молиявий ва солиққа оид ҳисоботларни тайёрлашда керак бўлади. «Norma Ekspert» мутахассислари томонидан ҳисобот йилидаги энг муҳим ва зарур ҳужжатлар шарҳи тайёрланди, қуйида уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан божхона тўловлари ҳисоб-китоби тартибидаги асосий ўзгартиришлар қуйидаги ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан боғлиқдир:

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори (4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон);

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон);

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Фармони (9.12.2014 йилдаги ПФ-4677-сон).

Айтиб ўтилган ҳужжатларга мувофиқ 2015 йил 1 январдан қабул қилинган меъёрлар ва низомларни таҳлил қилиш билан батафсил тушунтиришлар илгари кўриб чиқилган ва чоп этилган эдиСБХ»нинг 23.12.2014 йилдаги 51 (1063)-сони, 30.12.2014 йилдаги 52 (1064)-сони, 6.01.2015 йилдаги 1 (1065)-сонига қаралсин).

Бундан ташқари, МВ ва ДСҚнинг қуйидаги тушунтиришларига эътибор қаратиш керак:

2015 йил 1 январдан бошлаб ЯИТ ставкаси 15%ни ташкил қиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ЯИТнинг энг кам миқдори ҳар бир ходим учун ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 65%идан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқарилади (МВнинг 16.02.2015 йилдаги «Микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги ММ/04-01-32-14/158/150-сон ахборот хати);

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш мақсадида алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчилар сирасига шиша идишларда табиий минерал (маъданли) сувлар ва бошқа сувларни ишлаб чиқарувчи, шунингдек алкоголсиз ичимликлар (алкоголсиз хушбўй ва (ёки) ширин қилинган ичимликлар – лимонад, оранжад, кола, мевали ичимликлар, тониклар ва бошқаларни) ишлаб чиқарувчи корхоналар киради. Бунда қаҳва, чой ва мате, мева ва сабзавот шарбатлари, сутли асосдаги ичимликлар, алкоголь асосидаги ичимликлар, алкоголсиз вино, алкоголсиз пиво, муз ишлаб чиқариш алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқаришга кирмайди (МВ ва ДСҚнинг 17.02.2015 йилдаги «Алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчилар томонидан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида»ги ММ/04-03-32-04/166/159 ва 13/1-3023-сон қўшма хати);

товарларни шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотадиган чакана савдо корхоналари бутун йил давомида нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича операциялар белгиланган лимитдан (товар айланмасининг 10%и) бир мартагина оширилган тақдирда ҳам улгуржи-чакана савдо корхоналари ҳисобланадилар ва тегишинча, ЯСТни 5%лик ставка бўйича тўлайдилар (МВ ва ДСҚнинг 3.03.2015 йилдаги «Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, шу жумладан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг 2015 йилги ставкалари тўғрисида»ги ­ММ/04-01-32-14/231/214 ва 16/3-4061-сон ахборот хати);

товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда фискал хотирали НКМ чеки, терминал чеки, квитанцияни қўллаган ҳолда реализация қилинганда товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари ҳисобот даври учун реализация қилиш якунлари бўйича Сотишлар реестрида ҳисобварақ-фактура ўрнини босувчи ҳужжатларни ёки ушбу ҳужжатларнинг суммар маълумотларини рўйхатдан ўтказишлари мумкин (МВ ва ДСҚнинг 19.06.2015 йилдаги «Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрини юритиш тартиби тўғрисида»ги ММ/04-02-32-04/650 ва 16/2-11944-сон ахборот хати).

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон) билан 2015 йилда Солиқ кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, белгиланишича, жисмоний шахслар ёки оилавий корхоналар ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, ер солиғи ҳамда турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади (Солиқ кодексининг 276-моддаси иккинчи қисми, 291-моддасининг иккинчи қисми). Илгари бундай ҳолатларда мол-мулк солиғи ва ер солиғи юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланар эди.

Шунингдек ЎРҚ-391-сон Қонун билан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун солиқ ва бошқа ваколатли органларга имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Кичик тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ваколатли органларга ва ташкилотларга (солиқ, божхона органларига, статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилади (25.05.2000 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сонли Қонуннинг 5-моддаси).

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан 2015 йилда янги Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга оширилаётган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (МВ, ТИАИСВ, ИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 14.07.2015 йилда 2697-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори, 20.07.2015 йилдан кучга кирган) тасдиқланганлиги ҳисобга олиниши лозим. Импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш назарда тутилган лойиҳалар маҳаллийлаштириш даражаси 36%дан кам бўлмаган тақдирда, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилади (Президентнинг 11.02.2015 йилдаги ПҚ-2298-сон Қарори).

 

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат

 

Ўзгартиришлар

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

 

2015 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондлар, ўрнатиладиган ускуналар ва қурилиши тугалланмаган объектлар қийматини (уларни харид қилиш, тайёрлаш, қуриш даврлари бўйича) қайта баҳолаш индекслари

 

2015 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондлар қийматини қайта баҳолаш индекслари Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди. Мазкур индекслар қайта баҳолашни индекс усулида ўтказадиган корхоналар томонидан мол-мулкни мажбурий тартибда қайта баҳолашда қўлланилади

 

Молия вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сон БҲМС) «Асосий воситалар»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 9.12.2014 йилда 1299-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 15.12.2014 йилдан кучга кирди)

 

Буйруқ билан 5-сон БҲМСга қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан белгиланишича, асосий воситадан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун унинг тегишли ишини текшириш жараёнида олинган маҳсулот тайёр маҳсулот ҳисобварақларига соф сотиш қиймати бўйича кирим қилинади ва асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди

 

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон)

 

Фармонга мувофиқ 2015–2018 йилларда барча акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни нашр этиши ва халқаро аудит стандартлари ҳамда халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи аудитни ўтказиши лозим

 

МБ бошқарувининг «Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Қоидалар илгари амал қилган Қоидаларнинг (АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнига жорий этилди

 

Янги Қоидалар билан белгиланишича:

ҳақи банк пластик карталари орқали тўланган товар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар қиймати) қайтарилганда, пул маблағлари 3 иш куни ичида истеъмолчининг банк пластик картаси ҳисобварағига тўлов топшириқномаси асосида ўтказиш орқали қайтарилади;

хизмат сафари харажатлари учун бўнак маблағлари ходимнинг банк пластик картаси ҳисобварағига ўтказиб бериш орқали берилади. Бунда хизмат сафари харажатлари ходимнинг банк пластик картаси ҳисобварағига ўтказиб берилган маблағларнинг сарфланмай қолган қисми тўлов терминали ёки ходимнинг аризасига асосан банк орқали 5 иш куни ичида қайтарилади;

агар корхоналарда ҳар куни умумий суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдоригача (илгари 200 сўмгача эди) бўлган операциялар амалга оширилса, касса ҳисоботлари 3–5 кунда бир марта тузилиши мумкин.

МБ бошқарувининг «Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорига (АВ томонидан 22.09.2015 йилда 2687-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ касса дафтарининг варақлари корхона муҳри мавжуд бўлган тақдирда, муҳр билан муҳрланган бўлиши лозим

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон, 2015 йил 21 августдан кучга кирди)

 

Қонун билан кичик тадбиркорлик субъектларида думалоқ муҳрнинг мавжуд бўлиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Улар муҳрга эга бўлишга ҳақли, бироқ бу мажбурий эмас. Шу муносабат билан МБ бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 15.09.2015 йилда 1948-10-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчага ўзгартириш киритилди, унга мувофиқ муҳр ва муҳр намунаси  мижозда мавжуд бўлган тақдирдагина қўйилади.

Шунингдек Қонун билан бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришлар «Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик» бўлимидан қаралсин

Молия вазирининг «Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 23.11.2015 йилдан кучга кирди). Низом илгари амал қилган Тартиб (АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнига жорий қилинди

 

Низом билан амалдаги республика ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари учун маблағлар бериш тартибига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, қуйидаги тартиб белгиланди:

ҳаво транспортида учиб кетилганда (учиб келинганда) суткалик харажатларни тўлаш мақсадида хизмат сафари даври ҳисоблаб чиқарилади;

қабул қилувчи томон бепул турар жойни тақдим этганда ёки унинг ижараси учун харажатни қоплашга тегишли пул компенсациясини тўлаган ҳолларда, хизмат сафарига юборилган шахсга яшаш учун турар жойни ижараси бўйича харажатларни қоплаш.

Низомда белгиланган суткалик харажатларни ва яшаш учун харажатларни тўлаш меъёрлари илгари Тартиб билан тасдиқланган даражада сақлаб қолинди, Янги Зеландияга хизмат сафарларига белгиланган меъёрлар бундан мустасно

МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

 

ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қарори (31.12.2014 йилдаги 372-сон, 1.01.2015 йилдан кучга кирди)

 

Қарор билан ижтимоий нафақалар ва давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, дафн этишга нафақа миқдори ўзгартирилди – 2015 йил 1 январдан нафақа миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 4 бараварини ташкил қилади.

Илгари ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида, давлат пенсиясини оладиган пенсионер вафот этган тақдирда, 2 ойлик пенсия миқдорида, лекин ЭКИҲнинг 3 баробаридан оз бўлмаган миқдорда дафн этиш нафақаси тўланарди

Молия вазирининг «Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги буйруғи (АВ томонидан 9.01.2015 йилда 2175-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 12.01.2015 йилдан кучга кирди)

 

Буйруққа мувофиқ:

уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган пенсионер Пенсия жамғармасига  компенсацияни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топшириши лозим (илгари компенсация тайинлаш учун пенсия ҳужжатларида мавжуд ҳужжатлар асос бўларди, қўшимча аризалар талаб қилинмас эди);

Низомнинг (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 11 ва 11-1-бандларида назарда тутилган ҳолларда компенсация тўлаш тўхтатиб турилади ва (ёки) тўхтатилади

Молия вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 9.03.2015 йилдан кучга кирди)

Йўриқнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва мониторингини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ҳужжат билан белгиланишича, пенсионер ишга қабул қилинганда ушбу ташкилот раҳбари пенсияни тайинлаган Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига пенсионер ишга қабул қилинганлиги тўғрисида (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлиги тўғрисида) 5 кун ичида хабар қилиши, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома нусхасини) тақдим этиши шарт

Президентнинг «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (14.04.2015 йилдаги ПФ-4715-сон)

 

2015 йилнинг 1 майидан уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловлари бериладиган шахслар имтиёзли тоифаларининг рўйхати янгиланди.

Қуйидаги шахсларга тўланадиган компенсация миқдори оширилди:

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари – ЭКИҲга нисбатан 45%дан 50%гача;

1941–1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчиларига – ЭКИҲга нисбатан 18%дан 25%гача.

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 7.05.2015 йилда 2175-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан 2175-сон Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг «Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Йўриқнома илгари амал қилган Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 19.01.2000 йилда 873-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнига жорий қилинди

 

Йўриқнома давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалари берилиши тартибини белгилайди. Бунда соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли ДПМ қуйидаги шартларга риоя қилингандагина меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалари беришга ҳақли:

меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-меҳнат экспертизаси бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда;

ДПМ стационар шароитда фаолият юритаётганда

Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон)

 

2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга ҳар бир ходимга суғурта бадаллари ва қатъий белгиланган солиқни тўлаш билан ходимларни ёллаш ҳуқуқи тақдим этилади (1 нафардан 3 нафаргача – фаолият турига қараб).

Ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби, шунингдек ходимларни ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солиш хусусиятларини махсус Низом (ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон Қарорига 1-илова) белгилайди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи мазкур ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинмайди. Тегишли ўзгартиришлар ЎРҚ-391-сон Қонун билан Солиқ кодексига (180-модданинг биринчи қисми 9-банди, 311-модда, 374-1-модда) киритилган

МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг «Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ва юридик шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртаси харажатлари бўйича тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 26.05.2015 йилда 2262-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 1.06.2015 йилдан кучга кирди)

 

Қарор билан:

тугалланмаган бухгалтерия балансига эга ташкилотлар бўйича юридик шахсларнинг харажатларини тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағлар олишга талабномалар бош ташкилотлар томонидан улар солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилиши аниқлаштирилди;

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-II-сон) 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсия тўловларини қоплаш тартибига ўзгартириш киритилди. Қоплаш учун маблағларни тўлаш икки босқичда амалга оширилади – дастлаб Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш суммасининг энг кам миқдори ҳисоблаб ўтказилади, кейин корхоналар томонидан Пенсия жамғармасининг пенсия тўлаш учун ҳақиқатдаги харажатлари тўлиқ қопланади (аввал ҳисоблаб ўтказилган энг кам миқдор чегирилади). Илгари қоплаш учун маблағларни тўлаш ҳисобот йилининг якунлари бўйича бир йўла амалга оширилар эди.

Янги таҳрирда АВ томонидан 9.09.2011 йилда 2262-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 1 ва 3-иловалар баён қилинган

ВМнинг «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификаторини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори (19.06.2015 йилдаги 164-сон);

меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг «Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сон Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 27.10.2015 йилда 2723-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 2.11.2015 йилдан кучга кирди)

Қарор билан Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори тасдиқланди ва 2015 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилди.

2723-сон Буйруқ билан Классификаторнинг 1 ва 2-бўлимларига хизматчиларнинг лавозимлари ва ишчиларнинг касблари қўшилди, шунингдек касбларнинг алоҳида позициялари бўйича тариф разрядлари диапазони ўзгартирилди

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони (26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сон)

 

2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб энг кам:

иш ҳақи – ойига 130 240 сўм;

ёшга доир пенсиялар – ойига 254 730 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 254 730 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 156 310 сўм миқдорида белгиланди.

«СБХ»нинг 27.10.2015 йилдаги 43 (1107)-сонидаги тушунтиришларга қаранг

СУҒУРТА

 

«Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Фармони (26.05.2015 йилдаги ЎРҚ-386-сон, 27.11.2015 йилдан кучга кирди)

 

Қонун билан белгиланган тартибга биноан шаҳар йўловчилар транспортида, автомобиль транспортида ва бошқа транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва бунинг учун махсус рухсатномага (лицензияга) эга бўлган корхоналар йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашлари шарт.

Тегишинча, суғуртанинг янги тури суғурталовчи томонидан суғурта ҳодисаси юзага келганлиги оқибатида йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг қопланишини кафолатлайди

ВМнинг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарори (15.09.2015 йилдаги 266-сон)

 

Қарор билан Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари тасдиқланди ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули 1 йўловчига 11 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорда белгиланди, улардан:

10 минг АҚШ доллари – йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун;

1 минг АҚШ доллари – йўловчининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун.

Қарор билан шунингдек ВМнинг «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (27.11.2002 йилдаги 413-сон), Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига (ВМнинг 24.06.2008 йилдаги 141-сон Қарори билан тасдиқланган) ва бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун (9.06.2015 йилдаги ЎРҚ-388-сон)

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги санкция (МЖТКнинг 146-1-моддаси, 27.11.2015 йилдан амал қила бошлади), унда  ташувчининг суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги ЭКИҲнинг 7 бараваридан  10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Шунингдек Қонун билан бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (11.12.2014 йилдаги ЎРҚ-381-сон)

 

Қонун билан Божхона кодексининг 31-моддасига ўзгартиришлар киритилди, уларга мувофиқ товарларни қайта ишлашга рухсатнома олиш учун қайта ишлашнинг техник-иқтисодий асослари ҳамда ваколатли органнинг товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақидаги хулосаси фақат устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналарда мавжуд бўлиши керак. Ўзгартиришлар ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Қарорини (17.07.2014 йилдаги 196-сон) амалга ошириш доирасида киритилди

 

ВМнинг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 21 июлдаги 199-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қарори (31.12.2014 йилдаги 374-сон, 12.01.2015 йилдан кучга кирди)

 

Қарор билан белгиланишича, давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмайди, Бундай контрактлар, шунингдек ушбу контрактларни бажариш билан боғлиқ ҳужжатлар божхона хизмати органларига ва хизмат кўрсатувчи банкка қоғоз шаклида тақдим этилади. Улар бўйича божхона юк декларациялари қоғоз шаклида расмийлаштирилади

 

Товарларни электрон шаклда божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон Қарори билан тасдиқланган, 12.01.2015 йилдан кучга кирди)

 

Низом билан божхона расмийлаштируви чоғида товарларни электрон шаклда декларациялаш таомилларини амалга ошириш тартиби белгиланган.

12.01.2015 йилга қадар бу таомил Товарларни электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан (ВМнинг 29.12.2012 йилдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган) тартибга солинган

Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон, 16.05.2015 йилдан кучга кирди)

 

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз билдириладиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари фақат хўжалик суди қарори бўйича ундирилиши белгиланди.

16.05.2015 йилга қадар божхона тўловлари сўзсиз тартибда ундириларди, товарларни нотижорат мақсадларида олиб ўтадиган жисмоний шахслардан олинадиган тўловлар бундан мустасно

ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган истеъмол товарларининг рўйхатига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 16.06.2015 йилда 2500-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 22.09.2015 йилдан кучга кирди)

 

Янги таҳрирда Рўйхатга (АВ томонидан 12.08.2013 йилда 2500-сон билан рўйхатдан ўтказилган) «Турли тайёр буюмлар» позицияси баён қилинган

 

ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 13.02.2015 йилда 2436-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 20.05.2015 йилдан кучга кирди)

 

Рўйхатга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

янги таҳрирда Рўйхатнинг 68-позицияси баён қилинди;

технологик жиҳозларнинг барча турлари учун божхона тўловлари ва ҚҚС бўйича имтиёзлар умумий асосларда тақдим этилади.

20.05.2015 йилга қадар технологик ускуналарнинг айрим турлари (18, 39-47-товар позициялари бўйича) учун божхона тўловлари ва ҚҚС бўйича имтиёзлар корхоналар томонидан устав фондига қўйилма сифатида бевосита инвестициялар ҳисобидан, тўқимачилик саноати корхоналарини ташкил қилиш, модернизациялаш ва техник жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун олиб кириладиган, ишлаб чиқарилган йили божхона расмийлаштируви санасида 3 йилдан ошадиган технологик ускуналарга ҳам татбиқ этиларди

ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 10.06.2015 йилда 2436-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 15.09.2015 йилдан кучга кирди)

 

Киритилган аниқлаштиришга мувофиқ янги технологик жиҳознинг ишлаб чиқарилган йили ишлаб чиқарувчи заводнинг ҳужжати (техник паспорти ва бошқалар) билангина тасдиқланади.

Илгари исталган ҳужжат бундай тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланарди, жиҳоз ишлаб чиқарилган йили ҳақидаги маълумотни ўз ичига олувчи ишлаб чиқарувчи заводнинг ҳужжати бўлиши шарт эмас эди

ВМнинг «Украинада ишлаб чиқариладиган товарлар импортига жавоб чорасини жорий қилиш тўғрисида»ги Қарори (20.06.2015 йилдаги 165-сон)

 

2015 йил 1 июлдан 12 ойлик муддатга Украинада ишлаб чиқариладиган товарлар импорти чоғида қўшимча йиғим жорий қилинди (айрим товарлар бундан мустасно):

ТИФ ТН 1-гуруҳидан 24-гуруҳигача – 10%;

ТИФ ТН 25-гуруҳидан 97-гуруҳигача – 5%

ВМнинг «Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори (20.07.2015 йилдаги 197-сон, 27.07.2015 йилдан кучга кирди)

 

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.

Ваколатли органлар томонидан берилган рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида жойлаштирилади. Божхона органлари ундан керакли маълумотларни оладилар ва декларантдан қўшимча ҳужжат талаб қилишга ҳақли эмаслар. Бироқ тизимда тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, божхона органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадирлар, бунда декларант хоҳиши бўйича уни қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин. Божхона расмийлаштируви барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар, шу жумладан тўловчининг шахсий ҳисобрақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (13.08.2015 йилдаги ПҚ-2388-сон)

 

Айрим турдаги олиб келинадиган товарлар учун 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:

импорт божи ставкалари;

акциз солиғи ставкалари ўзгартирилди ва тўлдирилди

ВМнинг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2015 йил 22 майдаги ЎРҚ-385-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (8.09.2015 йилдаги 259-сон, 14.09.2015 йилдан кучга кирди)

 

Ўрнатилган тартибга мувофиқ экспорт қилувчилар тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига тушгандан ва ушбу ахборот Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилгандан сўнг экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан Интернет тармоғидаги он-лайн дўконлар орқали товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда 1000 АҚШ долларигача тенг қийматли товарлар божхона юк декларацияси расмийлаштирилмасдан ва почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ Интернет тармоғида он-лайн дўконлар орқали экспорт қилиниши мумкин

ВМнинг «Вазирлар Маҳкамасининг «Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз  маҳсулотлари ва узумни  экспорт қилишни  тартибга  солиш  механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 28 августдаги 249-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қарори (9.10.2015 йилдаги 288-сон)

 

Истисно тариқасида 2016 йил 1 январга қадар автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни (ТИФ ТН коди 07-08) экспорт қилиш учун республиканинг ички бозорида мевалар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, картошка ва узумдан, шу жумладан дуккакли маҳсулотлардан оқилона фойдаланиш, шунингдек экспортга етказиб беришни ташкил этиш масалаларини ҳал этиш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган юридик шахсларга рухсат берилади. ВМнинг 28.08.2015 йилдаги 249-сон Қарорига мувофиқ умумий тартибда 2015 йил 1 сентябрдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга оширилади

 

ВМнинг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (14.10.2015 йилдаги 292-сон, 26.10.2015 йилдан кучга кирди)

 

Қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:

Мувофиқликни баҳолаш органларини ва метрологик хизматларни аккредитация қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини инспекция назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низом.

Хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олиш таомили Ўзбекистон Республикаси билан  ўзаро эътироф этиш тўғрисида халқаро битим тузган мамлакатлардан товарларни, технологик асбоб-ускуналарни ва уларнинг қисмларини олиб киришда, шунингдек олиб кирилаётган маҳсулотларнинг сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган синов лабораторияси мавжуд бўлмаганда қўлланилади. Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларининг (АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1458-сон билан рўйхатдан ўтказилган) V бўлимида ҳамда Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон Қарори билан тасдиқланган) IV бўлимида хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олишнинг умумий тартиби белгиланган.

26.10.2015 йилдан маҳсулотлар, ўлчов ва тадқиқот асбоблари, андоза намуналари, технологик ускуна ва унинг қисмларига хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олиш тартиби янги Низом билан тартибга солинади (26.10.2015 йилга қадар олиб кириладиган технологик ускуна ва унинг қисмларига мувофиқлик сертификатлари ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ тан олинади).

Шунингдек стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди

ВМнинг «Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг электрон тарзда олдиндан хабардор қилинишини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори (30.10.2015 йилдаги 307-сон)

 

Ташувчиларга, божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга 2015 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида божхона органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилишни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Олдиндан хабардор қилиш олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари (тасдиқланган рўйхат бўйича) ҳақидаги маълумотларни Интернет тармоғи орқали автоматлаштирилган ахборотлар тизимига жўнатиш йўли билан амалга оширилади

ВМнинг «Товар-хом ашё биржалари орқали юридик ва жисмоний шахслар томонидан экспортга фақат эркин алмаштириладиган валютага сотиладиган товарлар рўйхатига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қарори (10.11.2015 йилдаги 324-сон, 16.11.2015 йилдан кучга кирди)

 

Рўйхатга «Қурилиш ойнаси» (ТИФ ТН коди – 7005 292 50 0, 7005 293 50 0, 7005 298 00 0) ва «Шиша банкалар»
(ТИФ ТН коди – 7010 901 00 0) позициялари киритилди

 

ВМнинг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори (12.11.2015 йилдаги 330-сон, 23.11.2015 йилдан кучга кирди)

 

Илгари амал қилган Низом (ВМнинг 31.07.2000 йилдаги 293-сон Қарорига 1-илова) ўрнига қуйидагилар тасдиқланди ва амалга киритилди:

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш, олиб чиқишга сертификат олиш учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом;

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказишга рухсатнома олиш учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом;

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ёпиқ турдаги божхона омборига жойлаштириш ҳуқуқига рухсатнома олиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом

ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қарори (АВ томонидан 24.11.2015 йилда 2436-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 30.11.2015 йилдан кучга кирди)

 

Рўйхатга импорти чоғида божхона божи ва ҚҚС тўланмайдиган технологик жиҳозларнинг қўшимча позициялари киритилди

 

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ

 

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун (3.06.2015 йилдаги ЎРҚ-387-сон, 4.06.2015 йилдан кучга кирди)

 

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг (22.07.2008 йилдаги ЎРҚ-163-сон) янги таҳрири тасдиқланди.

Унда корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқариш тартиби ва шартлари белгиланди (илгари инфратузилма облигацияларини чиқариш назарда тутилмаган). Инфратузилма облигациялари ва опционлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғим тўланмайди.

Белгиланишича, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олиш инвестиция воситачиси ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида очиладиган қимматли қоғозлар эгаларининг депо ҳисобрақамларида амалга оширилади (илгари бундай вазифани депозитарийлар амалга оширар эдилар).

Қонун янги таҳрирининг тасдиқланиши муносабати билан ВМнинг 23.09.2015 йилдаги 274-сон Қарори билан қимматли қоғозларни чиқариш, муомалага киритиш, уларга оид операцияларни рўйхатдан ўтказиш, қимматли қоғозлар бозорида малакали фаолият юритишни амалга оширишни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди

 

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг «Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 6.11.2015 йилдаги 2000-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 9.11.2015 йилдан кучга кирди)

 

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири тасдиқланиши муносабати билан акциялар ва облигацияларни чиқариш, рўйхатдан ўтказиш ва уларни жойлаштириш тартибига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Чунончи эмитент икки турдаги – корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқариш мумкин (илгари инфратузилма облигацияларини ишлаб чиқариш назарда тутилмаган). Шунингдек банклар учун қимматли қоғозларнинг чиқарилишини Марказий билан билан келишиш тартиби бекор қилинди

 

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ХИЗМАТЛАРИ

 

ВМнинг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (31.12.2014 йилдаги 377-сон)

 

2015 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларнинг (шу жумладан, солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларининг) талаб қилиниши тақиқланади. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда мустақил равишда оладилар. Зарур ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган ваколатли ташкилотлар ушбу ҳужжатлар ва ахборотларни (архив маълумотномалари бундан мустасно) давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан тегишли идоралараро сўров олинган вақтдан бошлаб 1 иш куни мобайнида тақдим этишлари шарт. Уларнинг сўров бўйича тақдим этилмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаслиги тадбиркорлик субъектига давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди. Мазкур меъёр жорий этилиши муносабати билан қуйидаги ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди (1.01.2015 йилдан кучга кирди):

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон Қарорига 2-илова);

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 16.05.2011 йилдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган);

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарори билан тасдиқланган) ва фаолият турларини лицензиялаш бўйича бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга.

Қарор қоидаларини амалга ошириш мақсадида адлия вазирининг буйруғи билан (АВ томонидан 11.03.2015 йилда 2090-9-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (28.09.2015 йилдаги ПҚ-2412-сон)

 

Ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилиши назарда тутилган. 2016 йил 1 январдан бошлаб рўйхат (2-илова) бўйича давлат хизматлари фақат «ягона дарча» марказлари томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига, жумладан Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали уланиш орқали (мурожаат қилиш жойи ва усулидан қатъи назар) амалга оширилади.

Хусусан, 2016 йил 1 январдан бошлаб «ягона дарча» марказлари орқали қуйидагилар амалга оширилади:

тегишли низомларда (ВМнинг 2.10.2015 йилдаги 280-сон Қарорига 1 ва 2-иловалар) назарда тутилган тартибда тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш;

Низом билан (ВМнинг 7.10.2015 йилдаги 285-сон Қарорига 2-илова) белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома бериш

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

 

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон, 1.01.2015 йилдан кучга кирди)

 

Солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий қилинди – корхонанинг мансабдор шахсларига ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади. Бунда бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилганда ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 175-моддаси олтинчи, еттинчи қисмлари)

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (11.12.2014 йилдаги ЎРҚ-381-сон, 12.12.2014 йилдан кучга кирди)

 

Қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

МЖТК (43-моддага) ва Жиноят кодексига (144-моддага) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этишга жарима санкциялари қўлланилиши қисмида (илгари фуқароларнинг мурожаатларида қонун ҳужжатларини бузганлик ҳолатларидагина жавобгарликка тортилиш назарда тутилган эди);

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон) 18-1-модда киритилди, унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида 3 ойдан кейин кучга киради. Бундан ташқари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган, тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган, уларнинг расмий веб-сайтларида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг талабларини бузганлик учун тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди (30-модданинг иккинчи қисми).

Қонун билан бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам ўзгартиришлар киритилди

 

Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон)

 

2015 йилнинг 1 июлидан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кундан ошмайди (1.07.2015 йилга қадар 30 календарь кундан ошмаган эди);

солиқ текшириши фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олади (1.07.2015 йилга қадар – текширувлар ўтказиладиган йилдан бевосита олдин келувчи солиқ тўловчи фаолиятининг 5 календарь йилидан кўп бўлмаган даврни қамраб олар эди);

Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, солиқ текширувлари материаллари кўриб чиқилганлиги натижалари бўйича қарор солиқ органларига келиб тушган кундан бошлаб 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан Жиноят кодексига (184-модданинг бешинчи қисмига) тегишли ўзгартиришлар киритилди

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (10.08.2015 йилдаги ЎРҚ-389-сон, 11.08.2015 йилдан кучга кирди)

 

Озодликни чеклаш тарзидаги жиноий ҳуқуқбузарликлар учун янги жавобгарлик чораси жорий қилинди (Жиноят кодексининг 48-1-моддаси).

Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат. Озодликни чеклаш 6 ойдан 5 йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

Озодликни чеклаш чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Жавобгарликнинг янги чораси киритилиши муносабати билан Жиноят-ижроия кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек МЖТКга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин (МЖТКнинг 36-моддаси биринчи қисми). Илгари ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб 2 ойдан кечиктирмай қўлланилар эди;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик учун маъмурий жавобгарлик, шунингдек ушбу жиноятлар қайд этилганда жарима солиш тўғрисида қарор чиқариш тартиби жорий қилинди (МЖТКнинг 17-1, 309-1-моддалари)

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон, 21.08.2015 йилдан кучга кирди)

 

Бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, МЖТК ва ЖКга тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутадиган боблар киритилди (МЖТКнинг XVI-1 боби, ЖКнинг XIII-1 боби). Илгари ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари МЖТК ва ЖКларнинг алоҳида моддаларида назарда тутилган эди.

Шунингдек Солиқ кодексига молиявий жарима санкциялари қисмида ўзгартиришлар киритилди. Солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 108-моддаси саккизинчи қисми). Агар солиқ тўловчи биринчи иш бўйича қарор чиқарилгунига қадар солиққа оид яна бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги иш бўйича қарор чиқарилганидан сўнг аниқланса, мазкур қоида бўйича жарима қўлланилади. Бу ҳолда, суд томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича тайинланган жарима миқдорида биринчи қарор бўйича тўланган жариманинг суммаси ҳисобга олинади. Илгари бир нечта солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида молиявий санкциялар қўлланилар эди.

Солиқ кодексининг 112-моддаси тўртинчи қисмига (Қонун билан жорий қилинган) мувофиқ қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд Солиқ кодексининг 17-бобида назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан камроқ, бироқ жарима энг кам миқдорининг 25%идан кам бўлмаган ҳажмда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақлидир

 

 

Қўлланмани «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 5655 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика