Корхонамиз воситачилик шартномаси бўйича дори-дармонларни реализация қилиб, бунинг учун воситачилик ҳақи олди. Ҳар ойда биз уларни реализация қилишнинг бориши тўғрисида ҳисобот топширдик.
5–6 ойдан сўнг дориларнинг яроқлилик муддати тугади. Биз бундан товар комитентини хабардор қилдик. Воситачилик шартномасида биз товарни яроқлилик муддати тугашига қадар қайтаришимиз кераклиги қайд этилган банд йўқ. Комитент товарни қайтариб олишдан бош тортяпти. Биз эса унинг товарига эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Корхонамизнинг ўзи муддати ўтган дори-дармонларни ҳисобдан чиқармоқчи (йўқ қилмоқчи).
Товар хусусий эмас, балки воситачилик товари бўлгани боис уни қандай қилиб йўқ қилиш мумкин? Юзага келган вазиятни ҳал этишнинг бошқа йўллари борми?
Ш.Дадахўжаева,
МЧЖ бош бухгалтери.
Амалдаги қонун ҳужжатларида «дори-дармонлар» тушунчаси аниқлаб берилмаган. Бироқ унинг маъносидан дори воситалари ҳақида сўз бораётганлиги тушунарли. «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (25.04.1997 йилдаги 415-I-сон, кейинги ўринларда – Қонун) 2-моддаси ўн тўққизинчи хатбошисида яроқсиз ҳолга келган дори воситаси ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситаси сифатсиз дори воситаларига киритилади. Қонуннинг 13-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ, сифатсиз дори воситаларини реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади. |
Қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома1 (кейинги ўринларда – Йўриқнома) яроқсиз дори воситалариларни йўқ қилиш тартибини белгилайди. Унинг 2-бандига мувофиқ сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва «in bulk» маҳсулотлари2 қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатида эътироф этилади. Сифатсиз дори воситаси деганда сифати лозим даражада бўлмаган, хусусан, яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини ҳам ўз ичига олувчи дори воситалари тушунилади.
Яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар ёқиб юбориш, синдириш, эзиш, тўкиш ва кўмиш усуллари билан йўқ қилинади (Йўриқноманинг 3-банди). Бунинг учун дори воситалари ва тиббий буюмларнинг эгаси бўлган ташкилот раҳбарининг буйруғи билан 5 кишидан кам бўлмаган таркибда комиссияси тузилади (Йўриқноманинг 7-банди). «Эга» – кенг маъноли тушунча, у мулк ҳуқуқининг зарур элементи (қисми) ҳисобланади (Фуқаролик кодексининг 164-моддасига қаранг). Ашё эгаларига унинг мулкдори ҳам, мулкдор билан шартнома асосида ёки бошқа ҳуқуқий асосда ашёга эгалик қиладиган ва бу билан унга эга бўлган бошқа шахс ҳам киритилиши мумкин. Масалан, ижарачининг ижарага олинган мол-мулкка эгалик қилиши – ижара шартномаси асосида, гаров тутувчининг гаровдаги мол-мулкка эгалик қилиши – гаров шартномаси бўйича, воситачининг воситачилик нарсасига эгалик қилиши – воситачилик шартномаси бўйича. Мол-мулкка мерос қоладиган умрбод эгалик қилиш, хўжалик юритиш, оператив бошқариш, олинадиган муддат бўйича ва бошқача тарзда эгалик қилиш мумкин. |
Ана шундан келиб чиқиб ва муддати ўтган дори воситаларининг мулкдори (комитент) уларни қайтариб олишни хоҳламаётганлигини ҳисобга олиб, воситачилик шартномаси асосида комитентдан олинган дори воситаларининг эгаси тушунчасига кирадиган корхонангиз раҳбари яроқсиз дори воситаларини йўқ қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида буйруқ чиқаришга ҳақли. Йўриқноманинг 8-бандига кўра комиссия яроқсиз дориларни йўқ қилиш ҳақида мазкур Йўриқноманинг 3-иловасида белгиланган шаклда қарор қабул қилиши керак бўлади. Мазкур қарор очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этганида кучга эга бўлади (Йўриқноманинг 9-банди). Унда яроқсиз дори воситаларини йўқ қилиш санаси, вақти, жойи ҳамда йўқ қилинаётган дори воситаларининг атроф муҳит учун безарарлиги, уларнинг физик-кимёвий мутаносиблиги эътиборга олинган ҳолда йўқ қилиш усуллари белгиланади.
Сўнгра йўқ қилиниши лозим бўлган дори воситаларини йўқ қилингунга қадар сақлаш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан моддий жавобгар шахс тайинланади. Буйруқда йўқ қилиниши лозим бўлган дори воситаларининг номлари ва сериялари, ўрамлари сони (миқдори) кўрсатилиши шарт (Йўриқноманинг 10-банди). Уларни йўқ қилиш комиссия аъзолари иштирокида, маҳсулот эгаси ёки унинг вакили томонидан амалга оширилади, йўқ қилиш жараёни эса фотосуратга олинади (Йўриқноманинг 11-банди). Сўнгра комиссия томонидан Йўриқноманинг 4-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилади (Йўриқноманинг 12, 13-бандлари): |
йўқ қилиш санаси, вақти ва жойи;
яроқсиз дори воситалари номи (серия рақами, яроқлилик муддати, ўрамлари сони (миқдори), ишлаб чиқарувчининг номи кўрсатилган ҳолда);
яроқсиз дори воситалари эгасининг вакили (моддий-жавобгар шахс);
йўқ қилиш усули;
йўқ қилишда иштирок этган комиссия аъзолари (фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва лавозими).
Далолатнома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ҳамда яроқсиз дори воситаларининг эгаси ҳисобланган ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади3 (Йўриқноманинг 14-банди).
Далолатнома, фотоматериаллар ва яроқсиз дори воситаларининг йўқ қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар улар эгаси бўлган ташкилотда сақланади (Йўриқноманинг 15-банди). Мазкур ҳужжатларнинг нусхалари товар мулкдорига (комитентга) берилиши керак, чунки улар йўқ қилинган дори воситалари комитент ҳисобидан (маҳсулот ёки товарлар ҳисобварақларидан) ҳисобдан чиқарилиши учун асос ҳисобланади.
Сиз эса ўз навбатида, воситачи сифатида, уларни 004-балансдан ташқари ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарасиз.
Ушбу вазиятдан хулоса чиқарган ҳолда сизга воситачилик шартномасини тузиш чоғида яроқлилик муддати тугаётган ёки тугаган товарларга тааллуқли шартларни назарда тутишни тавсия қиламиз. Масалан, бундай товарларни комитентга қайтариш муддатлари, уларни йўқ қилиш шартлари, мазкур мажбуриятларни бажаришдан бош тортилган тақдирда тарафларнинг жавобгарлиги ва бошқа ҳолатларни. |
Воситачилик шартномасида муносабатларнинг батафсил тартибга солиниши сизни бундай муаммоли вазиятлардан халос қилади.
1Соғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 25.05.2010 йилда 2106-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2«in bulk» (ин балк) маҳсулоти – тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ва технологик жараённинг барча босқичларидан ўтган, бундан бошқа ишлаб чиқарувчида қадоқлаш ва маркировкалаш мустасно, ҳар қандай фармацевтик маҳсулот.
3Шуни назарда тутиш лозимки, 20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига кичик тадбиркорлик субъектлари муҳрга эга бўлишга ҳақли эканлиги (мажбур эмаслиги) таъкидланган ўзгартиришлар киритилди. Агар яроқсиз дори воситаларини йўқ қилаётган ташкилот кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланса ва шу туфайли муҳрга эга бўлмаса, Йўриқноманинг уларни йўқ қилиш далолатномасини муҳр билан тасдиқлаш тўғрисидаги талаби унга татбиқ этилмайди.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Profi» эксперти.