Ҳисобга олинмаган истеъмолчиларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди
Кейинги вақтда фуқароларнинг қўшимча иситиладиган майдонлар учун ҳисобланмалар, шунингдек ҳисобга олинмаган истеъмолчиларни аниқлаш билан боғлиқ мурожаатлари кўпайди. Абонентлар уларга қандай қилиб ва қандай асосда ҳисобланмалар қилинишидан хабардор эмаслар. Бу хизматларни етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасида саволлар, зиддиятлар пайдо бўлишига сабаб бўляпти. Ушбу мавзуга оид бир нечта кўп учрайдиган мурожаатларни келтирамиз.
Квартирага 2 киши прописка қилинган ва унда яшайди. Иссиқ сув учун ҳисоблагичсиз ҳақ тўлайман. Бироқ яна икки нафар яшовчи учун менга ҳисоблаб ёзишгани маълум бўлди. Йўқ одамни қаердан олганлари номаълум. Айтмоқчи, бир нечта танишим ҳам ана шундай вазиятга тушиб қолган. Маълум бўлишича, иссиқлик таъминоти ташкилоти ходимлари уйма-уй юриб, яшовчилардан қўшни квартираларда қанчадан одам яшашини сўраб чиқишган. Уйма-уй юриш мониторинг доирасида бўлиб ўтган эмиш. Бу ҳол иссиқ сув учун қўшимча ҳисобланмалар қилишга асос бўлган кўринади. Бироқ бу бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Қўшнилар тилларига келган гапни айтишлари мумкин. Ушбу ахборотга қандай қилиб ишониш мумкин? Бу қанақа мониторинг бўлди? У қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади, қандай ўтказилиши керак?
* * *
Иссиқ сув истеъмоли учун ўз вақтида ҳақ тўлайман, бироқ кутилмаганда қарздор бўлиб қолганим маълум бўлди. Иссиқлик таъминоти ходимлари қўшимча иситиладиган майдон учун ҳисоблаганликларини айтишди. У қаердан пайдо бўлди? Етказиб берувчилар нимага асосан бундай ҳисобланмаларни қиладилар?
– Савол иссиқлик таъминотидаги жиддий муаммолардан бири – иссиқлик энергиясидан меъёрдан ортиқ истеъмол қилиниши туфайли юзага келган. У технологик тусдаги сабаблар билан ҳам, аҳоли, ХУМШ ходимлари йўл қўядиган қоидабузарликлар билан ҳам боғлиқ. Масалан, иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизими бутунлай яроқсиз ҳолга келган, қувурлардан сув оқади, сантехниклар тез-тез тизимни оқизишга улашади, ноқонуний уланиш ишлари қилинади. Ёки ҳисоблагич бўлмаган квартирада бир киши прописка қилинган, аслида эса беш киши ёки ундан ҳам кўп ижарачи яшайди. Сув сарфи 5 баравар кўп. Кўпчилик ошхонани ноқонуний равишда балконга олиб чиқиб, у ернинг қишда иссиқ бўлишини таъминлайди. Ёки квартирада совуқ бўлади – яшовчилар батареяларни кўпайтиришади, иситилаётган майдон кенгаяди, шу билан бирга эса меъёрдан ортиқча, ҳисобга олинмаган, ҳақи тўланмайдиган иссиқлик энергияси сарфи ҳам ошади. Бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари учун жуда катта талафотдир. Шу боис энергия тежаш дастурига, шу жумладан кўп квартирали уйларни умумий ва якка тартибдаги ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлашга катта эътибор бериляпти.
Кейинги вақтдаги бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда меъёрдан ортиқча талафотларни қисқартиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуаси назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2014 йилдаги 197-сон Қарори (18-илова, бундан кейин – Илова) шулар жумласидандир.
Илованинг II бўлими истеъмолчилар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажмларини ҳисобга олишни такомиллаштиришга йўналтирилган. Ушбу бўлимнинг 1-бандида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тармоқларига уланган иссиқлик энергияси истеъмолчиларини (юридик шахсларни) ҳақиқатдаги иссиқлик юкламаларига мувофиқлиги бобида инвентарлаш назарда тутилади. Тошкент ҳокимлигининг қарори билан «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК мутахассислари, милиция таянч пунктлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этиш мўлжалланган.
II бўлимнинг 2-бандида кейинчалик ҳақиқатда истеъмол қилинадиган иссиқлик энергияси учун ҳисобланмалар қилиш, янгидан аниқланган истеъмолчилар билан шартномалар тузишни таъминлаш билан бирга квартираларнинг қўшимча иситиладиган майдонларини аниқлаш бўйича иссиқлик энергияси истеъмолчиларини (жисмоний шахсларни) инвентарлаш мўлжалланмоқда. Жадвалларни тўлдириш ҳамда ишчи гуруҳ аъзоларининг имзолари ва ХУМШ муҳри билан тасдиқлаш билан бирга квартиралар, якка тартибдаги уйлар, корхоналар, ташкилотларни айланиб чиқишни ташкил этиш назарда тутилган. Инвентарлаш якунлари бўйича абонентларнинг маълумотлар базаларини янгилаш, янги аниқланган абонентлар билан шартномалар тузиш мўлжалланяпти.
Ҳужжатга кўра кўрсатилган тадбирларни 2014 йилнинг октябрь–декабрь ойлари даврида ўтказиш мўлжалланган эди. Иссиқлик таъминоти ходимлари белгиланган муддатларда режани бажара олмаганликлари туфайли, чамаси, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда истеъмолчиларни ҳисобга олиш ва қўшимча иситиладиган майдонларни аниқлаш бўйича ишни жадаллаштирганлар. Ана шу сабабли аҳоли ўтказилаётган инвентарлаш тўғрисида хабардор қилинмаган.
Шуни таъкидлаш лозимки, меъёрдан ортиқча талафотларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар мажмуасида ҳисобга олиш асбоби бўлмаган ҳолда иссиқ сув таъминоти истеъмолига ҳақ тўлашни тартибга солиш назарда тутилган. Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова) 93-бандида назарда тутилишича, иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган жисмоний шахсларга етказиб берилган иссиқлик энергияси (иссиқ сув) қийматига ҳақ тўлаш иссиқ сув таъминоти хизматлари учун белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказилган фуқаролар бўлмаган турар жой хонадонларида иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоб-китоблар 1 хонали ва 2 хонали турар жой биносидаги 1 кишига; 3 хонали турар жой биносидаги 2 кишига; 4 хонали турар жой биносидаги 3 кишига; 5 хонали турар жой биносидаги 4 кишига ҳисобидан, иссиқ сув таъминоти хизматларига белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда, амалга оширилади.
НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ҳисобга олинмаган истеъмолчилар аниқланганда иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобисиз истеъмол қилиш тўғрисида сўз боради. Агар сизнинг квартирангизга ана шундай икки-уч нафар истеъмолчи қайд этилган бўлса, бу эса ҳақиқатга тўғри келмаса, нима қилмоқ керак? Истеъмолчи «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКнинг туман ёки шаҳар бўлимига шикоят билан мурожаат қилиши керак. Агар бу натижа бермаса, судга мурожаат қилинг. Ҳисоблагичнинг ўрнатилиши эса ушбу муаммони тубдан ҳал этади.
Амалиётнинг кўрсатишича, ишчи гуруҳларнинг уйма-уй юриши механизмига қўшимчалар киритиш лозим. Ундан турар жой мулкдори чиқариб ташланган. Яъни уйма-уй юриш вақтида амалда яшовчи ва прописка қилинган фуқаролар текширилади. Унга асосан жадваллар тузилади, тегишли тузилмаларнинг ходимлари имзолари билан тасдиқланади, бироқ... бунда турар жой мулкдори иштирок этмайди. Умумқабул қилинган амалиётда бунда далолатнома тузилади, унга истеъмолчи ҳам имзо чекиши керак. Текшириш далолатномасисиз мунтазам суиистеъмолликлар, асоссиз қўшиб ёзишлар учун замин яратилади, бунга аниқ далиллар мавжуд, улар муайян тамойилга айланиши мумкин. Ишчи гуруҳларга ҳатто ХУМШ вакиллари киритилмаган. Шундай бўлса-да, улар бошқа шахслар томонидан квартираларни айланиб чиқиш натижалари бўйича тузилган жадвалларга муҳр қўядилар. Бу – жиддий масала, унга бундан кейин ҳуқуқий жиҳатдан ишлов берилиши керак.