Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 31 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ҳамкор қўшимча ҳужжат тақдим этишни талаб қилса...

Товар етказиб бериш шартномаларини тузиш учун етказиб берувчи биздан давлат рўйхатидан ўтказганлик, ижара, ДСИда ҳисобга қўйилганлик, НКМ рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни, директор ва бош бухгалтер паспортларининг нусхаларини талаб қиляпти.

Биз Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2014 йилдаги 377-сон Қарорига асосланган ҳолда фирма талаб қилаётган ҳужжатларни тақдим этиш борасида рад жавоби беришимиз мумкинми?

Д.Комилов.

– Аввало шуни таъкидлаймизки, Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 1-моддасига кўра фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари аввало тарафларнинг тенглиги, шартноманинг эркинлиги, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймаслик қоидаларига асосланади.

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг субъектлари ўз ҳуқуқларини ўзларининг иродалари билан ва ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда оладилар ва амалга оширадилар. Улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини шартнома асосида ўрнатишда ва унинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳар қандай шартларини белгилашда эркиндирлар.

Икки тарафлама шартнома тузиш учун икки тараф келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак (ФКнинг 102-моддаси). «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон, бундан кейин – Қонун) 4-моддасида ҳам шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари жумласида хўжалик шартномаларини тузишнинг эркинлиги ва тарафларнинг ўзаро манфаатдорлиги кўрсатилади.

Шу билан бирга хўжалик шартномаси тарафлари хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш муносабати билан зарур бўлган маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш; бошқа тарафнинг иқтисодий аҳволи, нуфузи ва ишчанлик жиҳатлари хусусидаги маълумотларни тўплаш ҳуқуқига эгалар. Ушбу шаклланган ва тадбиркорлик соҳасида кенг қўлланадиган амалиётни иш муомаласи одати деб эътироф этиш мумкин (Қонуннинг 6-моддаси).

Шу тариқа, бирор-бир ҳужжатни талаб қилиб олиш хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир, буни тузилаётган шартномаларнинг қонунийлигини таъминлаш ва нохуш оқибатларнинг олдини олиш зарурати тақозо этиши мумкин. Масалан, контрагентнинг тузилаётган шартномада назарда тутиладиган ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалигини аниқлаш, муайян фаолиятни амалга оширишга лицензия борлигини аниқлаш, шартномани тузаётган шахснинг кимлигини тасдиқлаш ва бошқалар учун.

Синалган ҳамкорлар шартномаларни тузиш чоғида одатда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олмасликлари ҳам мумкин. Бироқ бу уларни талаб қилишга ҳақли эмаслар деган маънони билдирмайди.

Албатта, сиз товар етказиб берувчига у сўраётган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортишингиз мумкин. Бироқ шуни эътиборда тутиш лозимки, аҳдлашувчи тарафлардан бири талаб қилинаётган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган тақдирда иккинчи тараф шартнома муносабатларининг юқорида эслатилган қоидаларига кўра шартнома тузишдан бош тортишга ҳақлидир.

Бироқ агар сиздан ортиқча, тузилаётган шартномага дахлдор бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишса ва уларни тақдим этмаганлик важидан шартнома тузишдан бош тортишса, сиз шартномани мажбурий тарзда тузиш даъвоси билан судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Шуни ҳам кўрсатиш лозимки, шартнома тарафларидан бирининг қонун ҳужжатларини бузиши иккинчи тарафнинг жавобгар бўлишига олиб келмайди. Масалан, лицензияланадиган фаолият билан махсус рухсатномасиз ёки ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан шуғулланганлик учун ушбу талабларни бузувчи жавоб беради. Бироқ назорат қилувчи тузилмалар билан мулоқот тарзидаги нохуш оқибатлар унинг ҳамкорига ҳам дахл этиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Қисқаси, шартноманинг бошқа иштирокчиси талабларига тўғри муносабатда бўлиш керак. Эҳтимол, унинг иш тажрибасини қўллаш ҳам керакдир.

Ҳукуматнинг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (31.12.2014 йилдаги 377-сон) асосан ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиш имкониятига келсак, ҳужжатнинг номиданоқ у тартибга соладиган соҳа давлат хизматлари кўрсатиш муносабатлари ҳисобланиши кўриниб турибди. Мазкур ҳужжатнинг асосий қоидаси 2015 йил 1 январдан бошлаб белгиланган, давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа органлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан бошқа давлат органларида ва ўзга ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатлар ва ахборотларнинг, шу жумладан, солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларининг талаб қилиниши тақиқланиши ҳисобланади.

 

Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти, юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 1928 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика