● 24 дастурнинг барчаси ЯААТга бирлаштирилган
● Электрон декларациялашда интернет тезлиги беш баравар ошди
● Электрон огоҳлантириш туфайли қоидалар бузилиши олди олинмоқда
Давлат божхона қўмитаси томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бунда божхона органларининг моддий-техник базаси мустаҳкамлангани, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.
Қўмитанинг www.customs.uz веб-сайти орқали божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича ахборотларни вақтида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган 24 дастур жорий қилинган. Уларнинг барчаси Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилган. Муҳими, ушбу дастурий маҳсулотлар миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган.
– Веб-сайтимизда барча турдаги божхона декларациялари ва унга тегишли бошқа ҳужжатларнинг электрон шакллари ҳамда уларни тўлдириш тартиблари жойлаштирилган, – дейди ДБҚ ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бердиев. – Бунда Президентимизнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) муҳим дастуриламал бўлди.
Фармонга мувофиқ, Қўмита томонидан электрон декларациялаш ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Ушбу тизим орқали тадбиркорлик субъектлари декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш имконига эга бўлди. Бу жараёнда аввал мавжуд бўлган ортиқча қоғозбозлик, келиб-кетиш ёки навбат кутишга вақт йўқотишдек ҳолатлар ёки айрим бюрократик тўсиқлар бутунлай барҳам топди.
Электрон декларациялаш ахборот тизими самарадорлигини ошириш мақсадида интернет тезлиги беш баробар оширилди ҳамда юқори қувватли сервер қурилмалари ўрнатилди. Натижада электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини тақдим этиш имконияти янада яхшиланди. 2014 йилда экспорт-импорт операциялари юзасидан жами 407 мингдан зиёд божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлса, уларнинг қарийб 99 фоизи мазкур тизим орқали электрон тарзда тақдим этилди.
Ҳозирги кунда эса тадбиркорлик субъектлари божхона органларига умуман келмасдан, фақат интернет орқали божхона расмийлаштирувини тўлиқ электрон тарзда амалга оширмоқда.
Божхона назорати ва расмийлаштирувини янада такомиллаштириш, ТИФ иштирокчилари учун қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (31.12.2014 йилдаги) мувофиқ, электрон декларациялашнинг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хизмат кўрсатиш асослари мустаҳкамланди. Унга кўра, товарларни божхона кўригидан ўтказишда божхона ходими уч соатда уни ўтказиш вақти ва жойи ҳақидаги маълумотлар ёзилган электрон хабарни божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи мутахассисга юборади. Электрон декларацияда кўрсатилган маълумотлар божхона кўриги натижаларига мос келганида, расмийлаштириш жараёнлари ўрнатилган тартибда якунига етказилади.
Бу хизматлар ташқи савдо иштирокчилари ва божхона ходимлари учун қатор қулайликлар яратди. Давлат бюджетини тўлдириш ва божхона тўловлари йиғилувчанлигини ошириш, божхона қоидалари бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва контрабандага қарши курашишда ҳам бу катта роль ўйнамоқда.
– Божхона органларига татбиқ этилган ахборот-коммуникация технологиялари ўз самарадорлигини кўрсатмоқда, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманида фаолият юритаётган хусусий тадбиркор Фарҳод Юсупов. – Электрон декларациялаш тизими амалиётга киритилгунга қадар декларация билан бирга сертификатлар, контракт, товар юк ҳужжатлари каби бир қатор ҳужжатлар қоғозда божхона органларига тақдим этилар эди. Бугунги кунда божхона расмийлаштирувида қоғоз ҳужжатларни тақдим этиш тўхтатилгани сабабли барча ҳужжатлар фақат электрон тарзда тақдим этилмоқда. Бу бизга жуда катта қулайлик ва иқтисодий фойда келтирмоқда.
Чунончи, ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилиши натижасида тадбиркорлик субъектларининг вақти ва маблағи тежалишига эришилмоқда. Хусусан, 2013 йилда тадбиркорлар томонидан божхона юк декларациялари қоғоз бланкаларига 1 миллиард 229 миллион сўм сарфланган бўлса, 2014 йилда қоғоз кўринишида декларациялаш амалиёти тўхтатилгани натижасида бу харажатлар барҳам топди. Божхона тизимида электрон ҳужжат айланиши йўлга қўйилгани натижасида 2014 йилда тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинган.
Эътиборлиси, электрон декларациялаш жорий этилиши тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш, улар томонидан божхона қоидалари бузилишининг олдини олишга ҳам шароит яратмоқда. Хусусан, ушбу тизим томонидан берилган огоҳлантириш натижасида 851 нафар тадбиркорнинг божхона қоидаларини бузишининг олди олинган.
Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кенг қулайликлар яратмоқда. Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
ЎзА материали асосида.