Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 25 / Божхона

Бизнес учун янги имкониятлар

Президентнинг 15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармони билан Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Сурхондарё вилоятида ҳудудий божхона ташаббуси билан ўтказилган бир қатор семинарлар ҳужжатнинг қоидаларини тушунтириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ таомилларни соддалаштириш бўйича божхона органларининг амалий ҳаракатлари мавзусига бағишланди.

 

Яқинда ДБҚ вилоят бошқармасида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашув ҳам ушбу масалаларнинг муҳокамасига бағишланди. Унда вилоят прокуратура ва адлия бошқармаси бўлинмалари, божхона бошқармаси бўлимларининг раҳбарлари, Термиз шаҳар жиноят ишлари бўйича суди раиси ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этдилар.

 

БОЖХОНА органлари сайтлари тадбиркорлар хизматида

ИШБИЛАРМОНЛИК муҳитини эркинлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича божхона хизматининг иши тўғрисида ахборот бераркан, Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов 2014 йилда 402 мингдан ортиқ электрон БЮДлар расмийлаштирилганлигини маълум қилди – бу эса жами декларацияларнинг қарийб 99%и демакдир. ТИФ иштирокчилари учун бу ҳолат божхона расмийлаштирувини жадаллаштирибгина қолмай, салмоқли маблағларни тежаш имконини ҳам берди. Чунончи, 2013 йилда БЮДнинг қоғоз бланкаларини тайёрлашга тахминан 1,2 млрд сўм сарфланган эди. 2014 йилда электрон декларациялашга ўтилиши тадбиркорлик субъектларининг қарийб 60 тонна қоғозни тежаб қолишларига имкон берди. Бугунги кунда Сурхондарё тўлиқ равишда электрон декларациялашга ўтди.

Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (15.04.2014 йилдаги ПҚ-2164-сон) 6-илованинг 20 ва 21-бандларини бажара бориб, минтақавий бошқарма интерфаол хизматларни ривожлантирмоқда. ТИФ иштирокчилари товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)га ва товарларни реэкспорт божхона режимида жойлаштиришга рухсатнома олиш учун электрон буюртманомаларни termez-otk22@umail.uz электрон почтасига тақдим этишлари мумкин. Уларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва маълумотлар базасига киритиш учун ДБҚ бошқармасининг божхона назоратини ташкил этиш бўлими жавобгардир.

ДБҚнинг customs.uz сайтида ТИФ иштирокчилари учун зарур ахборотлар – божхона омборлари ва эркин омборлар, божхона имтиёзлари, нарх ахбороти бюллетени, республикада ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган, мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхати, ТИФ ТН тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар жойлаштирилган. Ташқи савдо фаолияти самарадорлигини ошириш учун божхоначилар мазкур порталдаги интерфаол хизматлардан фойдаланишни тавсия этадилар.

Вилоят божхона бошқармаси раҳбарининг маълум қилишича, 29 хўжалик субъектига қарийб 14,3 млрд сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилган. Жорий йилнинг 6 ойи ичида улар аввалги йилнинг худди шундай даври билан таққослаганда 60,3%га ўсган. Божхонанинг бизнесга бундай ёрдами вилоятда инвестиция иқлимини яхшилаш ва ТИФни ривожлантиришга имкон яратади.

 

БИЗНЕС МУҲИТИ ЯХШИЛАНИБ БОРМОҚДА…

Учрашув ташкилотчилари тадбиркорларга ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш бўйича Президентнинг ПФ-4725-сон Фармони талабларини амалга ошириш учун вилоятда нималар қилинганлиги ва қилиниши кераклиги тўғрисида сўзлаб бердилар.

 

ДБҚ бошқармасининг божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Шуҳрат Бабаев тўловчилар томонидан эътироз билдирилган қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундиришнинг янги тартиби тўғрисида маълумот берди. Экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш чоғида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида энди уларни ундириш фақат суднинг қарорига биноан амалга оширилади. Илгари божхона органлари уларни, ТИФ иштирокчисининг норозилигига қарамай, ҳисоблаб ёзар ва маблағларни банкдаги ўз ҳисобварағига инкассациялаш йўли билан ундирар эдилар. Янги тартибга кўра божхонанинг инкассо топшириқномаси келиб тушганда банк ходимлари хўжалик судининг тегишли қарорини талаб қилиб олишлари шарт.

Энди ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўланган ёки ундирилган пайтдан бошлаб 3 йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қондирилиши ёки бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши кераклиги ҳам жуда муҳим ҳолатдир.

Айтиш жоизки, Божхона кодексининг 169-моддасига мувофиқ божхона тўловларини белгиланган муддатларда тўламаслик, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса, – улар суммасининг 20 фоизидан 50 фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда БКнинг 131-моддасида назарда тутилишича, тадбиркорлик субъекти божхона тўловларини тўламаганлик натижасида содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини материаллар судга топширилган кундан эътиборан бир ой ичида ихтиёрий равишда қоплаган ва унинг оқибатларини бартараф этган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, тадбиркорлик субъекти унга нисбатан иқтисодий жазо чоралари қўлланилишидан озод қилинади. Бироқ одатда ТИФ иштирокчилари билмасликлари ёки бошқа сабаблар туфайли Кодекс ушбу меъёрининг имкониятларидан камдан-кам ҳолларда фойдаланганлар.

 

ВИЛОЯТ прокурори катта ёрдамчиси Дўстмуҳаммад Бердимуродов прокуратура органларининг хўжалик субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилишни кучайтириш бобидаги фаолияти тўғрисида ахборот бериб, Президентнинг ПФ-4725-сон Фармони 2 ва 4-бандлари қоидаларини тушунтирди. Уларга кўра Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

Ушбу янгиликни, солиқ ва божхона қонунчилиги тадбиркорлик субъектлари томонидан бузилиши билан боғлиқ ҳолатда уларнинг мол-мулклари фақат суд қарори бўйича мусодара қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги хабарни ҳам, тадбиркорлар катта мамнуният билан кутиб олдилар.

Прокурор тадбиркорларга давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилиш органлари уларнинг фаолиятига асоссиз аралашган ёки унга тўсқинлик қилган, мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузган тақдирда мулкдорлар ишонч телефони орқали вилоят прокуратураси ёки унинг жойлардаги органларига мурожаат қилишлари мумкинлигини тушунтирди. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан сўзсиз жиноий жавобгарликка тортишга қадар таъсир чоралари кўрилади.

Судларнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти тўғрисида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси Самад Сувонқулов сўзлаб берди. У, хусусан, йиғилганлар эътиборини яна бир маротаба Президентнинг ПФ-4725-сон Фармони хўжалик судларига даъвони кўриб чиқиш даврида тадбиркорлик субъекти томонидан шикоят қилинганда назорат қилувчи органнинг қарорини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилганлигига қаратди.

Хўжалик субъектларида текширишларнинг ўтказилиши ва уларнинг даврийлиги ҳар доим тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келган. Йиғилганларга ушбу соҳадаги янгиликлар тўғрисида вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ботир Абдуллаев сўзлаб берди. У 2015 йил 1 июлдан бошлаб микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилишини маълум қилди. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги текширувларда, бундай органларга божхона хизмати ҳам киради, хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирок этиши шарт. Хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш рад этилиши ҳолатлари бундан мустасно.

Адлия бошқармаси ходими учрашувда ҳозир бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг саволларига жавоб берди. Уларни, жумладан, ПФ-4725-сон Фармон билан жисмоний шахсларга ишга ёллашга рухсат берилганлиги қизиқтирди. 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият туридан келиб чиққан ҳолда 1 нафардан 3 нафаргача ходимни ёллашлари мумкин. Ҳар бир ёлланган ишчи учун якка тартибдаги тадбиркор бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ЭКИҲнинг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва иш берувчи учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлайди. Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилади.

 

* * *

Учрашувда назорат қилувчи органлар билан бизнес вакиллари ўзаро ҳамкорлигининг бошқа жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ўзларининг божхона амалиётига тааллуқли бўлган барча саволларига жавоб олиб, бундай мулоқотнинг муҳим ва долзарб бўлганлигини таъкидладилар. Улар бундай учрашувлар мунтазам ўтказилиши лозимлиги хусусида фикр билдирдилар.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси матбуот гуруҳи кўмагида тайёрланди.

Прочитано: 2376 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика