Газетхоннинг қандай қилиб жисмоний шахс хориждан юборилган посилкани Тошкентда бож тўламасдан олиши мумкин деган саволига жавобда («Оператор кодини кузатинг» – «СБХ»нинг 2.06.2015 йилдаги 22 (1086)-сони 13-саҳифаси) товарларнинг солиқ солинмайдиган лимити ($1 000) улар ХХТУТнинг 52100 ёки 52200 коди берилган, почта алоқаси хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар орқали келиб тушган тақдирда қўлланади деб тушунтириш берилган эди. Ушбу маслаҳатга доир маълумотда Ўзбекистонда фаолият юритадиган, бож тўламасдан олиб кириш меъёри қўлланмайдиган компаниялар айтиб ўтилган эди.
Таҳририятга юборган хатида The Peоple Network (TNT) директори Ф.П.Рустамов шундай деб маълум қилди: «Ушбу хат билан сизга 2015 йил 28 апрелдан бошлаб асосий фаолият турини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада ХХТУТнинг 51512 коди 52200 кодига ўзгартирилгани тўғрисида хабар қиламиз.
Шуни эътиборингизга етказамизки, компаниямизнинг ХХТУТ коди Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш нормалари* (АВ томонидан 21.04.2015 йилда 279-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талабларига мувофиқ келади. Товарларни компаниямиз орқали оладиган жисмоний шахслар энди божхона тўловларини тўламайдилар.
Шу муносабат билан «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳафтаномасининг товарларни TNT орқали оладиган жисмоний шахслар божхона тўловларини тўлайдилар деб хабар қилинган «Оператор кодини кузатинг» мақоласини (2.06.2015 йилдаги 22-сон) тўлдиришингизни сўраймиз».
Буни биз ҳам мамнуният билан қиляпмиз.
*МВ ва ДБҚнинг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.