Аввалги бухгалтер 2014 йилдаги шартномавий мажбуриятлар ҳисобида ноаниқликка йўл қўйган: 4010-ҳисобварақда ҳисобварақ-фактурада кўрсатилганларига мос тушмайдиган суммалар қайд этилган. Бугунга келиб хизматлар бажарилган, олдиндан тўланган ҳақ тўлиқ ҳисобга олинган, шартномалар ёпилган. Бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра эса дебиторлик қарзи (ҳақи тўланмаган хизматлар бўйича) ёки кредиторлик қарзи (6310-ҳисобварақ бўйича хизматларга олдиндан тўланадиган ҳақ) қайд этилган.
2014 йилги барча ҳисоботлар топширилган, молиявий натижа ҳисобланганлигини инобатга олганда, 2015 йилда бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари бўйича тузатиш проводкаларини қандай қилиб тўғри бажариш мумкин?
Н.Ким,
МЧЖ бухгалтери.
– 3-сон БҲМС «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»нинг1 16-бандига мувофиқ олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган xатоларга киритилган тузатиш миқдори (қиймати) ҳисобот давридаги соф даромад ёки зарарга қўшилади.
Жорий ҳамда ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар унинг маълумотлари бузилгани аниқланган ҳисобот даври учун тузилган молиявий ҳисоботда амалга оширилади. Бунда тузатишлар ҳисобот даври (чорак, йил бошидан) учун маълумотларга киритилади. Ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилиши мумкин (Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг2 15-банди). Масалан, 2015 йилда 2014 йил учун ҳисобварақ-фактура бўйича кўрсатилган хизматлар суммаси бухгалтерия ҳисобида акс эттирилганидан кўп эканлиги аниқланди. Башарти аниқланган даромад суммаси муҳим бўлса, сальдо 2015 йил бошида бухгалтерия балансининг 450-«Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) (8700)» сатрида кўпаяди (1-сон шакл). Бунда 670-«Олинган бўнаклар (6300)» сатри бўйича қайд этилган кредиторлик қарзи сўндирилади. Қўшимча даромад аниқланиши муносабати билан солиқларнинг қўшимча ёзилиши 450-«Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) (8700)» сатри бўйича сальдонинг камайишига ва 680-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (6400)» сатри бўйича сальдонинг кўпайишига (қўшимча ҳисобланган солиқлар суммасига) олиб келади. Сальдонинг ўзгариши сабабларини албатта йиллик молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида акс эттириш лозим.
Эслатиб ўтамиз, фундаментал (жиддий) хатолар жорий даврда аниқланган хатолар бўлиб, улар шу қадар муҳим бўладики, олдинги даврлар учун тузилган молиявий ҳисоботлар ишончли деб ҳисобланмаслиги мумкин (3-сон БҲМСнинг 5-банди). Хатонинг муҳимлиги (салмоқлилиги) мезонини корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгилаш мақсадга мувофиқдир.
2014 йил учун бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан бошланғич ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар) ўртасидаги аниқланган тафовутлар суммалари 2015 йилда қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан акс эттирилади:
аниқланган даромадлар суммасида:
дебет 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
кредит 9340-«Ўтган йиллар фойдалари»;
даромадларнинг аниқланган оширилиши суммасида:
дебет 9430-«Бошқа операцион харажатлар»
кредит 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар».
Тафовутлар суммаларига буюртмачилар билан ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаларини расмийлаштириш ва тегишли тарзда ҳосил бўлган қарзни (дебиторлик ҳамда кредиторлик қарзларини) сўндириш мақсадга мувофиқдир.
Солиқ кодексининг 31-моддасида белгиланишича, солиқ тўловчилар солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш ҳуқуқига эга. Солиқ кодексининг 46-моддасига мувофиқ, солиқ органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (Солиқ кодексининг 38-моддасига кўра 5 йил) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бироқ аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи маълумотларига кўра солиқ органлари томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайиши назарда тутилган бўлса, солиқ ҳисоботи қайта топширилмайди.
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган уларнинг суммасидан ортиқ бўлса, тегишли солиқ ёки тўловни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларига пеня ҳисобланган ҳолда мазкур тафовут қўшилади.
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган ҳисобот бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган суммадан кам бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан шахсий варақада солиқ ёки тўлов суммаси тафовут миқдорига камайтирилганлиги акс эттирилади. Ортиқча тўланган суммалар Солиқ кодексининг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олинади ёки қайтарилади.
Солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно (Солиқ кодексининг 109-моддаси). Унинг миқдори Солиқ кодексининг 120-моддаси ҳамда Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисида низомга3 мувофиқ белгиланади.
2014 йил учун даромадларга тузатиш киритилаётганда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:
● хатонинг муҳимлиги (салмоқлилиги);
● солиқ органлари 2014 йил учун молия-хўжалик фаолиятини текширганми;
● аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш солиқларнинг камайиши ёки кўпайишини назарда тутганми.
1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2Молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова.
3ДСҚнинг АВ томонидан 9.10.2007 йилда 1724-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.