Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 24 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

Июнь ойида ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар

Молия вазирлиги, ДСҚ ва МБ бошқарувининг қарори (АВ томонидан 26.05.2015 йилда 2262-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ва юридик шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртаси харажатлари бўйича тўловларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (бундан кейин – 2262-сон Низом) ўзгартиришлар киритилди.

 

2015 йилда бир қатор қонун ҳужжатлари кучга кириши муносабати билан мазкур Низомга ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келди. Хусусан, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори (4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон) ҳамда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 23.12.2014 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова) шулар жумласидандир.

2015 йилдан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари ЯИТни 15%лик ставка бўйича, қолган солиқ тўловчилар – 25%лик ставка бўйича тўлайдилар (қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги солиқ тўловчилардан ташқари). Шунинг учун ЯИТ тўловчилар учун ставкалар тақсимланганлиги сабабли туман (шаҳар) солиқ инспекциялари томонидан хизмат кўрсатувчи банкларда 20205-баланс ҳисобварағига қуйидаги шартли рақамлар (20 белгили ҳисобрақамнинг охирги учта рақамига мувофиқ келадиган) билан алоҳида ҳисобварақлар очилган:

600 – фермер хўжаликлари учун;

700 – микрофирмалар ва кичик корхоналар учун;

777 – бошқа тўловчилар учун.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари барча солиқ тўловчилар ЯИТни 777-ҳисобварақнинг ягона шартли рақамига ўтказганлар.

Жорий йилда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-ХII-сон, бундан кейин – Қонун) 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлашга доир харажатларнинг корхоналар томонидан қопланиши бўйича янги тартиб кучга кирди. Шуни эслатиб ўтамизки, янги тартибга мувофиқ меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар Қонуннинг 7-моддасида белгиланган пенсия ёшидан (эркаклар учун иш стажи камида 25 йил бўлганда – 60 ёш, аёллар учун иш стажи камида 20 йил бўлганда – 55 ёш) 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эгалар. Бундай ишлар рўйхати умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар 3-сон рўйхатининг (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган) I қисмида келтирилган.

Бундай пенсияларни қоплашнинг янги тартибига мувофиқ корхоналар Пенсия жамғармасининг харажатларини қоплашга зарур бўлган суммаларнинг энг кам миқдорини ҳар йили ҳисобот йилининг 15 январига қадар ўтказадилар, кейин эса ҳисобот йилининг 1 февралига қадар пенсияларни тўлашга кетган олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг ҳақиқий харажатларини тўлиқ қоплашлари керак бўлади, бироқ, аввал ўтказилган суммаларнинг энг кам миқдори чегириб қолинади. Улар ҳисоб-китобни ўзгартиришлар киритилган шакл бўйича (2262-сон Низомга 1-илова) ҳисобот йилининг 1 февралидан кечиктирмасдан туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларига тақдим этишлари керак бўлади. Таъкидлаш жоизки, қоплаш ходим умумбелгиланган пенсия ёшига етгунига қадар амалга оширилади.

Ўзгартиришлар Қонуннинг ­14-моддасига мувофиқ технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган шахсларга муддатидан олдин тайинланган пенсияларни тўлаш бўйича харажатларни қоплаш ҳисоб-китобига ҳам дахл қилди. Бундай фуқаролар пенсия ёшига етганларида: эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Илгари туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига бундай пенсияларни қоплаш бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш ҳамда маблағлар тўлови ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан амалга оширилар эди. Энди бу муддат ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасигача узайтирилди.

Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга ногиронлик пенсиялари тайинланади. Шу боис меҳнатда шикастланиш ёки касб касалликлари оқибатида ногирон бўлиб қолган ходимларга Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ногиронлик пенсиялари тайинланади, меҳнатда шикастланиш ёки касб касалликлари юзага келишида айбдор саналган ташкилотлар эса тўланган пенсия суммаларини қоплашлари шарт.

Илгари амал қилган тартибга кўра корхоналар томонидан бундай пенсияларни қоплаш учун маблағлар бўйича ҳисоб-китоб туман (шаҳар) давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун бўйича тақдим этилар эди. Микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан, қолган солиқ тўловчилар – ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан ҳисобот тақдим этар эдилар. Солиқ тўловчиларнинг ҳар бир тоифаси учун алоҳида ҳисоб-китоб шакллари ишлаб чиқилган эди. Ҳозирги вақтда ҳисоб-китобни тақдим этиш тартиби соддалаштирилган: солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун ягона ҳисоб-китоб шакллари (2262-сон Низомга 3-илова) ҳамда уни тақдим этиш даврийлиги белгиланган, яъни ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай тақдим этилади. Маблағлар тўлови тартибига ўзгартиришлар киритилмади: у кейинги ҳисобот ойининг 10-санасидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширилади.

Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан корхоналарнинг буюртманомаларига кўра ишловчи пенсионерларга пенсиялар, нафақалар (бола туғилиши муносабати билан, дафн қилишга), компенсациялар (уй-жой-коммунал хизматлари бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига тўланадиган) компенсация пул тўловлари, шунингдек 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунларига ҳақ тўлашга маблағлар молиялаштирилади. Корхоналар кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига юридик шахслар харажатларини тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш учун ойлик талабномаларни белгиланган шаклда (2262-сон Низомга 4-илова) тақдим этадилар. Мазкур Низомга аниқлаштириш киритилди, унга мувофиқ тугалланмаган бухгалтерия балансига эга ташкилотлар (масалан, юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари) бўйича талабномалар бош ташкилотлар томонидан улар солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилади.

Хулосада шуни таъкидлаш лозимки, юқорида айтиб ўтилган ўзгартиришлар Қарор расман эълон қилинган кундан, яъни 2015 йил 1 июндан* кучга кирди («Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 1.06.2015 йилдаги 21-сони, 280-модда).

 

*Ҳужжатнинг матни ва у билан тасдиқланган шаклларни газетамиз ушбу сонининг ҳужжатлар пакетидан ёки norma.uz сайтидан топиш мумкин.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2490 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика