Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 24 / Бевосита мулоқот

Мулк сотилаётганидан аёл хабардор эдими?

2011 йилда биз биржа савдолари орқали бир юридик шахсдан кўчмас мулк объектини сотиб олдик. Барча ҳужжатлар (биржа олди-сотди шартномаси, брокерлик хизмати шартномаси, кадастр ҳужжатлари) расмийлаштирилган. Кейинчалик аниқланишича, юридик шахс ушбу кўчмас мулкни 2011 йилда бир жисмоний шахсдан биржа савдолари орқали сотиб олган экан. 2014 йилда жисмоний шахс «кўчмас мулк хотинимнинг розилигисиз сотилган» деган важ билан фуқаролик судига даъво ариза киритади ва натижада суд бизни хабардор қилмасдан, яъни бизнинг иштирокимизсиз мулкни жисмоний шахс фойдасига ҳал қилиб беради. Биз бу ҳақда икки ойча вақт ўтгандан сўнг хабар топдик ва, табиийки, бу пайтда апелляция муддати ўтиб кетган эди. Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати 3 йил этиб белгиланган, қолаверса, Оила кодексининг 24-моддасида «Эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир» деб белгиланганлигига қарамай, суд ушбу ишни даъвогар фойдасига ҳал қилган. Ваҳоланки даъвогар бу борада хотинининг розилигини олган, ушбу розилик хати маҳалла қўмитасининг муҳри билан тасдиқланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қуйидаги саволларга жавоб олишни хоҳлар эдик:

1. Икки юридик шахс ўртасидаги битимни фуқаролик суди бекор қилишга ҳақлими?

2. Судда низоли масалани жавобгарнинг иштирокисиз кўриш мумкинми?

3. Ушбу иш бўйича судларнинг устидан қандай шикоят қилиш мумкин?

А.Тўраев,

«Шўртаннефтгаз» унитар шуъба корхонаси
бош бухгалтери ўринбосари.

 

– 1. Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК) 31-моддасининг 1-бандида тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли эканлиги (қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно) белгиланган. (Фуқаролар иштироки билан боғлиқ айрим низолар хўжалик судлари томонидан Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасида кўрсатилган ҳолларда кўриб чиқилади.)

Кўчмас мулк объектининг олди-сотди битимини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқилганлигининг сабаби даъвогар фуқаро (жисмоний шахс) бўлганлиги туфайлидир. Шу боис ушбу ҳолатда қонун талаби бузилмаган.

 

2. Агар жисмоний шахс томонидан тақдим этилган даъвода кўчмас мулкни сизга сотган юридик шахс билан бир қаторда жавобгарлардан бири сифатида корхонангиз ҳам кўрсатилган бўлса, суд корхонангиз вакилининг ишда иштирок этишини таъминлаши шарт эди.

Борди-ю, ўша даъвода корхонангиз ҳам жавобгар сифатида кўрсатилмаган бўлса, суд ФПКнинг 45-моддаси қоидаларини қўллаган ҳолда корхонангизни низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жавобгар томонидан ишга жалб қилиши керак эди. Чунки иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори корхонангизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этган бўлар эди.

ФПК 132-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар судга чақирув қоғозлари, зарур ҳолларда эса, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали чақирилишлари ҳамда суднинг айрим процессуал ҳаракатлари тўғрисида хабардор қилинишлари; судья чақирув қоғози билан бир вақтда жавобгарга аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам юбориши лозимлиги белгиланган.

Тарафлардан ёки учинчи шахслардан бирини чақирмаслик унга даъво материалининг нусхаларини юборилмаслик ва, бинобарин, унинг ишда иштирок этилишини таъминламаслик процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигидан далолат беради. Қонуннинг бундай бузилишлари ФПК 314-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларига мувофиқ ҳал қилув қарори мажбурий тартибда бекор қилинишига асос бўлади.

 

3. Суднинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш билан боғлиқ мавзуга ўтишдан олдин эътиборингизни қуйидагиларга қаратамиз.

Ҳақиқатан ҳам Фуқаролик кодексининг (ФК) 150-моддасида умумий даъво муддати 3 йил деб кўрсатилган. Бироқ, ФК 151-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Масалан, сиз айтиб ўтгандек, Оила кодекси 24-моддасининг тўртинчи қисмида бир йиллик даъво муддати кўрсатилган. Яъни эр (хотин)нинг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир.

Бундан кўринадики, бир йиллик муддат кўчмас мулк сотилган кундан эмас, балки хотин ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.

Хатингиздан англашилишича, кўчмас мулк сотилаётганда даъвогарнинг хотинидан розилик олинган ва ушбу розилик хати маҳалла қўмитасининг муҳри билан тасдиқланган. Демак кўчмас мулк 2011 йилда сотилаётганлигидан хотини хабардор бўлган.

Агар кўчмас мулкни бегоналаштирган фуқаронинг хотинидан шу мулкни сотишга берилган розилиги нотариус томонидан тасдиқланмаганлиги туфайли уни юридик кучга эга эмас деган хулосадан келиб чиқсак ҳам хотин ушбу мулк сотилаётганлигини ва сотилганлигини билганлиги аниқ далиллигича қолади. Шу боис 2014 йилда суд даъво берилган кунга қадар бир йиллик даъво муддати ўтиб кетганлиги ва низодаги тараф даъво муддатини қўллаш тўғрисида баён қилганлиги, ФК 153-моддасининг учинчи қисмининг мазмунига кўра, суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлар эди.

Сизнинг ҳолатингизда даъво муддати қўлланмаслигига корхонангизга кўчмас мулкни сотган ва судда жавобгар сифатида қатнашган юридик шахс томонидан тегишли ариза берилмаганлиги (баён қилинмаганлиги) сабаб бўлиши мумкин.

Шунга қарамасдан даъво муддатини қўллаш имконияти ҳали ҳам сизда мавжуд. Бунинг учун корхонангизнинг тегишли шикоятига асосан юқори турувчи суд ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун фуқаролик ишини биринчи инстанция судига янгидан кўриб чиқиш учун юбориши керак бўлади. Янгидан кўриб чиқилаётган ишда иштирок этадиган корхонангиз вакили даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилса, бу муддатнинг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

ФПКнинг 320-моддасига биноан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан 20 кун ичида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳам ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериши (прокурор эса протест келтириши) мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласи ФПКнинг 130-моддаси қоидалари (муддатни ўтказиб юборишнинг узрли сабаблари инобатга олинган ҳолда) асосида ҳал этилади.

ФПКнинг 3481-моддасида назарда тутилганидек, қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у чиққан кундан эътиборан бир йил ичида кассация тартибида шикоят берилиши ва прокурор протест келтириши мумкин.

Шундай қилиб, корхонангиз суднинг ҳал қилув қарори устидан ҳаттоки апелляция тартибида шикоят беришга (узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган 20-кунлик муддатни тиклаш тўғрисида ариза билан) ҳақлидир. Ёки ҳеч бўлмаганда, қарор устидан у чиққан кундан эътиборан бир йил ичида кассация шикояти бериши мумкин.

 

Жавобни «Norma Profi» эксперти
Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 2851 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика