Корхонамиз жойнинг бир қисмини Тошкент шаҳри ҳокими томонидан белгиланган ставкадан камроқ ставкада ижарага бермоқчи. Мен амалдаги ижара ҳақи билан белгиланган ставкаларда ҳисобланган суммалардаги фарқни ЯСТ бўйича солиқ солинадиган оборотга (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 35-сатри) киритишим керакми? Бизда давлат мулкининг улуши йўқ, бироқ эшитишимча, ижара ҳақининг энг кам миқдорини ҳам қўллашимиз керак экан.
Ф.Солиҳова, МЧЖ бухгалтери.
– Ижара шартномасида ижара ҳақининг исталган суммаси назарда тутилиши мумкин. Бироқ кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солаётганда сиз давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларини ҳисобга олишингиз керак. Гарчи улар давлат мулки учун белгиланган бўлса-да, бироқ мулкчилик шаклидан қатъи назар, ижарага берувчи корхоналар томонидан солиқни ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ижара ҳақининг шартнома суммаси билан таққослаш учун ҳам қўлланади.
Шартнома билан белгиланган ижара тўлови суммаси ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилган ижара тўлови суммасидан кам бўлган тақдирда ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби энг кам ставкалардан келиб чиқиб амалга оширилади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати). Бундай тартиб, ижарадан олинган даромадлар бошқа даромадлар ёки асосий фаолият тури бўйича даромадларга киришидан қатъи назар, қўлланади. Бироқ ЯСТ бўйича ҳисоботни тўлдириш чоғида шуни ҳисобга олиш лозимки, энг кам ставкалар бўйича ўрнатилган ва шартнома билан белгиланган сумма ўртасидаги ижобий фарқ (ЯСТ солинадиган) қуйидагича кўрсатилади:
ЯСТ ҳисоб-китобининг 026-сатрида, агар мол-мулкни ижарага бериш хизматлари бўлса – корхонанинг асосий фаолият тури;
ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 035-сатрида, агар ижарадан даромадлар олинса – бошқа даромад.
Светлана КИМ,
«Norma Ekspert» мутахассиси.