Корхонамиз автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси орқали чакана савдо фаолияти ҳамда лизинг асосида олинган 10 дона «Исузи» русумли автобусларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланади. Автобуслар суюлтирилган газ ёнилғисида ҳаракатланади.
Газетангизнинг 2013 йилги сонида автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси орқали аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи автобусларимизга пропан гази тўлдириб бериш транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги ҳақида тушунтириш берган эдингиз.
1. 2015 йилга қадар автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасидан олинган газни автобусларимизга тўлдириб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатганмиз.
Бундан ташқари, корхонамиз эҳтиёжларига, масалан, газни олиб келиш учун транспорт воситасига, фаолиятнинг узлуксизлигини таъминлаш учун электр движоклар ва раҳбар автомобили учун ҳам пропан гази ишлатамиз.
2015 йилдан бошлаб биржа орқали автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида сотиш учун алоҳида ва аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш учун автобусларимизга алоҳида пропан газини сотиб оляпмиз.
2. Ҳозирда аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш учун автобусларимизга олаётган пропан гази учун таъминотчи корхона, яъни Муборак ГҚИЗ бизга транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўлашимиз кераклигини айтмоқда, шу тўғрими?
Бизга 2015 йилга қадар ва 2015 йилдан бошлаб транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ базасини қандай қилиб аниқлашни тушунтириб беришингизни сўраймиз.
«Шўрчи Олтин Тупроқ»
МЧЖ раҳбари.
– 1. Бу борада Солиқ кодексининг ХIV бўлимига 2013 йилга нисбатан анча ўзгартиришлар киритилган бўлиб, транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўловчилар ва солиқ солиш объектлари рўйхати янада кенгайтирилган. |
Жумладан, 2014 йилга қадар юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар ушбу солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланар эди.
2014 йил 1 январдан бошлаб ушбу бўлим моддаларига «охирги истеъмолчи» деган тушунча киритилди. Эндиликда «юридик ва жисмоний шахсларга» эмас, балки охирги истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўловчилар ҳисобланадилар (ЎзРнинг 4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон Қонуни билан киритилган ўзгартиш).
Солиқ тўловчилар доираси кенгайтирилганлиги боис транспорт воситалари учун автоёқилғини охирги истеъмолчиларга реализация қилиш, шунингдек улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш солиқ солиш объекти ҳисобланади. Ўз навбатида, ушбу маҳсулотларнинг натура ҳолида реализация қилинган ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган ҳажми солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Сизнинг ҳолатингизда авваламбор солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида харид қилинаётган пропан газини кирим қилиниши ва чиқиб кетиши бўйича гуруҳлаш лозим. Чунки сиз газни сотиш билан бирга уни ўз эҳтиёжингиз учун ишлатасиз, шунингдек бошқа хизматларни кўрсатиш учун ҳам сарфлайсиз.
Биринчи ҳолат – харид қилинган пропан газининг чакана сотилиши. Фаолиятингизда харид қилинган пропан гази турли мақсадларда ишлатилиши инобатга олинса, у материалларни ҳисобга олувчи (1030-«Ёқилғилар») счётига кирим қилинади. Чунки корхонага тегишли бўлган ёқилғининг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ушбу счётда амалга оширилади.
Газ чакана сотилганида эса 2920-«Чакана савдодаги товарлар» счёти орқали ҳисобдан чиқарилади.
Кирим қилинган ёқилғининг чакана сотилишида қуйидаги бухгалтерия проводкалари берилади:
Операция номи
|
ДТ
|
КТ
|
Мол етказиб берувчилардан газ маҳсулоти олинди
|
1030
|
6010
|
Газ сотишга чиқарилди
|
2920
|
1030
|
Газ чакана сотилди
|
9120
|
2920
|
Солиқ кодексининг 22-моддасига кўра сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш реализация қилиш ҳисобланади.
Юқоридаги операциялар амалга оширилган тақдирда харид қилинган пропан гази чакана реализация қилинган бўлади. Ўз навбатида, сиз Солиқ кодексида белгиланган тартибда газни автомобилларга газ қуйиш шохобчаси орқали реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахс сифатида транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқни тўловчи ҳисобланасиз, реализация қилинган газ ҳажмидан келиб чиқиб солиқ солинадиган базани аниқлайсиз ҳамда белгиланган ставкадан келиб чиқиб солиқни тўлайсиз.
Иккинчи ҳолат – харид қилинган пропан газининг шахсий эҳтиёжингиз учун ишлатилиши. Масалан, газни олиб келиш учун махсус техникага сарфланган газ, электр движоклар учун ва раҳбар автомобили учун сарфланган газнинг ҳисоби умуман бошқача юритилади.
Солиқ кодексининг 142-моддасига кўра хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар сарфи моддий харажатларга киради.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда (кейинги ўринларда 54-сон Низом деб юритилади) «ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар» тушунчаси келтирилган бўлиб, унга кўра энергиянинг барча турларини ишлаб чиқаришга, биноларни иситишга сарфланадиган ёнилғининг четдан сотиб олинадиган барча турлари, корхонанинг транспорти томонидан бажариладиган ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш бўйича транспорт ишлари моддий харажатлар ҳисобланади. Яъни саволингизда тилга олинган электр движоклар учун сарфланган газ моддий харажатлар ҳисобланади.
Бундан ташқари, 54-сон Низомга кўра бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган сарф-харажатлар давр харажатлари ҳисобланади. Буларга бошқарув харажатлари, маҳсулотни сотиш харажатлари ва умумхўжалик аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар киради.
Пропан газини махсус автомобиль транспортида ташиш харажатлари, газ, ёқилғи, электр энергияси харажатлари «сотиш харажатлари»га кирса, раҳбарнинг хизмат автотранспорти харажатлари «маъмурий харажатлар» ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган газ харажатлари ҳисобланади.
Давр харажатларини 21-сон БҲМСга асосан кўриб чиқамиз. 21-сон БҲМСда давр харажатлари 9400-счётларда юритилади. Унга ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлмаган сотиш харажатлари, бошқарув харажатлари, бошқа операцион харажатлар, умуман солиқ солинадиган базадан чегириладиган ҳисобот даври харажатлари киради. Юқорида таъкидланган «сотиш харажатлари» ва «маъмурий харажатлар» ҳам давр харажатлари жумласига киради.
Кирим қилинган ёқилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланганда қуйидаги бухгалтерия проводкалари берилади:
Операция номи
|
ДТ
|
КТ
|
Олинган газ корхонанинг ўз эҳтиёжига ажратилди
|
2700
|
1030
|
Маъмурий ва сотиш харажатларига сарфланди
|
9400
|
2700
|
Якуний молиявий натижага олиб борилди
|
9910
|
9400
|
Шунингдек, Солиқ кодексининг 142–147-моддаларига мувофиқ моддий харажатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари, амортизация харажатларидан ташқари бошқа харажатлар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади, шу жумладан раҳбарнинг автомобилига сарфланган харажатлар ҳам ушбу харажатлар таркибига киради ва ўз эҳтиёжи учун сарфланган харажат ҳисобланади.
Учинчи ҳолат – харид қилинган пропан газини аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида автобусларга сарфлаш.
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида автобусларга тўлдириб берилаётган газ реализация қилиш ҳам, ўз эҳтиёжи учун қилинган харажат ҳам ҳисобланмайди. Бу харажатлар кўрсатиладиган хизматнинг таннархини шакллантирувчи харажатлар ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 22-моддасига кўра хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган моддий ресурсларнинг, шунингдек хизматлар кўрсатиш жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа турдаги харажатларнинг қиймат баҳоси таннарх ҳисобланади. Таннарх бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
54-сон Низомга кўра ҳам бу харажатлар аҳолига кўрсатиладиган транспорт хизматининг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар ҳисобланади. Ушбу Низомга асосан маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархига бевосита уларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш билан шартланган харажатлар киритилади. Ишлаб чиқаришга сарфланадиган моддий харажатлар ҳам шулар жумласидандир.
21-сон БҲМСнинг 9-«Даромадлар ва харажатлар» бўлимида сотилган маҳсулот (товар, иш, хизмат)ларнинг таннархи 9100-счётларда ҳисобга олинади. Бу счётларда кўрсатилган хизматларнинг таннархи тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилади.
Яъни бу автобусларга тўлдириб берилган газ харажатлари газни чакана сотиш ёки ўз эҳтиёжи учун қилинган харажатлардан фарқли ўлароқ, кўрсатилаётган хизматнинг таннархини шакллантирадиган харажат бўлиб, ўз эҳтиёжи учун сарфланган деб ҳисобланмайди. Юқоридаги асослардан кўришимиз мумкинки, ўз эҳтиёжи учун қилинган харажат маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг таннархини шакллантирмайди.
Агар аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида автобусларга тўлдириб берилаётган газ ҳам ўз эҳтиёжи учун сарфланган деб қабул қилинадиган бўлса, у ҳолда кўрсатилаётган хизматнинг таннархи шаклланмай қолади. Бу эса математика фанидаги «бўш тўплам» тушунчасига ўхшаш ҳолат.
Кирим қилинган ёқилғини аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида автобусларга тўлдириб беришда қуйидаги бухгалтерия проводкалари берилади:
Операция номи
|
ДТ
|
КТ
|
Мол етказиб берувчилардан газ маҳсулоти олинди
|
1030
|
6010
|
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи автобусларга газ тўлдириб берилди
|
9130
|
1030
|
Якуний молиявий натижага олиб борилди
|
9910
|
9130
|
Юқоридаги меъёрий ҳужжатлар таҳлилидан келиб чиқсак, биринчи ва иккинчи ҳолатлар бўйича реализация қилинган ва ўз эҳтиёжингиз учун ишлатилган газ ҳажмидан транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқни белгиланган ставкадан келиб чиқиб тўлайсиз.
Учинчи ҳолатда аҳолига хизмат кўрсатиш учун автобусларга тўлдириб берилаётган газ қиймати ушбу кўрсатилаётган хизмат таннархига олиб борилади. Бу ҳолатда сиз охирги истъемолчи бўласиз. Бунда ушбу пропан гази таннархни шакллантирадиган харажат таркибига олиб борилади ва реализация ҳам, шахсий эҳтиёж учун сарф қилиш ҳам деб қаралмайди.
Хулоса ўрнида Солиқ кодексига асосан корхонада пропан газини ўзининг бошқа турдаги фаолияти учун сарфлаган ҳажми бўйича транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқни тўлаш мажбурияти юзага келмайди. Бунда алоҳида транспорт хизмати кўрсатишдан олинган даромаддан белгиланган солиқлар тўланади.
Аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатишингиз учун сарфланган маҳсулот, яъни пропан гази 2015 йилга қадар ва 2015 йилдан буён Солиқ кодексига ва бухгалтерия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан реализация қилиш деб ҳам, ўз эҳтиёжи учун фойдаланиш деб ҳам ҳисобланмайди ва бу газ солиқ солиш объекти бўлмайди.
2. Муборак ГҚИЗ транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўлаб беришингизни талаб қилиши нотўғри. |
Транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. База шаклланмаса, тўлаш мажбурияти ҳам юзага келмайди.
Биржа орқали сотиб олинган пропан газини автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси орқали реализация қилишда ёки ўз эҳтиёжингиз учун ишлатишингизда сизда солиқ солиш базаси шаклланади ва сиз ушбу солиқни тўловчи ҳисобланасиз.
Солиқ кодексининг 304-моддасига кўра ушбу солиқ суммаси транспорт воситалари учун реализация қилинадиган бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг нархида ҳисобга олинади.
Бензин, дизель ёқилғиси ва газдан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилганда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқнинг ҳисобланган суммаси солиқ тўловчининг харажатларига киритилади.
Муборак ГҚИЗдан биржа орқали аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш учун автобусларга сотиб олинган пропан гази бўйича сиз охирги истеъмолчи ҳисобланасиз. Ушбу солиқни тўлаш мажбурияти охирги истеъмолчининг ўзида эмас, балки охирги истеъмолчига реализация қилувчида юзага келади.
Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари – автомобилларга компрессор воситасида газ тўлдириш, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва автомобилларга газ қуйиш шохобчалари.
Охирги истеъмолчилар – ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ олувчи юридик ва жисмоний шахслар.
Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.