Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 19 / Бевосита мулоқот

Доналабми ёки кўп бўлмаган миқдорда?

Биз газетамизнинг 28.04.2015 йилдаги 17 (1081), 5.05.2015 йилдаги 18 (1082)-сонларида иқтисодий шарҳловчимиз Феруз Хайруллаевнинг амалдаги қонун ҳужжатларимизда улгуржи савдони чакана савдодан фарқлашнинг аниқ-равшан меъёрлари белгиланмаганлиги ҳақидаги мақолаларини чоп этганимизга қарамай, бу масалага ойдинлик киритишни сўраб ёзилган хат-саволларнинг келиши ҳамон давом этмоқда. Шундан бу анча долзарб масалага айланиб улгурганлигини билиб олсак бўлади.

 

1. Газетангизнинг 2015 йил 3 мартдаги 9-сонида «Товарларни истеъмол кредити бўйича сотиш. Бу – чакана савдо» сарлавҳали материалда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон ва 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорларига мувофиқ чакана савдо айланмалари тўғрисида тушунтириш берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар (акциядорлик жамияти шаклидаги) томонидан:

товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга ошириш;

товарларни товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоиздан ортиқча нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасаларига (болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, болалар уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифат юртлари, кам таъминланган якка ёлғиз оилалар) сотиш;

товарларни юридик шахсларнинг корпоратив карточкалари бўйича сотиш ҳолатлари юзасидан нақд пулсиз қилинган товар айланмалари чакана ёки улгуржи савдо фаолиятига кириш-кирмаслиги тўғрисида тушунтириш берсангиз.

Р.Каримкулиев,

АЖ бухгалтери.

 

2. Чакана савдо соҳасида «кўп бўлмаган миқдор» деганда қонун ҳужжатлари қанча миқдорни назарда тутади?

Масалан, якка тартибдаги тадбиркор чакана савдо, яъни буханка нон савдоси билан шуғулланади. 407-сон Низомда «чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш» деб кўрсатилган. Доналаб дегани қанча-ю, «кўп бўлмаган миқдорда» деганда қанчани тушуниш керак, шунга тушунтириш берсангиз.

Т.Бахтина,

МЧЖ бош бухгалтери.


– 1.Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) 19-бандининг тўртинчи хатбошига биноан товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш чакана савдо корхоналари томонидан ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилиши мумкин.

 

МИСОЛ. Чакана савдо корхонасида товар айланмасининг умумий ҳажми 2015 йил февраль ойида 20 млн сўмни ташкил қилди. Демак, кейинги (март) ойида ушбу корхона товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича 2 млн сўм доирасида, яъни айнан шу суммадан ошмаган ҳолда сотиши мумкин.

Бироқ бунда товарлар сотилишини ҳисоблаб чиқиш ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилади; уларни олдинги ойлар ҳисобига сотишга йўл қўйилмайди.

Чакана савдо корхоналарига товарларни товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизидан ортиқча нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича фақат ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари (болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, болалар уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифат юртлари)га сотишга рухсат берилади (Низом 19-бандининг бешинчи хатбошиси).

 

МИСОЛ. 2015 йил февраль ойида товар айланмасининг 20 млн сўмлик умумий ҳажмига эга бўлган чакана савдо корхонаси товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича ижтимоий соҳа ташкилот ва муассасаларига 2 млн сўмдан ортиқ доирасида ҳам (масалан, 5 млн, 10 млн ёки 15 млн сўмга) сотишга ҳақлидир.

 

Товарларни юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича сотиш масаласига келсак, бундай сотиш, чакана савдо корхоналари томонидан Низом 19-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган чеклашларсиз амалга оширилиши мумкин.

Мазкур ҳуқуқ нормаларидан кўриниб турибдики, чакана савдо корхоналари (АЖ, МЧЖ, ХК ва бошқа шаклдаги тижорат ташкилотлари) савдони исталган шаклда – хоҳ нақд пулсиз (харидорнинг тўлов топшириқномалари билан) ҳисоб-китоб бўйича, хоҳ юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича амалга ошира оладилар. Шу боис бундай корхоналарнинг нақд пулсиз товар айланмаси чакана савдо фаолиятига тааллуқлидир.

Бу хулосамиз МВ ва ДСҚнинг 3.03.2015 йилдаги ММ/04-01-32-14/231/214-сон Ахборот хатида* ҳам берилган тушунтиришга мувофиқдир. Хатда, хусусан, агар чакана савдо корхонаси нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализациясини қонунчиликда назарда тутилган чеклашлар доирасида амалга оширса, улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олиш талаб этилмайдиган мазкур товар айланмасига солиқ солиш мақсадида чакана савдо сифатида қаралиши ва унга чакана савдо корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкалари бўйича солиқ солиниши белгиланган.

Хатда тушунтирилганидек, чакана савдо корхонаси нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализациясини кўрсатилган чеклашлардан ортиқ миқдорда амалга оширган тақдирда нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича амалга оширилган жами реализация улгуржи савдо ҳисобланиб, уни амалга ошириш учун лицензия талаб этилади. Бунда мазкур юридик шахсга солиқ солиш мақсадида улгуржи-чакана савдони амалга оширувчи корхона сифатида қаралади ва 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб тўлиқ ҳисобот (солиқ) давридаги тўлиқ товар айланмасига улгуржи ҳамда улгуржи-чакана савдони амалга оширувчи корхоналар учун белгиланган ЯСТ ставкаси қўлланилади (солиқ солинадиган базага нисбатан 5%).

 

2. Дарҳақиқат, юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган савдони чакана ва улгуржига ажратиш чегараси, афсуски, қонунчиликда аниқ белгилаб берилмаган. Бу юқорида ҳавола этилган мақолаларда ҳам таъкидлаб ўтилган.

Низомда чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш деб таърифланган.

Бироқ, «кўп бўлмаган миқдор» тушунчаси мавҳум қолдирилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда айрим мутахассислар собиқ иттифоқ савдо тизимида мавжуд бўлган тақчиллик оқибатида вужудга келган савдонинг улгуржи ва чакана турларига сунъий равишда бўлиниши амалиёти эскирганлиги, у замонавий иқтисодиёт талабларига жавоб бермаслиги, амалиётда кўплаб тушунмовчилик ва муаммолар шу туфайли келиб чиқаётганлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини атрофлича билдиришмоқда.

 

*Ахборот хати «СБХ»нинг 28.04.2015 йилдаги 17 (1081)-сонида чоп этилган. Ойлик товар айланмасининг умумий ҳажмини аниқлаш ва савдо корхоналарига солиқ солиш юзасидан шартли мисолларни Хатга 1 ва 2-иловаларда кўришингиз мумкин.

 

Жавобларни «Norma Profi» экспертлари
Камол МУЗАФФАРОВ ва Маҳкам ВОҲИДОВ тайёрлашди.

Прочитано: 2057 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика