15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар ижтимоий-иқтисодий соҳани янада такомиллаштиришга, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Парламент аъзолари ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.
Мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгиланган вазифалар доирасида ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи томонидан назариётчи олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертлар иштирокида 10 дан ортиқ тадбирлар, жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида ҳамда «norma.uz» юридик-ахборот порталида жойлаштирилиб, экспертларнинг, жамоатчиликнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари олинди. Қонун лойиҳаси келиб тушган таклифлар асосида янада маромига етказилиб, такомиллаштирилди, жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг қонунчилик йўли билан тартибга солишга доир ижобий тажрибаси ўрганилди.
Таъкидландики, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига, шунингдек, фуқароларнинг кундалик турмушига ахборот технологияларини кенг жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, банк хизматлари, электрон тўловларнинг янги турларини ҳаётга татбиқ этиш орқали тўлов амалиётининг янада соддалашувига эришилаяпти.
Қабул қилинаётган қонун лойиҳаси тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратиш имконини беради, электрон тижоратни янада ривожлантиришга, электрон савдода замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, битимларни тузиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмларини ўрнатиш ва ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳокамаси мутахассислар, тадбиркорлар, олимлар ва жамоатчиликнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда қизиқарли ҳамда эркин мунозара руҳида ўтди.
Моддама-модда муҳокамадан сўнг масъул қўмитага қонун лойиҳасининг айрим нормаларини маромига етказиш ва уни депутатлар учинчи ўқишда кўриб чиқишлари учун киритиш топширилди.
Депутатлар, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ҳамда Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати
материали асосида.