2015 йилдан бошлаб мол-мулк солиғини мол-мулк жойлашган жойда тўлаш керак.
Уни тугалланмаган қурилиш ва ўрнатилмаган ускуна бўйича тўлаш тартиби қандай – юридик шахс жойлашган жой ёки рўйхатдан ўтказилган жойдами? Қайси ҳужжатда солиқни мол-мулк жойлашган жойда тўлаш кераклиги белгиланган мол-мулкнинг рўйхати кўрсатилган?
Д.Хўжаев,
аудитор.
– Солиқ кодексининг 79, 81 ва 271-моддаларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ 2015 йил 1 январдан мол-мулк солиғини тўловчи юридик шахс солиқ бўйича ҳисобга қўйиш жойида жойлашмаган кўчмас мулкка эга бўлган тақдирда, кўчмас мулк объекти жойлашган жойда объектлар бўйича ҳисобга қўйилиши лозим, шунга асосан мол-мулк солиғини тўлайдилар (МВ ва ДСҚнинг 31.12.2014 йилдаги ММ/04-03-32-04/1055 ва 16/2-23563-сон қўшма хати).
Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради (Фуқаролик кодексининг 83-моддаси).
Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 7-илова) янгилаш учун асос бўлиб хизмат қилди, уларда аниқлаштирилишича, Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этишда у фақатгина кўчмас мулк объектини (бино, иншоот ва норматив муддатларда қурилиши тугалланмаган объектлар) ҳақиқатда жойлашган ери бўйича тўлдирилади. Бунда ушбу кўчмас мулк солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига Ҳисоб-китобни тақдим этишда ҳисобга олинмайди (Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китоби изоҳининг 1-банди). Шу тариқа, кўчмас мулкка кирадиган тугалланмаган қурилиш объекти у жойлашган жойда объект бўйича ҳисобга қўйилиши керак. Шу ернинг ўзида унга доир мол-мулк солиғи ҳам тўланади.
Белгиланган муддатда ишга туширилмаган ускунани ҳисобга олиш, шунингдек унга доир мол-мулк солиғини тўлаш тартиби ўзгармай қолди, чунки ускуна кўчмас мулкка кирмайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.