Ходимимиз Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар иштирокчиси сифатида ойлик даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварини чегириш тарзида ЖШДС бўйича имтиёзга эга. Биз уни даромад солиғини ҳисоблашда қўллаймиз. Бундан ташқари, у энг кам иш ҳақининг 45%ига тенг бўлган, уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсацияни талаб қилмоқда.
Имтиёз эгаси бўлган ходимнинг унга уй-жой-коммунал харажатлар бўйича компенсация тўлаш тўғрисидаги талаби қанчалик қонуний?
З.Юсупова,
МЧЖ бухгалтерининг ёрдамчиси.
– Солиқ кодексининг (Кодекс) 180-моддаси иккинчи қисми 2-бандига кўра солиқ солишдан қисман, даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида уруш қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар озод қилинади. Мазкур имтиёз уруш қатнашчисининг тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа қатнашчиларга имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади.
Афғонистон Республикаси ва жанговар ҳаракатлар олиб борилган бошқа мамлакатларда вақтинча қўшинларнинг чекланган контингентида таркибида хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар ва ўқув машғулотлари ёки текшириш учун йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой-коммунал хизматларга тўлаш бўйича ойлик компенсация пул тўловлари олиш ҳуқуқига эга бўлган уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштириладилар (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга1 1 ва 2-иловалар).
Уни тўлаш тартиби Президентнинг «2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони (27.03.2003 йилдаги ПФ-3227-сон) ва Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) билан тартибга солинади. 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар ЭКИҲнинг 45%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади.
Компенсация асосий иш жойида иш ҳақи тўланадиган муддатларда тўланади (Низомнинг 3-банди). Компенсация уни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлганда ходим ариза топширганда тайинланади.
Компенсация ходим меҳнат таътилида, таълим таътилида, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда, шунингдек вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, бола 2 ёшга етишига қадар уни парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган даврда ҳам тўланади.
Ушбу мақсадларга маблағ олиш учун корхона ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлимига маблағ олиш учун буюртманома ва компенсация тўланадиган ходимлар реестрини тақдим этиши керак.
Уй-жой-коммунал хизматларга ҳақ тўлаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида компенсация пул тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилади, бироқ унга ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 179-моддаси 24-банди). Иш берувчида у жисмоний шахсларнинг ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайдиган бошқа даромадлари таркибига киритилади (Кодекснинг 178-моддаси 17-банди).
1ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова.
2Молия вазирининг АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Наталья ГРИШУТИНА,
«Norma Profi» эксперти.