Биз ЯСТ тўловчилари ҳисобланамиз, қурилиш материалларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланамиз, тегишли лицензияга эгамиз. Пул маблағларини инкассация қилувчи терминал ўрнатганмиз. Ҳисоблаб ёзилган ЯСТ базадан ҳам, ЯСТнинг қатъий белгиланган суммасидан ҳам кўп бўлади. Кейинги вақтда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг корпоратив карталари бўйича олинган тушум кўпайди. Бироқ банк кўчирмасида бундай тушумларни кузатиб бора олмаймиз – уларни фақат карта соҳибининг чеклари ва ёзувлари бўйича ҳисобга олиш мумкин.
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг корпоратив карталари бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган товарлар савдоси фаолиятнинг қандай турига киради (баъзан ҳисобот чораги учун ЯИТ ва ЯСТни ҳисоблаб ёзиш усуллари уларга доир оборот суммасига боғлиқ бўлади)?
Фаолият турини асослаш учун қандай ҳужжатларни (шартнома, хат, ишончномани) расмийлаштириш зарур?
ЯСТ бўйича ҳисоботда корпоратив карталарга доир оборотларни қандай акс эттириш керак? Уларга доир ставка 5%га пасайтириладими?
Уларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак? Бундай оборотлар бўйича алоҳида ҳисоб юритиш керакми?
Корпоратив карталар бўйича савдо лимити белгиланганми?
Б.Туроббоев,
мувофиқлаштирувчи.
– Юридик шахслар товарларни Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга1 (бундан кейин – Низом) мувофиқ реализация қилиши керак. Улгуржи реализация ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
Чакана савдо ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга оширишни назарда тутади. Юридик шахслар томонидан у фақат турғун савдо шохобчалари орқали, назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини мажбурий қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Чакана савдо корхоналари томонидан товарларни юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича сотиш чеклашларсиз амалга оширилиши мумкин (Низомнинг 19-банди).
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга2 мувофиқ банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклларига киритилади.
Юқорида келтирилган таърифлардан келиб чиқилганда савдо корхонаси томонидан товарлар корпоратив карта қўлланган ҳолда турғун савдо шохобчаси орқали реализация қилиниши чакана савдога киради.
Тегишинча, унга чакана савдо корхоналари учун белгиланган ставкаларда ЯСТ солинади.
Қонун чиқариш йўли билан белгиланишича, савдо корхоналари ходимларининг сонидан қатъи назар ягона солиқ тўловининг тўловчилари ҳисобланадилар. Турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ЯСТ ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган тўловчилар улар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ЯСТ тўлашлари керак (Солиқ кодексининг 353-моддаси).
Улгуржи ва чакана савдода солиқ солиш объекти товар обороти ҳисобланиши ҳамда 2015 йил бошидан улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар учун 5%лик ставка ўрнатилганлиги инобатга олинса, алоҳида ҳисоб юритиш талабини ЯСТнинг энг кам миқдорини белгилаш зарурати тақозо этган. Улгуржи савдо чакана савдодан устун бўлганда энг кам миқдор ер солиғининг 3 бараваридан, чакана савдо улгуржи савдодан устун бўлганда – қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқарилади (МВ ва ДСҚнинг 27.02.2015 йилдаги ММ/04-01-32-14/214/203 ва 13/3-3651-сон қўшма хати).
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига (4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон) 10-2-иловага кўра улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналари 2015 йил 1 январдан бошлаб ЯСТни ягона ставкада – 5% тўлайдилар. Шундай бўлса-да, улар фаолиятининг ҳар бир тури, ҳисобот даврида устун турадиган фаолият туридан келиб чиқиб ЯСТ ҳисоб-китобида алоҳида устунда акс эттирилади. Масалан, агар I чорак якунлари бўйича чакана савдо устун турса, у асосий фаолият тури устунида кўрсатилади, кейинги устунда улгуржи савдо бўйича кўрсаткичлар кўрсатилади.
2015 йилда пластик карталар қўлланган ҳолда товарларни реализация қилиш оборотлари бўйича ставкани 5%га пасайтириш тартиби сақланди. ПҚ-2270-сон Қарорда ушбу имтиёз фақат жисмоний шахсларнинг пластик карталари бўйича қўлланиши кўрсатилмаган. Шундан келиб чиқиб, сиз пластик карталарни қўллаб олинган тушум бўйича ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини қўллаб, мазкур суммани Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг3 тегишли сатрида акс эттиришга ҳақлисиз.
Дилшод СУЛТОНОВ,
эксперт.
– Чакана савдода пластик карталар бўйича оборотлар бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
Операциянинг номи
|
Дебет
|
Кредит
|
Тўлов терминали қўлланган ҳолда товарларнинг реализацияси акс эттирилган (тўлов кунида)
|
5710-«Йўлдаги
|
9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»
|
Маблағларни корхонанинг ҳисоб-китоб рақамига қайд этиш акс эттирилган (қайд этиш кунида)
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
5710-«Йўлдаги пул маблағ (ўтказма)лари»
|
Бугунги кунда корпоратив карталар бўйича оборотларнинг алоҳида ҳисобини юритишнинг техник жиҳатдан имкони йўқ, чунки пластик карталар бўйича банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар электрон тўловлар тизими орқали ялпи асосда ўтказилади (Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида низомнинг 115-банди).
Амалдаги қонун ҳужжатларида корпоратив карталар бўйича савдо лимити белгиланмаган. Улардан фойдаланган ҳолда савдо операциялари чекловларсиз амалга оширилади.
1ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова.
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma Profi» эксперти.