Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 1 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Бухгалтерия ҳисоби мен илҳомланадиган соҳа

Одам иш жойи билан эмас, балки иш жойи одам билан файзлидир деган халқона ибора кўплар учун хизмат ва иш соҳасида рағбат омили, баъзилар учун эса ҳаёт тарзи бўлиб қолмоқда. Каттагина стажга эга бўлган бош бухгалтер, Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» кафедраси ўқитувчиси Иноят ЙЎЛДОШЕВА ишда энг муҳими комиллик сари ғайрат-шижоат кўрсатишдан ташқари ўз касбига бутун меҳрини бериш деб ҳисоблайди. Мен бу лобар аёл билан «Norma» профессионал ривожланиш маркази ўтказган семинарлардан бирида танишиб қолдим. Танаффус вақтидаги бир ҳўплам қаҳва устида суҳбатимиз роса қизиди. У киши қизиқ нарсаларни гапириб берди.

 

Иноятхон Тошкент халқ хўжалиги институтининг ҳисоб-иқтисодиёт факультетини тамомлаган экан. Бухгалтерия соҳасида 1989 йили иш бошлаган. 1993 йилдан эътиборан Тошкент вилоятидаги йирик корхона ишлаб чиқариш бўлимининг катта бухгалтери бўлиб ишлай бошлаган. Қарийб саккиз йил мобайнида қишлоқ хўжалиги корхонасининг ишлаб чиқариш харажатлари ҳисобини олиб борган ҳамда маҳсулот таннархининг калькуляциясини тайёрлаш билан машғул бўлган.

Турмуш ўртоғи ҳаётдан барвақт кўз юмгач, Тошкентга кўчиб ўтган. Иш қидириш, болаларни ўкситмай вояга етказиш керак эди. Яхши одамларнинг шарофати билан Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг кадрлар бўлимига, диплом бўлимида кадрлар бўйича инспектор бўлиб ишга жойлашди. Унча қизиқарли бўлмаган иш билан ҳа-ҳу дегунча уч йил ўтди. Аммо бу йиллар самарасиз бўлмади. 2003 йили Иноятхон Йўлдошева шу институтда педагогик фаолиятни бошлаб юборди. Ҳали-ҳануз у декандан миннатдор – муайян амалий тажрибага эга бўлган яхшигина ҳисоб мутахассисидаги педагоглик салоҳиятини илғай олди ва юзага чиқара билди. У бухгалтерия ҳисоби назарияси ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича халқаро стандартлар фанлари бўйича дарс бериш асносида ўз ички салоҳиятининг янги қирраларини кўрсата олди. «Бутун қалбинг билан меҳр қўйган нарсаларни талабаларга ўргатиш жуда мароқлидир», – дейди Иноятхон. Аммо назария деганлари амалиётсиз бесамар бир нарса. Шу сабабли ҳам у ўтган йили мазкур ўқув даргоҳида амалий бухгалтерия курсларини ташкил этди ва бу курсларда ўзидан сабоқ олувчи талабаларгагина эмас, балки бухгалтерия ишидек мураккаб соҳани ўрганиш иштиёқидагиларнинг барчасига таълим бера бошлади. Иноятхон бухгалтерия ҳисоби амалиётини ҳам унутмайди. Институтда ишлаш билан бир вақтда иккита ташкилотда бухгалтерия ишини олиб бормоқда.

Бундай тиғиз режим асосида ишлаш осон эмас. Баъзан ишда ушланиб қоладиган пайтлар бўлади, шундай кезлари бухгалтерия ҳисобини олиб бориш билан уйда алламаҳалгача шуғулланишга тўғри келади. Февраль ойида, талабаларнинг қишки имтиҳон палласи йиллик ҳисобот топшириладиган фурсатга бақамти келган пайтларда дод деб юборгиси келади баъзан. Мен ҳаммасига улгуриш учун қандай қилиб вақт ва куч топаётганлигига қизиқсиндим. Иноятхон ўзи ишлаб чиққан жадвал асосида ишлашга одатланганлигини айтди. Жадвал кунлар бўйича эмас, соатлар бўйича жуда пухталик билан, барча икир-чикир жиҳатларни ҳам инобатга олган ҳолда тузилган экан. Бухгалтерияда ҳар хил маслаҳатлар, назарий семинарлар ва лекциялар жуда-жуда қўл келади, негаки уларда қизиқтираётган саволларга жавоб олиш мумкин. Ихтисослаштирилган сайтлар ва адабиётларнинг, бухгалтерия дастурларининг ёрдами ҳам катта бўлмоқда, албатта. У бухгалтерия дастурлари орасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги 1UZ маҳсулотини роса мақтади. Унинг айтишича, бу дастур маблағ айланма-қолдиқ ведомостини тез ва жуда батартиб тузиб беради, учраши эҳтимоли бўлган хатоликларни ҳам кўрсатиб ўтади.

Иноятхон дарс бериш бухгалтерия ҳисобини юритишдан мураккаброқ деб ҳисоблайди. «Бир талабанинг саволига дафъатан жавоб бера олмаган пайтларим ҳам бўлди, – деб тан олади у, – бундай вазиятларда ҳатто кейинроқ керакли жавоб топишингга ишонган тақдирингда ҳам ўзини йўқотиб қўяр экан одам. Ҳисобот топшириш билан боғлиқ, ҳа бўл-ҳа бўл тарзидаги дамларнинг ҳеч бирини дарс бериш масъулияти билан қиёслаб бўлмайди». Ўқитувчиликни йиғиштириб қўя қолсаммикан деган хаёлга борган пайтлари ҳам бўлганлигини яширмади. Талабалар ҳамда ногирон ва етим болалар ҳам бор курс тингловчилари олдидаги масъулият ҳисси уни бу фикрдан қайтарди.

Иноятхон ҳар иккала касбни бирдек яхши кўриши рўй-рост сезилиб турарди. У эндиликда бош бухгалтер, аудитор, тадбиркор, консалтинг компанияларининг раҳбари рутбасида фаолият олиб бораётган собиқ талабалари ҳақида фахр билан гапирар экан, уларнинг аксарияти институтни тамомлар-тамомламас ишга таклиф қилинганлигини ҳам айтди. Бухгалтерия ҳақида сўз борганда Иноятхон бутунлай ўзгариб кетади, ҳаяжонини яшира олмай қолади. «Ўқитувчилик қизиқарлироқми ёки бухгалтерлик?» деган саволга шу заҳоти бухгалтерлик деб жавоб беради. «Одамлар билан, айниқса талабалар билан ишлаш ниҳоятда кўнгиллидир! Уларнинг ютуқларидан беҳад шодланаман, ўқишдаги кўнгилсизликларидан уларнинг ўзидан ҳам кўпроқ куйиниб кетаман. Улар билан мулоқотда бўлиш менга кўп нарса беради, кўп нарсага ўргатади ҳам. Бор билимимни, тажрибамни ўртоқлашиш ўзимга ҳам ёқади. Босиб ўтилган ҳаёт йўлига назар ташлаганимда ҳеч қачон ўқитувчилик қиламан деб ўйламаганим ёдимга тушади. Ҳамиша фикри-зикрим бухгалтер бўлиш эди. Ғалатироқ туюлса ҳам айтақолай, бухгалтерия ҳисоби юритишдан чинакам завқ ва ҳузур-ҳаловат оламан. Балансда хатолик топиб, уни тузатдинг дейлик – бундай қараганда оддийгина нарса. Аммо шу оддийликдан ҳам кўнглинг тоғдек кўтарилади, маза қиласан!». Иноятхон саволларимга бажонидил жавоб берди, шу баҳонада бошловчи бухгалтерларга тааллуқли қимматли маслаҳатларини ҳам ўртоқлашди.

– Бугунги кунда бухгалтерлик касби, сизнингча, қанчалик машҳур?

– Яхши бухгалтернинг ҳар вақт «бозори чаққон» – ундайларни ҳамиша қидириб юришади. Кўпгина абитуриентлар бу касб нуфузли эканлигини тушуниб, айни шу ихтисосликни танлайдилар. Маълумотларга мурожаат этайлик: Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида 8 мингга яқин йигит-қиз ўқийди, уларнинг 50 фоизи бухгалтерия ҳисобини ўрганмоқда. Бизнинг институтда йўналиш бирмунча бошқачароқ, асосан муҳандислар тайёрлаймиз, бухгалтерия ҳисоби мутахассислиги бўйича ҳар йили 45 киши ўқишни битиради. Лекин уларнинг бари бухгалтерия ҳисобини собитқадамлик билан ўрганишади, келгусида шу соҳада етук мутахассис бўлишни орзу қилишади. Орзулари ушалганлари ҳам кўп эканлиги одамни қувонтиради.

– Талабаларнинг фикрича, бухгалтерия ҳисобида энг мураккаб нарса нима?

– Талабалар кўпроқ бухгалтерия балансини тузишда қийналишади, мураккабликни ҳис этишади. Асосий воситаларни қайта баҳолаш, устав капиталини шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек турли бухгалтерия ўтказмалари борасидаги мавзулар талабаларга баъзан қийинлик қилади. Ана шундай пайтларда амалиёт жуда муҳим, уни янада мустаҳкамлаш ҳам. Таҳсилни охирлатаётган талабаларга иш топиш имконияти бўлса, дарҳол фойдаланинг, ҳисоб соҳаси мутахассисларининг ёрдамчиси бўлиб ишлаш имконияти туғилса, асло бош тортманг деб тайинлайман.

– Бухгалтер бўлиш учун махсус иқтисодий билим зарур деб ўйлайди кўпчилик. Чиндан ҳам шундайми?

– Иқтисодий билим бухгалтерия ҳисобини ўзлаштириш жараёнини енгиллаштириши мумкин дейиш тўғрироқ бўлур эди. Аммо, айтайлик, тиббиёт мутахассиси ёки мусиқачи ҳисоб мутахассиси бўла олмайди деб қатъий айтиб бўлмайди. Ташкил этган курсимизда бунга қадар сартарош бўлиб ишлаган бир қиз ўқиди. Маълум бўлишича, у ҳамиша бухгалтерликни орзу қилган, лекин махсус маълумоти бўлмаганлиги сабабли орзусини амалга оширишга журъат этмаган. Ундаги зўр иштиёқ, мантиқий тафаккур кўникмаси ҳамда сабр-чидам ҳозирги кунда хизмат кўрсатиш соҳасидаги чоғроқ фирмада бош бухгалтер бўлиб ишлаётганлигини таъминлаган омиллар бўлди. Хуллас, энг муҳими бу ишдан сира чўчимаслик, одам ўзини дадил синаб кўравериши керак.

– Институтни эндигина тамомлаб, бухгалтер касбини олганларга нималарни тавсия этган бўлурдингиз?

– Олган билим ва кўникмаларини дарҳол амалда қўллаб кўришни тавсия этаман. Иш қидириш, катта ҳақ тўланмайлиган бўлса ҳам ишга жойлашиб олиш лозим. Бухгалтерияда хизмат пиллапоялари оша юқорилаб боришнинг мураккаблиги йўқ. Энг муҳими сабр ва чидам, меҳнатга бўйин эгишдир. Ҳар қандай бухгалтер, энг аввало, тиним билмай ишлайдиган мутахассисдир. Одам ўз устида ишлаши, билим савиясини ошириб бориши, эришилган марра билан кифояланиб қолмаслиги керак. Бунга ўз касбини чексиз севиши, унга меҳр қўйиши лозим деган талабни ҳам қўшмоқчиман. Ютуқнинг калити, менимча, ана шунда!

Суҳбатдошнинг дил
сўзларини мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди. 

Алла РОМАШКО фотоси.

Прочитано: 3449 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика